Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон сайловлари: "Эски ҳаммом, эски тос..."

Ўзбекистонда сиёсий партиялар томонидан сайловчиларнинг партияни қўллаб-қувватловчи имзоларини тўплаш жараёни якунланди.

Душанба куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам Марказий сайлов комиссиясига парламент сайловида иштирок этиш учун талаб қилинган ҳужжатларни тақдим қилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси хабар қилди.

Шундай қилиб, 21 декабрга мўлжалланган парламент сайловларида тўртта партия - Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси иштирок этиши мумкин.

Янги тартиб-қоидаларга кўра, сайловларда ғолиб чиққан партия мамлакатнинг ижроия ҳокимият бошлиғи, яъни бош вазир номзодини кўрсатиш ҳақига эга бўлади.

Кузатувчиларнинг айтишича Ўзбекистондаги сиёсий саҳна кўппартиявий эканлиги даъво қилинса ҳам, мухолиф партиялар мавжуд эмас.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Суҳроб Исмоилов Би-би-си билан суҳбатда демократик жараёнда мухолифатнинг роли ҳақида гапираркан, мухолифат "ҳукмрон сиёсий кучларнинг жамиятнинг манфаати учун, умумхалқ манфаати учун самарали ишлашига туртки бериши", "уларнинг ўз фаолиятлари давомидаги камчиликларига эътибор қаратиб туриш"га хизмат қилишини айтади.

"Ўзбекистонда мухолифатнинг йўқлигидан жамиятга етаётган энг катта зиён - сиёсий муқобилликнинг йўқлиги. Ижроия ҳокимият ҳамма жабҳада давлат идеологиясини тўлиқ белгилайди. Иқтисодда ҳам, ташқи, ички сиёсатда ҳам. Бу ҳолат 20 йилдан бери давом этяпти. Демак, мухолифатнинг йўқлигидан етаётган зарар - сиёсий муқобилликнинг йўқлиги, одамлар сиёсий қарашларига қараб сиёсий партияларга қўшила олмаслиги, ўз қарашларини сиёсий қарорларда, қонунчиликни қабул қилиш жараёнларига олиб чиқиш имкониятларининг мавжуд эмаслиги", дейди Суҳроб Исмоилов.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сайловчилар сони 20 миллион нафарга етган ва уларнинг сиëсий фаол бўлиб сайловда овоз бериши кутилмоқда.

Таҳлилчи Суҳроб Исмоиловга кўра, 21 декабрда бўлиб ўтиши кутилаётган сайлов жараёнининг 2009 йилгисидан у қадар катта фарқ қилади деб бўлмайди.

"Орадан шунча йил ўтган бўлса ҳам, унақа катта фарқ сезилмайди. Битта айтилгудек фарқни ажратиб кўрсатишимиз мумкин, бу йил биринчи марта Ўзбекистон конституциясига киритилган ўзгаришларга кўра сайловларда ғолиб чиққан энг кўп овоз тўплаган партия мамлакатнинг ижроия ҳокимияти бошлиғи, яъни бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлар экан. Шу ҳолат сиёсий кузатувчилар учун жараёндаги янгилик бўлиши мумкин", дея ўз фикрини билдиради таҳлилчи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02