Ойгул Бекжон:'Дадам қамоқдан чиқишига ишонаман'

Ўтган ҳафта Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларга доир йирик ҳисоботни эълон қилган Human Rights Watch ташкилоти мухолифатдаги "Эрк" партияси фаоли Муҳаммад Бекжон тақдирига алоҳида эътибор қаратган.

60 ёшли Муҳаммад Бекжон дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналистдир.

У 1999 йил февралида Тошкентда содир этилган портлашларга алоқадорликда гумон қилиниб, Киевдаги уйидан ўғирлаб кетилган.

Муҳаммад Бекжон маҳкамада портлашларга алоқадорлик ҳақидаги айбларни қатъиян рад этган, бироқ унга 15 йиллик қамоқ жазоси берилган эди.

"Эрк" рўзномасининг бош муҳаррири бўлган Муҳаммад Бекжон ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг укасидир.

Муҳаммад Бекжон 2012 йил февралида озодликка чиқарилиши керак эди, аммо муддати тугашига бир ой қолганида у қамоқхона маъмуриятига бўйсунмаслик айби билан яна 4 йилу 8 ойга маҳкум этилган.

Қашқадарё вилоятидаги Косон қамоқхонасида бўлиб ўтган маҳкама жараёнида Муҳаммад Бекжонга қарши унинг уч камерадоши кўрсатма берган.

Human Rights Watch нинг таъкидлашича, бу Ўзбекистонда сиёсий маҳбусларни озодликка чиқармаслик учун қўлланадиган усулдир.

Ўзбек сиёсий маҳбуслари юз тутаётган "мисли кўрилмаган қийноқлар" борасидаги ҳисобот чоп этилиши билан бир вақтда Би-би-си Муҳаммад Бекжоннинг ҳозирда АҚШда яшаётган тўнғич қизи Ойгул Бекжон билан суҳбатлашган.

Би-би-си: Ўн беш йил мобайнида дадангизнинг номи унутилиб кетмаслиги учун сиз қандай ҳаракатлар қилгансиз?

Ойгул Бекжон: Йиллар давомида биз АҚШ Давлат Департаменти ва Ўзбекистондаги Америка элчихонаси билан мулоқотда бўлдик ҳамда Халқаро Амнистия, Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти, Ҳелсинки қўмитаси ташаббуслари билан дадамни қамоқхонадан озод этиш мақсадида ҳаракатлар олиб борганмиз. Биз Америка фуқаролари бўлганимиз сабаб бевосита Конгресс аъзоларига мактублар юбордик, дадамнинг номи юқори мартабали учрашувларда тилга олинишини сўрадик. Икки аёл сенатор сўровлар қилишган. 2006 йилда, Ислом Каримов АҚШга сафар қилганида, мазкур сенаторлар у билан юзма-юз учрашувларида, ундан тўғридан-тўғри дадамнинг тақдири ҳақида сўрашган. Каримов ғазабга келган ва жавоб бермаган.

Би-би-си: Ўзбекистондаги мавжуд тартиб ва қонунлар доирасида тегишли идораларга ҳам мурожаат қилганмисизлар?

Ойгул Бекжон: Биз ўзбек мулозимларининг жиғига тегмаслик учун кўпгина ҳаракатларимизни ҳеч кимга билдирмасдан олиб бордик. Лекин бундан бадтар бўлиши мумкин эмаслигига биз 2012 йилда, дадамнинг қамоқҳона муддатини яна беш йилга узайтиришганидан сўнг ишонч ҳосил қилдик. Қандай маҳфиёна ҳаракат олиб борманг, барибир охир-оқибат бу натижа бермайди. Онамиз Ўзбекистонга бориб, маҳаллий идоралар орқали қамоқхонадаги шарт-шароитлар масаласини ҳал қилишга уринди. Биз бу ердан дадамнинг Ўзбекистондаги қариндошларига пул жўнатиб турамиз, улар эса дадамга керакли нарсаларни посилкада юборишади.

Би-би-си: Америкада, оила даврасида отангизнинг ўрнини қандай сақлаб турибсизлар? Туғилган кунларни биргаликда нишонлайсизларми, мисол учун?

Ойгул Бекжон: Ҳа, тўрт йил олдин, мисол учун, мен дадамнинг туғилган кунида ўғил кўрдим. Бу дадамнинг ягона неварасидир. Тасодиф туфайли ўғлим ҳомиладорлик муддатидан ўтиб, дадамнинг туғилган кунларида туғилди. Биз дадамнинг туғилган кунида албатта йиғиламиз, ҳамма жойда унинг расмлари... Биласизми, бутун ўн беш йилни биз интизорликда ўтказдик. Умид билан яшаш жуда оғир....

Би-би-си: Ўтган йили онангиз, Би-би-сига сиёсий кампаниялар фойда бермаслигини айтган эди. Нега бундай хулосага келган бўлиши мумкин, деб ўйлайсиз?

Ойгул Бекжон: Мен ўйлайманки, онамнинг ҳафсаласи қаттиқ пир бўлган. Чунки унинг айтишича, бутун вақт давомида бирорта, ҳаттоки кичик бир ўзгариш ҳам рўй бермаган. Кимдир айтган эмиш, "оддий бир жиноятчи, ўғри бўлганида, бирор йўл топиб, пул тўлабми, ҳар ҳолда уни аллақачон қамоқхонадан озод этишарди"... "Дадангга келганда, барча ҳаракатларимиз зое кетди", дейди онам. Лекин кейинчалик мен онамни "бундай қилиш мумкин эмас, биз руҳан кучли бўлишимиз шарт, ҳаракатларимизни давом эттиришимиз керак", деб ишонтирдим.

Би-би-си: Кўпгина инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, дадангизнинг қамоқда бунча узоқ муддат қолишини унинг акаси Муҳаммад Солиҳнинг фаолияти билан тушунтиришади. Сиз бу ҳақда нима дейсиз?

Ойгул Бекжон: Ҳа, биз ҳам шундай ўйлаймиз. Муҳаммад Солиҳнинг уч укаси қамалди, икки укасини озод қилишди. Лекин улар у қадар жиддий фаолият юргизмаганлар, ҳар ҳолда дадам газета муҳаррири бўлган. Дадам бевосита сиёсат билан шуғулланган, мақолалар ёзган. Бундан ташқари дадам бекитмасдан, ҳаммага ўз фаолияти борасида очиқ гапирган. Яъни "мен сукут сақлаб ўтирмайман, ўз ишимни давом эттираман", деб айтган. Онам қамоқҳонада ҳам, учрашувлар вақтида дадам бу ҳақда очиқ гапирганларида, “илтимос, ҳеч бўлмаса бу ерда, ишингиз ҳақида кўп гапирманг" деб сўраган. Бу ҳам ўз ролини уйнаган, деб ўйлайман. Чунки улар дадамнинг иродасини синдирмоқчи бўлишган... Бориб-бориб, руҳан бўлмаса ҳам, жисмонан дадамни синдиришган.

Би-би-си: Яъни дадангиз руҳан ҳанузгача жуда кучли деб айтмоқчимисиз?

Ойгул Бекжон: Қандай айтсам бўлади... Охирги марта онам билан кўришганида у ҳамма қизлари билан дийдорлашишни исташини айтган. Дадам узоққа бормайман, ўлиб қоламан, деб ўйлаган. Шунинг учун онамдан терговчидан рухсат олишга ҳаракат қилишни сўраган. Бу сўзларни дадам икки йил олдин, махфий суддан сўнг айтганди.

Би-би-си: Сиз дадангиз қамоқдан чиқишига ишонасизми?

Ойгул Бекжон: Биз ҳамиша шундай кун келади, деб ишонишни истаймиз. Фақат шу умид билан яшаяпмиз. Умид бир пайдо бўлади, бир сўнади, лекин ҳеч қачон ўлмайди! Қачондир вазият ўзгаришига, ҳозирги ҳолат абадий давом этмаслигига ишонаман. Мен бунга ишонишни жуда хоҳлайман...

Бу мавзуда батафсилроқ