Мулла Умар барибир Исломий давлат қурмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбарининг айтишича, бунинг учун барча – ҳам ҳарбий ва ҳам сиёсий воситаларини ишга солишади.

Мулла Муҳаммад Умар бу ҳақда Ийд ал Адҳа муносабати билан Афғонистон халқига йўллаган табрик мактубида баён қилади.

Ҳаракат раҳбарига кўра, бундан кўзлаган асосий мақсадлари Афғонистонда Америка ишғолига чек қўйиш ва қудратли Исломий давлат барпо этиш.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Толибон ҳаракати 90-йиллар бошларида қўшни Афғонистонда Исломий Амирликка асос солишга муваффақ бўлган.

Аммо улар барпо қилган Исломий давлат орадан бир неча йил ўтиб, 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги кучлар томонидан ағдарилган.

Ҳаракат раҳбарининг сўнгги баёнотида айтишича, айнан АҚШ ишғолига чек қўйиб, Афғонистонда яна Исломий давлат барпо этиш учун бор саъй-ҳаракатларини ишга солишда давом этишади.

Мулла Муҳаммад Умарнинг бу каби баёноти эса, Афғонистонда янги миллий бирдамлик ҳукумати қудратга келишидан бор-йўғи бир неча кун ўтиб янграмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Толибон янги Афғонистон президенти расман қасамёдга келтирилган ўтган душанба кунидан буён кетма-кет қатор худкушлик ҳужумлари уюштиришга муваффақ бўлган.

Бу каби ҳужумларининг аксарияти эса, Афғонистоннинг бошқа минтақалари билан таққосланганда ниҳоятда кучли қўриқланувчи пойтахт Кобулда юз берган.

Афғонистон Толибон ҳаракати қўшни Афғонистонда қудратга келган янги миллий бирдамлик ҳукуматини “АҚШ томонидан ташкиллаштирилган риёкорлик атаб, унга қарши курашини давом эттиришлари”ни баён қилган.

Афғонистонда бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан ҳам, бир неча минг сондаги хориж аскари ва қатор ҳарбий базаларининг қолишига қонуний асос яратувчи янги хавфсизлик битимини, “шубҳали, ёвузона бир иш”, - дея баҳолаганди.

Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати эса, Толибон масаласида энг аввало музокаралар танловига устиворлик беришини эълон қилди.

Аммо ҳаракат билан шу пайтгача турли даражада олиб борилган мулоқотлар афғон можаросига якуний ечим топиш даражасида иш бермаган.

Таҳлилчи муносабати...

Image caption Лондондан Мудофаа масалалари бўйича етакчи халқаро таҳлилчи Пол Рожерс

Халқаро таҳлилчиларга кўра, Мулла Муҳаммад Умар ўзининг сўнгги баёноти билан мавжуд вазиятда барча рақиб томонларга ҳаракатининг асосий мақсадини яна бир бор эслатмоқчи.

Афғонистонда АҚШ ишғолига чек қўйиш учун бор кучини ишга солиши баробарида, мамлакат сиёсий ҳаётида ҳам ўз сўзига эга куч эканини яна бир бор ёдларига солмоқчи.

Лондондан Мудофаа масалалари бўйича етакчи халқаро таҳлилчи Пол Рожерс Мулла Муҳаммад Умарнинг сўнгги баёноти хавфли, деган фикрда.

“Бу – толибларнинг ҳозир шундоқ ҳам авжида бўлган амалиётларининг янада жонланишига ёрдам беради. Толибон раҳбарияти орасида Ашраф Ғани Аҳмадзайнинг аввалгисига қараганда, кучли президентга айланишидан хавотирлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ҳам ҳаракат ҳануз фаол экани ва Афғонистон келажагига бефарқ эмаслигини англатиб қўймоқчи”, - дейди таҳлилчи.

Пол Рожерсга кўра, Толибон шу пайтгача Афғонистоннинг қатор вилоятлари, айниқса, жанубий Ҳелмандда енгиш қийин куч эканини амалда исботлаб қўйган ва сўнгги баёнотининг энг ақлбовар қилмас жиҳати ҳам шундаки, 13 йиллик ҳарбий амалиётлар ортидан ҳам, ҳаракат, барибир, Исломий давлат қуришига ишонади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Tаҳлилчи, ўз ўрнида, ҳозирги шарт-шароитни назарда тутиб, ҳаракат аввалгидек бутун Афғонистон бўйлаб Исломий Амирлик барпо эта олмайди, деган фикрда.

Аммо, унинг айтишича, толиблар қандай йўл билан бўлмасин, Афғонистон, айниқса, жанубий ва жанубий-шарқий вилоятлар бошқарувида катта ўрин тутишга уриниб кўришади.

Чунки улар ҳануз Афғонистонда катта кучга эга ва хавфсизлик билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин бўлган куч, дейди халқаро таҳлилчи.

“Реал воқеълик шундайки, Толибон ҳануз мутлақ даф этилмаган. Улар ҳалиям катта сонда Афғонистонда ҳозир ва мамлакатнинг аксарият чекка ҳудудлари, айниқса, жануби, жанубий-шарқида катта таъсирга эга”.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, сўнгги президентлик сайлови билан боғлиқ қарийб олти ойга чўзилган бўҳрон бутун Афғонистон бўйлаб Толибоннинг янада кучайишига сабаб бўлган.

Ҳаракат охирги ойларда Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош шарқий вилоятлари қолиб, Марказий Осиё чегараларига яқин шимолий минтақаларида ҳам кетма-кет ҳужумлар уюштиришга муваффақ бўлмоқда.

Узоқ муддатга бўлмаса-да, қатор туман ва қишлоқларни босиб олишнинг ҳам уддасидан чиқмоқда.

Худди шу ҳужумлар манзарасида айрим маҳаллий масъуллар Ироқдаги “Исломий Давлат” жиҳодий гуруҳи жангариларининг қадами Афғонистонга ҳам етганига оид даъволар билан чиқишганди.

Толибон ва "Исломий Давлат"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аммо Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар ўзининг сўнгги баёнотида яқинда Ироқ ва Сурия ҳудудларида ўзининг Исломий халифалигини барпо этган “Исломий Давлат” гуруҳи ҳақида бир сўз демайди.

Ҳаракат Суриядаги жиҳодий гуруҳларга қаратилган ва яқинда эълон қилган хос баёнотида ҳам на-да “Исломий Давлат” ва на-да улар асос солган Исломий халифатни тилга олганди.

Толибон худди ўзининг яқин иттифоқчиси “ал-Қоида” тармоғи каби бу гуруҳларни ораларидаги зиддиятларга барҳам бериш учун хос шўро тузишга даъват этган, аммо “Исломий Давлат” бу каби воситачилик уринишларига заррача бўлсин, аҳамият бермаганди.

“Исломий Давлат” гуруҳи эса, шу йил июн ойида эълон қилган баёнотида “ўзлари барпо этган халифаликнинг бошқаруви ва қўшинлари қай бир ҳудудга етиб борса, ўша ердаги барча амирликлар, гуруҳлар, давлатлар ва ташкилотларнинг қонунийлиги йўққа чиқажаги”ни баён қилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Халқаро кузатувчиларга кўра, икки гуруҳ ўртасидаги зиддиятли нуқта – худди шу масала бўлади ва ўзини ҳали-ҳануз Исломий Амирлик сановчи Афғонистон Толибон ҳаракати ҳеч қачон бунга рози бўлмайди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати истисно, минтақада фаол бўлган бирор бир йирик жиҳодий гуруҳ шу пайтгача “Исломий Давлат” гуруҳини дастаклаш ёки улар асос солган Исломий халифат таркибига кириш-кирмасликлари хусусида ҳеч қандай баёнот билан чиқишмаган.

Бу жиҳодий гуруҳлар, шунингдек, ўзларининг иттифоқчилари бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати томонидан яқинда эълон қилинган ва уларнинг “Исломий халифат билан бир сафда” эканликлари билдирилган сўнгги баёнотига ҳам бирор бир муносабат билдиришмаган.

Халқаро таҳлилчи Пол Рожерс эса, жорий пайтда “Исломий Давлат” жиҳодий гуруҳи ва Афғонистон Толибон ҳаракати орасида тўғридан-тўғри алоқа йўқ, деган фикрда.

“Исломий Давлат” бутун дунёда Исломий халифалик барпо этишни истайди. Толибон ҳаракатини эса, ташқи дунёдан кўра, кўпроқ Афғонистон қизиқтиради. Толиблар ўта исломий бўлиш билан бирга, миллатчи гуруҳ. Худди шунинг учун ҳам бу гуруҳлар бир-биридан анчайин фарқ қилади. Ораларида қачондир, қандайдир бевосита алоқалар бўлиши мумкиндир. Аммо уларнинг ягона бир иттифоққа киришларига ишонмайман”, - дейди халқаро таҳлилчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

"Исломий Давлат" гуруҳи эса, ўтган бир неча ойнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги катта ҳудудларни босиб олган.

Яқинда ўз назорати остидаги минтақаларда Исломий халифат эълон қилган ва уни кенгайтириш истагини ҳам ошкора баён этиб келади.

Шу мақсадда турли ижтимоий мулоқот тармоқлари орқали ўзининг ташвиқот амалиётларига ҳам зўр берган.

Агар, АҚШ Жосуслик Марказининг сўнгги ҳисоб-китобларига таянилса, шу йил июн ойидан буён ўз жангарилари сони бир неча баробарига кўпайтирган.

Ҳозир "Исломий Давлат" аъзоларининг сони 30.000 дан ортгани тахмин қилинади.

Марказий Осиё минтақаси дохил қатор собиқ Шўро давлатларидан ҳам кўнгиллиларнинг гуруҳ сафларида жанг қилиш учун Ироқ ва Сурияга кетишаётганига оид хабарлар бор.

"Исломий Давлат" қатор Ғарб ва минтақа мамлакатлари фуқароларини ҳам асирга олишга муваффақ бўлган, улардан айримларини ошкора қатл ҳам этган.

Ўзи босиб олган ҳудудларда сунний бўлмаган мусулмонлар ва ўзга дин вакилларини кескин қатағон қилишни бошлаган.

Буларнинг барчаси ортидан, яқинда АҚШ гуруҳни яксон этиш учун қатор Оврўпо ва Яқин Шарқ давлатлари иштирокида ҳарбий коалиция тузган.

Гуруҳнинг Ироқ ва Суриядаги мавқеъларига қарши ҳаво ҳужумлари кўламини янада кенгайтирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ