Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Президент Каримов: 'Минор' масжиди учун ҳеч нарсани аямадик

1 октябр куни Президент Ислом Каримов Тошкент шаҳрида қуриб битказилган "Минор" Жомеъ масжидининг очилиш маросимида қатнашган.

2400 намозхон бир вақтда ибодат қилишига мўлжалланган масжиднинг фойдаланишга топширилиши 2014 йил ноябрига режаланган, бироқ бир неча кун олдин янги диний масканнинг қурилиш ишлари Қурбон Ҳайити байрамигача тугалланиши ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Ўзбекистонда Қурбон Ҳайити 4 октябр куни байрам қилинади ва дам олиш куни деб эълон қилинган.

Ҳайит арафасида Анҳор соҳилидаги янги жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтган.

Қуръони Карим тиловат қилинган.

Бу маросимда Президент Ислом Каримов, янги масжид "мана шундай мард, ҳар доим бунақа қийинчилик пайтларда матонат кўрсатган, чидамлилик кўрсатган халқимиз учун", деб айтган.

"Ҳеч нарсани аяганимиз йўқ. Ким учун? Мана шу ерга, мана шу муқаддас жойга келиб тоат-ибодатларини бажарадиган мўмин-мусулмонлар учун. Ман шахсан президент бўлиб ўзимни бурчимни бажаргандай бўламан", деб айтган жаноб Каримов.

"Энг муҳими, одамлар рози бўлиб яшаётганининг сабаби нимада, деб мандан сўраса, ман ҳеч иккиланмасдан айтаман: Оллоҳнинг буюриши. Ўзи асраяпти, Ўзи очиб бераяпти бизларнинг йўлимизни", деган Президент Каримов.

Масжид давлат бюджети ва Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси томонидан молияланган.