МХХ раҳбари Иноятов Хитой билан ҳамкорликни кучайтирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи xinhuanet.com

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг раҳбари Рустам Иноятов Хитой сиёсий ва ҳуқуқий масалалари комиссияси раҳбари Менг Дзиянгжу билан учрашиб, икки давлат ўртасида хавфсизлик борасидаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олган.

Пекинда сешанба куни ўтган учрашувда Жаноб Менг хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот соҳасини "икки-томонлама муносабатларнинг муҳим қисми" эканини айтган ва икки мамлакат хавфсизлик хизматлари ўзаро ҳамкорлик қилиш йўлларини яхшилашлари кераклигини урғулаган.

Хитой расмийси, шунингдек, икки томон хавфсизлигига бўлган умумий таҳдидлар ҳақида гапириб, ўзбек ва хитойлик хавфсизлик хизматлари кўпроқ қўшма аксил-террор ҳаракатларини амалга оширишларини кераклигини айтди.

Жаноб Иноятов, ўз навбатида, Ўзбекистон аксил-террор ҳамкорликни кенгайтириш учун Хитой билан ишлашга тайёр эканини билдирди.

Рустам Иноятов Ўзбекистонда жорий йил бошида Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова томонидан танқид қилиниши ва Каримова хонимнинг уй ҳибсига олиниши ортидан илк бор матбуот камералари қаршисида пайдо бўлмоқда.

Иноятовнинг Хитой расмийлари билан учрашувда хавфсизлик борасидаги ҳамкорликдан Ўзбекистон қандай фойда кўриши, ёки унинг эвазига берилиши мумкин бўлган молиявий кўмаклар ҳақида тафсилотлар очиқланмаган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жорий йилнинг 19 августида Пекинга қилган расмий сафарида хитойлик ҳамкасби билан учрашиб, беш йиллик тараққиёт дастури амалига имзо чекканди.

Уйғурлар масаласи

Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик Хитойда кўпроқ автономия, демократия ва ҳатто мустақиллик учун курашаётган уйғурлар учун ёмон хабар бўлиши мумкин.

Ўзбек хавфсизлик кучлари аллақачон аксил-Хитой чақириқларни тарғиб қилувчи уйғурлар фаолиятини назорат қилиб келади. Бу каби ҳамкорликка ўн йил аввал Хитой ва Ўзбекистон орасида имзоланган "Террорчилик, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш" бўйича келишув асос бўлганди.

Ўзбекистонда уйғурлар сони кўп бўлишига қарамай, бу диаспоранинг ҳажми борасида статистик маълумотлар йўқ.

Расмий Тошкентнинг уйғурлар фаолияти борасидаги мавқеи қўшнилариникидан фарқ қилиб келган. Мисол учун, Қозоғистон ва Қирғизистон уйғурлар ҳаракатларига тўсиқлар қўйишган бўлса-да, амалдаги қонунлар доирасида баъзи фаолиятларини амалга оширишга рухсат бериб келганлар.

Бироқ, Ўзбекистон уйғурларга ўз ҳудудида сиёсий чақириқлар билан чиқишга рухсат бермайди ва буни бартараф қилиб келади.

2006 йилда Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати Канада фуқаролигига эга бўлган собиқ уйғур имом Ҳусайн Жалилни Тошкентда тутиб Хитойга топширганди.

Шарқий Туркистонда мустақиллик учун мафкурафий курашга қўшилган Ҳусайн Жалил ўз рафиқаси қариндошларини кўриш учун Канададан Ўзбекистонга сафар қилганида ҳибсга олинган.

Тошкент уни Хитойга топшириши ортидан, жаноб Жалил террорчиликда айбдор деб топилиб бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум қилинган.

Your contact details
Disclaimer