'Пахтага мажбурлаган шахсга қарши санкция жорий қилинг!'

Ўзбекистондаги ўтган йилги ва жорий пахта мавсумини кузатиб келаётган АҚШнинг Меҳнат вазирлиги ўзининг янги ҳисоботини эълон қилган.

Вазирлик Ўзбекистон ҳукуматидан мажбурий меҳнат сиёсатини қоралашни, бола меҳнатига масъулларни жавобгарликка тортишни тавсия этган.

Расмий Тошкент ратификация қилиб ўз бўйнига олган халқаро ҳужжатлар ижроси ва ҳақиқий вазиятни баҳолаган вазирликка кўра, "Ўзбекистон бола меҳнатининг энг ёмон томонларини бартараф этишда ҳеч қандай силжишга эришмади".

АҚШ Меҳнат вазирлиги ўз ҳисоботининг хулосасини инглиз ва ўзбек тилларида эълон қилган.

Ўзбек тилидагисида нега Ўзбекистон ҳукуматининг энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатини бартараф этишда олдинга силжишга эришмагани ҳақидаги тўхтамга келганини шундай тушунтирган:

"Бола меҳнатини камайтириш бўйича амалга оширилган ташаббусларига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати ушбу баҳони бола меҳнатидан давомий равишда фойдаланиши туфайли олди", дейилади Америка Меҳнат вазирлиги ҳисоботида.

2013 йил пахта мавсуми пайти Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларининг ҳозирлигига қарамасдан, давлат режасини бажариш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати болаларни пахта теришга сафарбар қилди, дейилади ҳисоботда.

Ҳукумат ўтган йили ёши 15 дан кичик болаларни ўқишда бўлишларини таъминлашга ҳаракат қилган бўлса-да, АҚШ элчихонаси ва ноҳукумат ташкилотлар хабарларида 10 яшар болалар пахта тергани аниқланди, дейилади ҳужжатда.

АҚШ меҳнат вазирлиги Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларига ҳукумат расмийлари ҳамроҳлик қилганини, олий ўқув юртлари давоматида кўп сондаги талабалар йўқлиги, пахта тераётган болалар сонини камайтириб кўрсатишга ҳаракат бўлганини қайд этган.

Вазирлик ўз ҳисоботи 2014 йилги пахта мавсумига тўғри келганини айтган ва Ўзбек ҳукумати пахта етиштиришда ҳамон мажбурий меҳнатдан фойдаланишни давом эттираётганини таъкидлаган.

"Бола меҳнатини тақиқлаш бутун мамлакат бўйлаб 18 ёшли коллеж ўқувчилари, университет талабалари, давлат ва хусусий сектордаги ишчиларга босимни кучайтирган", дейилади ҳисоботда.

АҚШ меҳнат вазирлиги Ўзбекистонда бола меҳнатини бартараф этиш йўлида қатор тасвияларни берган, хусусан, улардан бири "18 ёшга етмаган болаларни пахта теримига мажбурлаган, мактабларни ёпишга жавобгар шахсларга қарши санкциялар киритиш"ни таклиф қилади.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас