Ўзбек ҳукумати ўзбек жиҳодчилари борасида нега жим?

Ўзбекистон ҳукумати, хусусан, қўшни қирғиз ҳукуматига солиштирилса, ўз фуқароларининг Ироқ ва Суриядаги жиҳодга қўшилишлари борасида бирон расмий муносабат ё мурожаат билан чиқмаяпти.

Шу кунларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзини Исломий Давлат деб атаган жиҳодчилар гуруҳига ўз дастагини изҳор қилди.

Бироз аввал Суриянинг Раққа шаҳридаги ҳаво ҳужумларда 17 Ўзбекистон фуқароси ўлдирилганини хабар қилинди.

Сентябрь охирида чоп қилинган видеода афтидан Сурияда бўлган ёш жиҳодчи ўзбек йигитлар русча сўзларни аралаштириб гапирган ҳолда ўз ватандошларини жиҳодга чорлайдилар.

Ўзбек жиҳодчиларнинг сафи бойиб борар экан, Ўзбекистон раҳбарияти нима учун жим? Би-би-си бу савол билан Ўзбекистон президентининг собиқ маслаҳатчиси, сиёсатшунос Рафик Сайфуллинга боғланди.

Сайфуллин: Анъанага биноан, Ўзбекистонда бизнинг республикамиздан йироқда бўлаётган ҳодисаларни расмий тарзда ёки жамотчилик учун шарҳлашмайди. Бунинг сабабларини тушунса бўлади, чунки ҳар қандай шарҳ ёки баҳо бериш ҳаракатини ўша юртлардаги вазиятга таъсир қилиш ҳаракати дея талқин қилишлари мумкин. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон, хусусан Ироқ ва Сурияда кечаётган воқеаларга аралашмаяпти. Лекин, хавотир мавжуд. Ўзбекистон ҳукуматига ҳам, жамоатчиликка ҳам Исломий Давлат амалга ошираётган безориликлар ёқмаяпти. Биздаги саъй ҳаракатлар асосан худди шундай воқеалар ўзимизнинг Ўзбекистонда қайтарилмаслигини таъминлашга қаратилган. Дунёдаги ҳар қандай зиддият Ўзбекистонда ўрганиб чиқилади, тадқиқ ва таҳлил қилинади, лекин, бу дегани - ўзбек ҳукумати очиқча муносабат билдиришга мажбур дегани эмас.

Би-би-си: Сиз бу воқеалар Ўзбекистондан йироқда бўлаяпти деяпсиз. Лекин, унинг Ўзбекистонга боғлиқлигини инкор қилмасангиз керак. Ўтган ҳафта Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Исломий Давлатни қўллаши ҳақида баёнот чиқарди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи sayfullin
Image caption Рафик Сайфуллин ўзбек жангарилар Ўзбекистонда эмас, балки ҳорижда ёлланишларини айтади

Сайфуллин: Нима демоқчи бўлаётганингизни тушуниб турибман. Булар маълум, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг мавқеи ҳам маълум. Бу ҳаракат монолит, яхлит ташкилот эмас, балки тарқоқдир. Бу ҳаракатга ҳар қандай этник гуруҳлар қўшилган, унинг тарқибида фақат ўзбеклар бўлмаса ҳам, бари Ўзбекистон Исломий Ҳаракати дея тақдим қилинади. Улар Исломий Давлатни қўллашаётганининг ҳеч ажабланарли томони йўқ. Сиз ҳақсиз, бу муаммо нафақат бир минтақанинг муаммоси, балки дунё миқёсидаги муаммодир. Ўзбекистон бу муаммонинг ўзига тааллуқли бўлган томонига катта эътибор қаратмоқда, унинг бизнинг минтақамизда пайдо бўлмаслиги йўлида иш олиб бораяпти. Мен шу кунларда Хитойдан қайтиб келдим, у ердаги ҳамкасбларим ҳам ўз мамлакатларидаги радикализм ва экстремизм унсурларидан жиддий хавотирга тушганлар, чунки энди бу муаммо уларга ҳам тааллуқли. Хитой ҳам бу муаммони яқиндан кузатаяпти, лекин очиқча баёнотлар билан чиқишдан ўзини тийиб турибди.

Би-би-си: Жиҳодчилар сафи ўзбек жангарилари билан бойиб бораётгани сир эмас. Жиҳодчилар видеоларида ўзбекистонлик йигитлар ҳатто "разведка", "подкрепление" деган русча сўзларни қўллаб чиқишлар қилишаяпти, яъни улар айнан ўзбекистонлик ўзбеклар. Мана шу каби жангариларнинг оқимини тўхтатиш учун Ўзбекистоннинг ичида қандайдир дастури амал ё янги стратегия ишлаб чиқилганми?

Сайфуллин: Бу ерда бир аниқлик киритиш керак. Улар аслида Ўзбекистондан кетишмаяпти. Улар учинчи давлатлардан кетишади. Уларни Россияда ёллаш ҳоллари кўп. Покистоннинг радикал ҳудудларидаги ўзбеклар ҳам шу оқим ичида бор. Ҳа, улар этник ўзбеклар ва эҳтимол, паспортлари ҳам Ўзбекистонники. Лекин, бизда назорат кучайтирилган. Бу йигитлар учун ортга, Ўзбекистонга йўл ёпиқ. Улар ўзлари амалга ошираётган ноинсоний ҳаракатлари учун бу ерда дарҳол ҳибсга олинадилар. Бу одамлар уруш одамлари, улар у ҳудудларга одам ўлдириш эвазига пул ишлаш илинжида йўл оладилар. Мен улар чин дилдан худога ишонадилар ва ўз эътиқодлари йўлида курашадилар деб ўйламайман. Ўнлаб ёшлар мана шу йўлда пул ишлаяптилар.

Би-би-си: Лекин, улар барибир Ўзбекистондан чиққан ёшлар. Бу ёшлар сафи кенгаймаслиги учун Ўзбекистоннинг ўзида ёшларга мурожаат қилинаяптими?

Сайфуллин: Миллионлаб меҳнат муҳожирлари ҳозирда Ўзбекистондан ташқарида. Агар бир минг одам ичидан бир ярамас чиқса ва жангарилар таъсирига тушса, демак, бу ўнлаб ёшлар дегани. Бизда авваламбор чет мамлакатлар билан алоқаси бўлган ёки ўзга мамлакатларга ишга чиқаётган фуқаролар билан иш олиб бориш керак. Ва бу амалга оширилаяпти, мактаблардан бошлаб олий ўқув юртларигача маънавий ва маърифий ишларни олиб боришаяпти. Масжидлар расман кўп иш олиб бораяптилар, мен масжидларга бориб тураман ва Қурбон Ҳайит муносабати билан масжид имомининг маърузасини тингладим. Бу маърузаларда асл Ислом нима экани, у тинчликсевар дин экани, ҳамда Ироқ ва Сурияда юз бераётган ҳодисалар Исломга буткул ёт нарсалар эканига урғу берилаяпти. Ўз навбатида, албатта махсус давлат идоралари ҳар қандай радикализм бош кўтаришини бартараф қилиш йўлида ҳаракат қилаяптилар. Бизда, афсуски, яхши таълим олмаган, содда, таъсирчан ёшлар бор, лекин айни дамда ҳатто Англиянинг ўзидан ҳам шу жиҳодчилар сафига бориб қўшилаётганлар оз эмас.

Your contact details
Disclaimer