"Минг фаришта ва бир сурат" санъат асарими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Леким Ибрагимов (Сурат Би-би-синики эмас, culture.ru сайтидан олинди)

Ўзбекистонлик рассом Леким Ибрагимовнинг "Минг фаришта ва бир сурат" деб номланувчи мега полотноси Тошкентдаги сайёҳлик кўргазмасида намойиш қилинмоқда. Бўйи 8 метр ва узунлиги 66 метрни ташкил қилувчи мега полотно икки йил олдин Гиннеснинг рекордлар китобига киришга ҳам уриниб кўрган. 10 йилдан ошиқ вақт давомида чизилган суратларнинг йиғиндиси бўлган полотнонинг оғирлиги 22 тоннани ташкил қилади. Тошкентдан таниқли рассом Вячеслав Охуновдан ушбу асарга бўлган баҳосини сўрадик.

Вячеслав Охунов: Менинг фикримча, ҳозир дунё санъатида атракционизм деган йўналиш бор. Санъат шу даражага тушиб кетди. Бу атракцион, яъни кўнгил очиш сўзидан келиб чиққан. Шоуга ўхшайди. Совет даврида ҳам "кимники кўп ва кимники баланд" деган нарса бор эди. Инқилобга қадар Чор Россиясида дунёдаги энг катта ва отмайдиган замбарак ясашганди. Ёки чалинмайдиган энг катта қўнғироқ ясашганди. Ушбу полотно ҳам мана шулар қаторига киради. У баддий функция эмас, балки кўнгилочар функция бажаради. Санъатга кўчирилган спортга ўхшаб кетади. Лекин биз бошқа картинани ҳам биламиз. Бу инсон катталигида чизилган. Уни тошкентлик рассом Николай Сергеевич Шинь яратган. Сталин корейсларни Сахалиндан Қозоғистон ва Ўзбекистон чўлларига кўчирганида қатағон азобларини бошидан кечирган. Ушбу жараённи баландлиги 3 метр ва узунлиги 50 метрлик картинада чизган. Бу жуда ҳам жиддий иш эди.

Би-би-си: Леким Ибрагимовнинг мега полотносини қимматли санъат асарлари қаторига қўшиши мумкинми?

Вячеслав Охунов: Менимча, уни санъат асарига қаторига қўшиб бўлмайди. Гарчи, рассом унинг асари Гиннеснинг рекордлар китобига киради, деган бўлса ҳам биз 5 чақиримлик картиналар чизувчи рассомларни биламиз. Ушбу фаришталар бадиий қиймат касб этмайди. Балки оддий картинка сифатида чиройли бўлиши мумкин.

Би-би-си: Ушбу полотнога Ўзбекистонда қизиқиш қандай?

Вячеслав Охунов: Менга йигитлар телефон қилиб бу ҳақда айтишди. Бу ҳақда реклама қилишмоқда. Мисол учун, Озарбайжон Туркманистон билан кимнинг байроғи катта, деб мусобақалашмоқда. Боку жуда ҳам катта байроқни бўғозга илмоқда. Ашхабодда эса футбол майдонидек байроқни тайёрлаб илишмоқда. Ушбу картинага ҳам шундай муносабатда бўлишмоқда. Унинг ҳажмини муҳокама қилишмоқда. Лекин бирорта одам картинани чиройли экан, бадиий асар сифатида қалбдаги кечинмаларни чизибди, деган гапларни эшитмадим. У ерда уйғур халқи тарихига боғлиқ бўлган ҳеч нарса йўқ. Бўм бўш картинка.

Би-би-си: Лекин, танқидларга қарамасдан, ушбу картина дунёнинг йирик шаҳарларида намойиш этилди ва бу билан жамоатчиликнинг эътиборини тортди.

Вячеслав Охунов: Айримлар унинг исмини билганидан мамнун бўлиши мумкин. Албатта, ҳомий топишнинг уддасидан чиқиб, уни у ер бу ерда намойиш қилишнинг уддасидан чиққани учун мамнун бўлиши мумкин. Аммо, халқаро бадиий эътирофга бошқа нарсалар ва йўллар орқали эришилади. Рассомларнинг музей эътирофи бўлади. Унда ғарб музейлари асарни сотиб олади. Бозор баҳоси бор, аукцион орқали баланд нархда сотиб олишади. Мана шундай парадокслар бор.

Би-би-си: Ушбу мега полотнонинг қийматини қандай баҳолайсиз?

Вячеслав Охунов: Биринчидан, уни ҳеч ким сотиб олмайди. Уни ўрнатиш жуда ҳам мураккаб. Муаллифнинг ўзи, ушбу картинани ундан қисмларга бўлган ҳолда сотиб олишларини ва юз йилдан сўнг қайта жамлашиларини исташини айтган. Бундай нарса бўлмайди. Чунки тушунарсиз фрагментлардан ташкил топган картина ҳеч кимга керак эмас. Уни сотиб олиб катта бир гараж ёки бино қуриб сақлайдиган одам топилиши амримаҳол. Лекин тарихдан биламизки, Клод Моне ўзининг Нилуфарлар асарини чизган ва уларнинг баланлиги 6 метрдан бўлган. У шунчалик чиройли тасвирлаганидан махсус музей қуришган. Лекин, афсуски, бу Клод Моненинг асари эмас-да. Бу шунчаки кўнгилочар нарса. Картинкани кўнгилочар асарлар сингари у ёқдан бу ёққа кўчиришади. Вақт ўтиши билан эскириб у ер бу ерида тешик пайдо бўлиб, алал-оқибат омборга жойлаштиришади. Ушбу полотнонинг тақдири мана шундай тугайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02