‘Руслан Чагаев Луис Ортис билан жанг ўтказсин’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Боксчилар зиммасига бундай масъулиятни Бутунжаҳон Бокс Уюшмаси (WBA) юклаган.

Руслан Чагаев жорий пайтда профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида мунтазам жаҳон чемпиони камари соҳиби саналади.

35 ёшли кубалик боксчи эса, шу йил сентябр ойида Лас-Вегасда бўлиб ўтган жанги ортидан, худди шу тасниф ва тоифада муваққат чемпионликни қўлга киритган.

Ўзбекистонлик номдор боксчининг ўзи ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида ушбу хабарларни тасдиқлади.

Унинг айтишича, уюшма махсус қўмитаси музокаралар учун ўзларига бир ой муҳлат берган.

Руслан Чагаевга кўра, бу ҳақда куни-кеча огоҳ бўлишган ва ҳозирча икки ўртада музокаралар бошланмаган.

Луис Ортис жамлоғи билан ижобий бир тўхтамга келган тақдиримизда ҳам, WBA тартиб-қоидаларига мувофиқ, мен ундан аввал, дейлик, келаси йил бошларида яна бир жанг ўтказишим лозим бўлади.

Унда WBA рейтингида юқори ўнликда турган боксчилардан бири билан рингга чиқаман, дейди ўзбекистонлик боксчи.

Хабарларга кўра, агар, томонлар бўлажак жанг хусусида бир тўхтамга келишолмаса, Жаҳон Бокс Уюшмаси бошқа даъвогарларга чақириқ ташлайди.

Жаҳон чемпиони

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

36 ёшли Руслан Чагаев ўзининг жаҳон чемпионлиги учун бўлган сўнгги жангини шу йил июн ойида ўтказган.

Жанг Чеченистон пойтахти Грознийда бўлиб ўтган ва Руслан пуэрто рикалик рақиби Фрес Окендога қарши рингга чиққанди.

Ҳакамлар якдиллик билан устунликни Руслан Чагаевга беришган ва ўзбекистонлик боксчи ўз профессионал карьерасида иккинчи бор жаҳон чемпиони бўлганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Руслан айни шу жангини дастлаб Луис Ортисга қарши ўтказиши лозим бўлган.

Аммо кубалик боксчининг промоутери билан боғлиқ сабаблар туфайли, бу иш амалга ошмай қолганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Руслан Чагаев ҳозир ҳам эркин агент мақомида Олмонияда яшаб, бокс билан шуғулланиб келади.

Аммо 2012 йилдан буён ўз жангларини эркин агент мақомида ўтказиб келаётган ўзбекистонлик боксчи ўтган йилдан буён Чеченистоннинг Аҳмат Ҳожи Қодиров номидаги бокс клубини намоён этади.

Ундан олдин эса, Руслан ўн йилча Германиянинг Universum Box-Promotion клуби промоутерлиги остида рингга тушиб келган.

Қисқача статистика ўрнида

Руслан Чагаевнинг профессионал боксда ўтказган жаъми жанглари сони ҳозир 35 тага етган.

Шундан 32 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасида дуранг натижа қайд этган.

Янги жанги учун музокаралар олиб бориши лозимлиги айтилган кубалик рақиби Луис Ортис эса, профессионал рингда жаъми 23 та жанг ўтказган бўлса, ҳозирча, мағлубият аламини татимаган.

Ҳаваскор боксда ҳам бир неча бор Осиё ва Жаҳон чемпиони бўлган Руслан Чагаев профессионал боксда ҳам ўз вазн тоифасида дунёдаги энг кучли боксчилардан бири саналади.

Руслан Чагаев жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритгач, Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида собиқ рақиби, WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида суперчемпион бўлган украиналик таниқли боксчи Владимир Кличко билан жанг ўтказиш режасида эканини ҳам айтганди.

Руслан яна рингга тушишни ният қилаётган украиналик номдор боксчи жорий пайтда профессионал бокснинг WBO, WBA ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони ҳам ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ