Ўзбекистон сайёҳлик учун хавфсиз эмасми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистонда туризм бизнеси йилдан-йилга ривожланаётгани айтилади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ишонишича, ҳар қандай мамлакатда туризмни ривожлантириш учун энг аввало тинчлик ва хафсизликни таъминлаш зарур.

Бу ҳақда жаноб Каримов кеча Самарқандда Жаҳон сайёҳлик Ташкилоти Ижроия Кенгаши 99-чи сессиясининг очилиш маросими чоғида қилган чиқишида маълум қилган.

Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг бу галги йиғини "Буюк ипак йўли - халқаро туризмни ривожлантиришнинг янги истиқболлари" мавзусига бағишланган.

Ўзбекистон президенти жумладан шундай деган: "Халқаро туризмни ривожлантириш ва унинг самарадорлигини белгилайдиган энг муҳим омиллар, ҳеч шубҳасиз, бутун дунёда, турли минтақаларда, сайёҳларни қабул қиладиган ҳар бир давлатда тинчлик, хавфсизлик, сиёсий ва иқтисодий барқарорликни таъминлашдан иборат бўлиб қолмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизм, тобора авж олиб бораётган радикализм, маҳаллий урушлар ва бир жойдан иккинчи жойга боришда хатарлар пайдо бўлаётгани туризмни ривожлантириш борасидаги ҳар қандай саъй-ҳаракатни йўққа чиқарадиган тўсиққа айланганини исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ ва биз буни аниқ мисолларда кўряпмиз".

Мамлакатда бир томондан хавфсизликни таъминлаш ва иккинчи томондан туризмни ривожлантириш қанчалар имконли?

Би-би-си ушбу саволни Лондонда инглиз тилида нашр этилувчи Очиқ Марказий Осиё журнали муҳаррири Марат Аҳмеджановга берди:

Марат Аҳмеджанов: Мен хавфсизлик даражасини етарлича баланд ушлаш билан бирга сайёҳларнинг юқори оқимини таъминлаб туриш мумкинлигига дунё бўйлаб етарли мисоллар бор, деб ўйлайман. Бундай мисолларни Қозоғистон мисолида ҳам келтириш мумкин. Мисол учун, жорий йилда Қозоғистон сайёҳларнинг мамлакатга келишини бутунлай осонлаштириб ташлади. Қозоқ ҳукумати дунёнинг энг ривожланган 20 давлати фуқароларига виза тартибини бутунлай бекор қилди. Бунинг самарасини аллақачон кўриш мумкин. Охирги ойларда Қозоғистонга, айниқса унинг энг йирик шаҳри Олмаотага келаётган сайёҳлар сони сезиларли даражада ошди. Айни ўрнакни Қирғизистонда ҳам кузатиш мумкин. Қирғизистон дунёнинг 48 давлати фуқароларига визани буткул олиб ташлаган. Аммо, кўряпмизки, бу мамлакатларга четдан ҳеч қандай таҳдид бўлаётгани йўқ. Қозоғистон, Ўзбекистон сингари, ҳам ташқи ва ҳам ички таҳдидларга етарлича жиддий эътибор бераётган эса-да, сўнгги тажриба сайёҳларга дарвозаларни очишдан ҳеч қандай хавф бўлмаслигини яққол кўрсатди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Бугунги кунда Ўзбекистонда 900га яқин сайёҳлик фирмаси фаолият юритади.

Би-би-си: Ўзбекистонда сайёҳликни ривожлантириш ва ундан даромад кўриш имконлари Қозоғистонга қараганда анча кўпроқ. Лекин, нега Ўзбекистон ҳукумати бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашади, деб ўйлайсиз?

Марат Аҳмеджанов: Менинг назаримда, бу ҳолат Совет давридан сақланиб қолган. Шўролар даврида хорижликлардан қўрқув ва уларга ишонмаслик ҳисси шаклланган эди. Совет ҳукумати хорижликлар мавжуд тузумни бузиб юборишлари мумкин деган қўрқув бор эди. Аммо, компютер технологиялари ва телевидение ривожланган ҳозирги замонда дунё бўйлаб бу хавф деярли қолмади ҳисоб. Яъни, мазкур хавф кун тартибидан олиб ташланган. Лекин, Ўзбекистон ўша эски тафаккурдан чиқа олмаган.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистон ҳукумати дунёда сайёҳликдан яхши даромадлар кўриш мумкинлигини билмайди, деб ўйлайсизми?

Марат Аҳмеджанов: Бу қўрқув. Ахборотнинг чиқиб кетишидан қўрқув. Сайёҳликни ривожлантириш бўйича хорижий мутахассисларни улар мамлакатга хорижий газеталарни олиб кирганлари учун Ўзбекистондан чиқариб юбориш ҳоллари кузатилган. Баъзи хавфсизлик мулозимлари, ҳаттоки, хорижликлар Ўзбекистон обрўсини туширадиган хабарларни тарқатишмоқда, деб хулоса қилишгача борганлар. Лекин, мен бундай қўрқув асоссиз деган фикрдаман. Чунки, интернет, айниқса телефон интернети устидан Ўзбекистонда тўлиқ назорат ўрнатилгани йўқ ва инсонлар, барибир, ўзлари истаган маълумотни олишга муваффақ бўлмоқдалар. Шунинг учун, қўрқиш керак эмас. Ўзбекистон мулозимлари, айниқса, Ташқи ишлар вазирлиги, янгиликдан қўрқмаслиги керак, деб ўйлайман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ