Тошкентдан мактублар: 'Зулм кечирилмайди!'

Қамоқхоналар қандай?- сўрайди Шукрулло оға.

-Чидаса бўлади.

-Сталиннинг ўлим лагерларига қараганда яхшидир?

- Мен унинг саволига Навоий битиги билан жавоб қайтардим:

"Олтин қафас ичра гар қизил гул бутса, Булбулга тикондек ошиён бўлмас эмиш..."

- Тўғри лекин, бу мен истаган жавобмас.

- "Ҳақни айтмаслик - хиёнат" деган гапингизга қараб сўзлайми?

- Ҳа, албатта.

- Агар иқлими демаса, бу қамоқхоналар у лагерлардан фарқ қилмайди. Ўша - ўша: Қонунсизлик, Ҳақсизлик, Зўравонлик, Калтак, Таҳқир...

- Унчаликмасдир? - гапимни бўлди оқсоқол. - Мен буни ўз кўзим билан кўрдим. Мен бу зулм, қийноқларни ўз бошидан кечирдим.

- Далилсиз гап - жонсиз танага ўхшайди.

- Талай китобга жо бўладиган мисоллар келтиришим мумкин. Айтсам вақт етмайди. Ҳатто бир ой ҳам. Шунга уч-тўрт мисол билан чекланаман.

- Қулоғим сенда.

- 1999 йил 16 феврал куни Тошкентда портлашлар юз берди. Шундан сўнг 3 кун ўтар - ўтмас, мени маҳаллам (Салар) да қора ниқоб кийган каслар ўғирлаб кетишди. Ёруғ кунда, Уриб-тепиб, Бошимга маска кийдириб, Қўлимга кишан солиб... Миллий озодлик учун курашган ва китоблар ёзган ёзувчини шу йил билан банди этишди. Нақадар тубан йўл, Қонунга қарши йўл, Эркка қарши йўл. Мен бошда қора ниқобларни бандитлар деб ўйладим. Аммо?.. Тошкентдан номаълум томонга, 3 соат (балки ортиқдир) йўл босилгач, мени қоронғулик қаърига олиб келиб ташлашди. Шунда мен унинг зиндонлигини сездим. Номаълум зиндон... Бир ярим ой давомида мен бу ерда оёқ-қўлим кишанланган ҳолда ётдим. Калтакдан ҳамма ёғим шишиб, кўкариб кетди. Тирноқларимни қўпоришди. Даҳшатли уколлар қилишди. Уч матра ўлим қопи кийдиришди... Сабаб? Сабаб: "Тошкентни портлатдим" деб ёздириб олиш. Мислсиз босим билан, Мислсиз қийноқ билан, Ҳатто, ҳар қандай тубан йўл билан... - Ишонгим келмайди. - Таққос-ҳақиқат меъзон, сизга қамоқда: "Ватанга ҳиёнат қилдим" деган сўзни ёздириб олиш учун босим ўтказишган. Бироқ куч ишлатишмаган. - Қаердан биласан? - "Кафансиз кўмилганлар" орқали. - Ҳа... Охири нима қилдинг? - Ёзиб бердим. - Қилмаган ишингни-я? - Бир менмас, минг-минглаб тутқун... ёзиб бермаганлар ўлиб қутулишди... Ёзганимдан сўнг, шаҳар прокурори менга (қамоққа олинишим ҳақида) санкция берди. Бир ярим ойни орқага суриб... Бу: Қонунни қайиришми? Синдиришми? Таҳқирлашми? Ўзингиз хулоса чиқаринг. Сохта санкциядан кейин мени номаълум зиндондан Ички Ишлар Вазирлигининг қуёш нури ва ҳаводан мосуво, 15 кундан ортиқ сақланмайдиган ер ости қамоғига олиб тушишди. Олдин - 1994 йилда бу ерда 5 ой 17 кун ётганман. Беш ой-у ўн етти кун!.. Бир менмас. Юзлаб тутқун, Қонундан келиб чиқиб, бир сўз дегин... Синдиради. Ёҳуд... Ёзувчи Эмин Усмоннинг ўлиги қаердан чиққан?. Оддий тутқунларни қўяверинг... Бу гал мени ер ости қамоғида кўп ушлашмади. Тоштурмага, 2 - овулга олиб келишди. Одам устига одам. Оёқ зобитнинг (исмини сир сақлашга сўз берганман) айтишича 27 минг киши. Шундан саксон фоизи диний - сиёсий маҳкумлар. Ҳаммаси 159 - моддаси билан айбланган. Бир оиладан олти - еттитагача банди этилганлар бор. Ўтиришга жой йўқ. Бир ўринга беш - олти тутқун. Емоғи: ювилмаган карам, перловка, оқшоқ, битта - яримта чала артилган чирик картошка... номига ёғ, номига гўшт. Ҳаво етмайди, Сув етмайди, Камера, бадан, уст - бошларни бит, кандала, қурт, сувараклар босиб кетган. Матрас, ёстиқ, бўз простиналарга қон, йиринг, қусуқ доғлари ўтириб қолган. - Ошириб юбормаяпсанми? - Сиз шундай ўйлаяпсизми? - Ҳа. - Афсус... - Давом эт, фақат ҳақни айт. - Юқорида: "Қилмаган ишларни қилдим" деб ёзиб берганлар минг - минглаб дегандим. 9 ой ичида мен бу ерда қайси диний - сиёсий маҳкум билан сўзлашмай, бари "портлашни ўзлари қилишган" дейишди. Навоий, Чирчиқ зоналарида ҳам шу гап. Жаслиқ, Сангородда ҳам. - У ёқларда ҳам тутқунлар кўпми? - Навоийда (46) 4700 та. Чирчиқда (6) ҳам шунча 3 уч қатли шконкалар... ерлар ҳам тўшакларга тўла. Жаслик (камерний систма)да мингга яқин. Сангородда 15 мингдан ортиқ касал ўлим билан олишарди. Яна ўнлаб палаткаларда жон сақлардилар. Эсимда 46-зонада бир ёзги мавсумни ўзида 7 юзга яқин тутқун ичбуруғдан ўлди. Эсимда, Сангородда бир кунда 33 касал жон берди- ҳаммаси ёшлар. Ҳар куни ўлим Ўлим, Ўлим, Ўлим... Агар мустақиллик даврида ўлганлар холис хисобланса, Афғон урушида ҳалок бўлганлардан каммас. Бунга Андижон қирғини қўшилса, буюк бир фожеа кўз олдингизга келади. Буюк фожеа... Тинчлик деган замонда... Зонадагиларнинг учдан бир қисми диний-сиёсий маҳкумлар. 23 та зона... Яна туман, шаҳар, вилоят, турмалари улар билан лиқ. Яна сонсиз-саноқсиз манзил колониялари ва уларнинг сонсиз-саноқсиз филиаллари. Идрок қилинг. Аниқ сон кўз олдингизга келади. Яъни диний-сиёсий маҳкумлар сони. - Эл орасида ҳам: "Ўзлари қилган" деган гап йўқмас, - деди Шукрулло оға, - аммо уларга қарши фикрлар ҳам мавжуд: - Мунчаликка бормас. - Ёлғон. - Исботи қани? - Оға, қамоқхоналарда бунга деярли бир ҳил жавоб беришади: - Замонлар кечсин... - Бироқ Мамадали, "ўзлари қилган" деган иддоа эса: Асоссиз, Қуруқ гап, Туҳмат. Мен беш йил Президент маслаҳатчиси бўлиб ишладим. Ислом Каримов ишчан одам. Элим деб яшайди. Юртнинг обод бўлишини истайди. Албатта уни чалғитувчилар бор, ўрта бузуқлар бор, юрт бузуқлар бор. У бир одам. Унга ҳам қийин. Мен айни шундай гапни Президент аппаратида талай йил ишлаган ёзувчи Ғаффор Ҳотамдан ҳам эшитгандим. Ўшанда мен унга қуйидагича жавоб қайтаргандим: "Ойни этак билан ёпиб бўлмайди". Шундай замон келади. Ҳар ким қилмиши учун: Тарих олдида жавоб беради, Миллат олдида жавоб беради, Зулм кечирилмайди. Қиёматда ҳам! Мен 16 йил 7 ой қамоқда бўлдим. Диний - сиёсий маҳкумларга қилинаётган зуғум, зўрлик, таҳкир, босим дунёнинг бирон-бир давлатида йўқ. Инсоният тарихи ҳам бундай зулмни кўрмаган. Генерал Зокир Алматов даврида Ички ишлар тизими Ўзбекистон қонунларини менсимайдиган, аниқроғи, тан олмайдиган даражага етиб қолди. У ўзини Пиночеттадай ҳис эта бошлади. У ўзини Республика бош прокуроридан ҳам, Олий суду МХХ раисларидан ҳам ортиқ кўра бошлади."Армия"си сафини мислсиз даражада оширди. Маошларини ҳам Нафақаларини ҳам, Мавқеъларини ҳам... Куч биринчи ўринга чиқди. Туҳмат ҳам... Ақл,онг, идрок, виждон, эътиқод, эрк бўғовланди. Қонун жиловланди. Юртда портлашлар содир бўлди. Андижон фожеаси юзага келди. Қама - қама бошланди. Ялпи қама - қама... Тумонат-тумонат кишилар занжирбанд этилди. Ашаддий туҳмат билан. Яъни: Уй - жойларига, машиналари-ю чўнтакларига: Қуроллар тиқилди, Варақалар тиқилди, Бомбалар тиқилди. Яна наша, қора дори, героинлар... Жумладан, менинг уйим билан кабинетимга ҳам тўппонча билан қора дори қўйишди. Ёзувчидан қотил ва банги ясашди. Қани бу ерда қонун? Қонун кучи? Қонун устиворлиги? Тумонат - тумонат кишилар... Ёзуқсиз кишилар Туманлари: Ўлди... Йўқолди... Бунинг сўрови муқаррар! 2001 йилнинг апрел ойида тарихда кўрилмаган бир воқеа бўлди. 36 зонада (Навоий сил касалликлар зонаси) маҳкум зобитни ўлдирди. Нега? Зобитнинг айби билан. Зонада ундан калтак емаган, камситилмаган тутқун қолмаган. Ҳамманинг жонига теккан одамсиёқ бу ваҳший маҳлуққа бундай ҳуқуқни ким берган? Ўз вазифасини суистеъмол қилаётган, одамни қул, йўқ, пашша ўрнида кўраётган генералми? Ҳали бу савол унга берилади. Туманларнинг ёзуқсиз қони шунга олиб келади. Қон тутади... Зобитни махкум ўлдирди. Қийноққа, калтакка, хақоратга чидолмади: Ўлдирди, Ўлдиришга мажбур бўлди. Ҳар қандай жиноий иш қонун йўли билан кўрилади. Лекин? Лекин 36 - зонадан 46 - зонага, янглишмасам, 258 та тутқун синдириш учун олиб келинди. Уриб-тепиб, сўкиб, судраб олиб келинди. Буни минглаб маҳкумлар қатори ўз кўзим билан кўрдим. Йўлдан қон оқди. Инсонлар қони. Бегуноҳ инсонлар қони. 258 махкумдан 6 нафари спорт ускуналарига танғиб боғланди. Ўн бир тутқун ўлдирилди. Ботир қозоқ деган Урганчлик дев йигит қийнаб ўлдирилди. Уни ўша 18 - апрел куни, жон берган куни эрталабки текширувга оёғидан судраб олиб чиқишди. Ҳамма ёғи йиртилган, юз, қулоқ, бурунлари йиртилган, қон эди. Бу келажак сўрови...

Қонли воқеа давом этаркан, 23 апрел тунда мен билан Муҳаммад Бекжонни диний-сиёсий маҳкумлар билан миҳланган (82 маҳкум ҳамда конвойлару итлар бир вагонда) вагонга тиқишди. Кишанланган ҳолда. Поезд жилди. Қаерга? Эл тили билан айтганда: "Борса келмас"га Яъни Жаслиққа. Қонли воқеани биз орқали жаҳонга ёйилишидан қўрқишган. Буни менга оёқ зобит... шипшиган эди. Шунга бизни Борса-Келмасга этап қилишган.

Жаслиқда мен 2 ой-у 7 кун бўлдим ва дўзаҳий азобларни бошимдан кечирдим- 24 килограммга озиб кетим. Иймонли ўғлонлар кўз олдимда жон беришди. Айниқса Фарғонада яшовчи, ўзи асли Андижонда туғилган Ғофурнинг ўлими аянчли бўлди. У калтак ва қийноқ азобидан: Бир сиқим суякка айланди, Шолга айланди, Тилдан қолди. Ғофур еган дубинкаларга ҳўкиз ҳам чидолмасди. Унинг бошига қуйилган қайноқ сувлардан фил ҳам ўларди. Бироқ у ҳали тирик эди. Эътиқодидан қайтмади...

(Давоми бор)

Бу мавзуда батафсилроқ