Tesco мажбурий меҳнатга қарши кампанияга қўшилди

Tesco пахта терими мавсумида Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши кампанияга қўшилди.

Tesco чакана савдо билан шуғулланувчи дуёдаги иккинчи йирик компаниядир.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши петицияни имзолаган номдор ширкатлар сони 150дан ошиб кетди.

Улар орасида Joins Target, Walmart, C&A, Marks& Spencer, Ikea ва H&M каби дуёнинг етакчи брендлари ҳам бор.

Петиция As You Saw нодавлат ширкати ташкиллаштирган лойиҳа асосида йўлга қўйилган.

Responsible Sourcing Network номини олган ушбу лойиҳа Ўзбекистонда пахта йиғими пайтида инсон ҳақларининг бузилиши ва мажбурий меҳнатга қарши қаратилган.

As You Saw ўз кампаниясини ўзбек пахтаси халқаро ярмаркаси бошланиши арафасида йўлга қўйган.

Халқаро ярмарка 14-15 октябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

As You Saw маълумотига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили пахта йиғим-теримига тўрт миллиондан ошиқ одам жалб қилинади.

"Ҳамширалар, давлат хизматчилари ва ўқитувчилар шифохона ва мактабларни ташлаб, пахта теришга ё бўлмаса йирик миқдорда жарима тўлашга мажбурлар", - дейилади ширкат баёнотида.

Шу билан бирга ширкат халқаро ҳамжамият босими натижасида Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатдан фойдаланишда "баъзи ютуқлар"га эришганини айтади.

"Беш йил давомида мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилган тарғибот ишлари оқибатида 7-15 ёшдаги болалар, алалоқибат, дала ишларидан деярли четлатилдилар", - деб таъкидланади баёнотда.

Аммо, Ўзбекистонлик фаолларга кўра, болаларга оид аҳвол бироз яхшиланган эса-да, бошқа жабҳада вазият ёмонлашиб кетмоқда.

Хусусан, ёз пайти ўқитувчи ва шифокорлар ўтоқ ҳамда ягана ишларига, кузда эса пахта теримига мажбурланмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати норозилик билдирган шахсларни турли йўллар билан жазолаш орқали қўрқитиб келади.

Пахта даласида ишлашдан бош тортганлар эса ишини йўқотиб қўйиш ва ё ундан ҳам оғирроқ жазолар қўлланишидан қўрқишади.

Совет давридан давом этиб келаётган бу тажрибани аксар ўзбеклар одатий ҳолат, деб қабул қилишларини айтадиганлар ҳам бор.

Кузатувчиларга кўра, кўп сувталаб ва меҳнатталаб пахта нархи унинг таннархи, яъни пахтани етиштириш учун кетган сарф-харажатни қопламайди.

Шу боис Ўзбекистон ҳукумати уни арзон ёки текин меҳнат эвазига териб олишни истайди.

Халқаро Қулдорлик Кўрсаткичи ташкилоти эса одамларни бу тахлит ишлатиш тажрибасини қулдорликка тенглаштирган.

Бу мавзуда батафсилроқ