Мусулмонлар Қурбон Ҳайитини нишонлашмоқда

Image caption "Минор"даги Ҳайит намозида 10 мингга яқин одам иштирок этгани айтилмоқда

Саудия Арабистонида икки миллион мусулмонлар бу йилги Ҳаж амалининг шайтонга тош отиш рукнини адо этишаркан, дунё бўйлаб уларнинг диндошлари Ийд ал-Адҳа ёки Қурбон байрамини нишонлашмоқда.

Тош отиш маросими Маккаи Мукаррамадаги Масжидул-ҳарамдан тақрибан 5 чақирим шарқдаги Мино водийсида бўлиб ўтган.

Эҳром кийган зиёратчилар катта жамра (девор) га тошчалар отиш учун Мино чегарасига оқиб боришаркан, Минога олиб борувчи барча йўллар хавфсизлик кучлари томонидан тўсиб қўйилган.

Якшанба ва душанба кунлари яна икки жамрага тош отиш маросимларидан сўнг Ҳаж зиёрати ниҳоясига етади.

Шайтонга тош отиш маросими бошланаркан, давлат матбуоти ўзбекистонлик ҳожиларнинг Маккадан мамлакат Президенти Ислом Каримов номига йўллаган мактубларини эълон қилган.

Ўзбекистон ҳожилари номидан муфтий Усмонхон Алимов имзолаган мактубда ҳожилар Президент Каримов ҳаққига дуо қилишган.

"Биз, ўзбекистонлик ҳожилар она диёримизнинг келажаги буюк ва ёруғ, халқимиз ҳаёти янада фаровон, Сизнинг раҳнамолигингизда амалга оширилаётган барча хайрли ишлар бардавом ва баракотли бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуода бўлмоқдамиз...

Ушбу баракотли онларда Сиз, муҳтарам Президент Жанобларига мустаҳкам саломатлик, бахт-саодат, она Ватан тараққиёти, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлидаги хайрли ишларингизда Яратганнинг Ўзи мададкор бўлишини сўраб дуолар қилиб қоламиз", дейилади мактубда.

Image caption Минода Ҳажнинг сўнгги рукнларидан шайтонга отиш отиш маросими бошланган

Ўзбекистонда бу йилги Қурбон Ҳайити Тошкент марказидаги янги йирик масжиднинг очилиши манзарасида нишонланмоқда.

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, уч минг кишига мўлжалланган "Минор" масжидида биринчи намозни ўқиш учун бир неча баробар кўп одам йиғилган.

Масжид атрофидаги майдон намозхонларга тўлиб кетгани айтилади.

Ўзбекистонликлардан баъзиларининг ижтимоий тармоқ сайтларида ёзишларича, "Минор"даги Ҳайит намозида 10 мингга яқин мусулмонлар ҳозир бўлишган.

Ўзбекистондаги нашрлар ҳам "Минор"даги намозхонлар сонининг "бир неча баробар кўп" бўлгани ҳақида ёзмоқда.

1 октябр куни Президент Ислом Каримов томонидан очиб берилган масжид 1998 йилда дин эркинлиги тўғрисидаги янги қонун қабул қилинганидан буён Ўзбекистонда бунёд этилган саноқли масжидлардан бири бўлган.

Facebook фойдаланувчиси Davronbek Tojialiyev нинг ёзишича, "масжидда 3-4 ёшлик болакайлардан тортиб, қари отахонларгача эмин-эркин ибодат қилишган".

Ҳайит арафасида янги қурилган масжидга намозхонларнинг таклифнома асосида киритилиши ҳақида хабарлар тарқалган, аммо Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси бу хабарларни рад этган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Москвадаги Қурбон Ҳайити намозида 130 минг одам иштирок этгани хабар қилинган. Москванинг марказий масжидига сиғмаган мусулмонлар барча ёндош кўчаларни эгаллашган.
Image caption Афғонистон Президенти Ашраф Ғани мамлакат ҳалқини бирдамликка чақирган
Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Тайванда Ҳайит намозига чиққан болакайлар

Бу мавзуда батафсилроқ