Орол денгизидан нима қолди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

АҚШнинг НАСА фазо агентлиги Орол денгизидан сунъий йўлдош орқали олинган янги суратларни чоп қилган.

НАСАнинг Earth Observatory сайтидаги фотосуратларда Жанубий Орол денгизининг шарқий қисми тўлиқ қуриб қолгани акс этади. Мазкур ҳолат тарихда илк бор кузатилаётган даҳшатли тасвирлар сифатида таърифланмоқда.

НАСА тадқиқотчиларига кўра, 2009-2014 йиллар ўртасида сув сатҳи ёғингарчилик миқдорига қараб ўзгариб турган. Жорий йил об-ҳавонинг қуруқ келиши Жанубий Оролнинг шарқий қисми бутунлай қуриб қолишига сабаб бўлган.

Лондондаги Очиқ жамият институтидан Алишер Илҳомов Орол денгизи билан боғлиқ сўнгги ҳолат ортидаги сабабларни ҳамон ўзгармай қолаётган иқтисодий сиёсат билан боғлайди.

"Асосий сабабларидан бири бу Оролга келиб қуйиладиган икки йирик Амударё ва Сирдарё сувларини қишлоқ хўжалиги учун ишлатилишидир. Бу дарёлар сувидан бир неча давлатлар истефода этади. Ўзбекистон асосий истеъмолчи ва бугунги кунда аграр бир давлатдир. Шўролар даврида ҳам қишлоқ хўжалигиги асосланган иқтисод бугун ҳам ўзгаргани йўқ деярли... Қайтага бугунга келиб қишлоқда яшайдиган аҳоли сони ортди. Дунёнинг бошқа ривожланаётган мамлакатларида эса бунинг акси, яъни қишлоқда яшайдиганлар сони камайиб шаҳарлардаги аҳоли ортиб боради. Аксарият рўзғор тебратиш учун қишлоқ хўжалиги билан банд. Энг кўп сув талаб қиладигани эса, ҳамон пахта бўлиб қолмоқда. Пахта ўстиришни эса ҳукумат талаб қилади. Агар фермерларда дейлик танлов бўлганида эди, улар, албатта, сувни ҳисобга олишар ва ўзлари учун манфаатли экинлар ўстиришган бўлар эди", дейди Алишер Илҳомов.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида жойлашган Орол денгизининг бугунги ҳолати дунёдаги энг ёмон экологик ҳалокатлардан бири дея баҳо топган.

Бир пайтлар дунёдаги энг йирик денгизлардан бири саналган Орол 1960 йиллардаги Совет Иттифоқи олиб борган сувни тақсимлаш сиёсати қурбони бўлган. Денгиз йиллар давомида шиддатли суръатда ўз қирғоқларидан чекина борган, аммо унинг катта қисми буткул қуриб битгани илк бор кузатилмоқда.

Бунгача Оролбўйи давлатлари денгизни сақлаб қолиш учун муайян саъй-ҳаракатларга қўл уришди. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам жамғармалар ташкил қилинди, халқаро ташкилотлар ёрдамлар ажратди. Бироқ, пуллар беҳуда сарфланди, деган иддаолар ҳам янгради. Кузатувчилар эса, Оролнинг бугунги аҳволи фақат молиявий имкониятларга боғлиқ эмаслигини айтишади.

"Менимча, бунақа масалаларда қишлоқ хўжалиги ислоҳ қилинмагани асосий муаммодир. Ҳар йили умуман стратегик бир режа ишланмайди, реал бўлмаган талаблар қўйилади. Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати нотўғри, саноат ривожланмаган, ҳамма нарса хом ашёга асосланганича қолмоқда. Умуман, очиқ ва эркин бизнесга имкон йўқ, порахўрлик эса ҳамма соҳада бор. Айнан шунинг учун ҳам, иқтисод қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ, бу эса албатта сувга талабни озайтирмайди. Ўзгаришлар жуда оз", дейди Алишер Илҳомов

Қозоғистон Орол денгизининг ўзига қарашли шимолий қисмини Ўзбекистон тарафидаги жанубий ҳавзадан ажратиб тўғон қурган ва бунинг ортидан денгиз икки қисмга - Кичик ва Катта Оролга ажралиб қолганди. Ҳозир Қозоғистон тарафидан Кичик Оролни кенгайтириш ишлари тўхтамаган ва айни уринишлар боис шимолий қисмдаги сув сатҳи 42 метргача кўтарилган. Ўзбекистон тарафи ҳам шу йўл билан Оролни асраб қолиши мумкин эдими?

"Менимча, ҳа. Албатта, мен бу борада мутахассис эмасман. Аммо, Қозоғистон анчайин самарали бир йўл тутди. Бошқа томондан Қозоғистон ҳукумати фақатгина қишлоқ хўжалигини ривожлантираман деб уринмади, эркинроқ иқтисодга йўл очиб берди ва бизнесга ҳукумат аралашишини камайтирди. Ўзбекистонда эса бундай қилинмади", дейди Алишер Илҳомов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ