'Олмония Ўзбекистонга тикучарлар сотилишига қарши'

Image caption Афғонистон узра Airbus тикучарларидан бири. Лекин Ўзбекистонга айнан қайси турдаги тикучарлар ваъда берилгани маълум эмас.

Учоқ ва мудофаа жиҳозлари ишлаб чиқарувчи йирик Airbus ширкатининг маълум қилишича, Олмония томонидан киритилган чекловлар Ўзбекистонга ҳарбий тикучарларнинг етказилиши йўлида тўсиқ бўлмоқда.

Бу ҳақда Airbus Бош ижрочи директори Том Эндерс шу ҳафта айтди. Жаноб Эндерс Олмония ҳукуматининг ҳарбий жиҳозлар экспортига нисбатан сиёсатини танқид остига олди.

Берлинда ўтказилган Хавфсизлик анжуманида гапирган Том Эндерснинг айтишича, Франсада қурилган 14 та тикучар улар учун назарда тутилган Олмония ишлаб чиқарилган қисмлар юборилмаётгани туфайли Ўзбекистонга етказиб берилмаяпти.

Airbus Бош ижрочи директорининг айтишича, ҳозирда ширкат бу қисмларни бошқа ердан сотиб олиш йўлларини қидирмоқда.

"Олмония эса мижозларни йўқотишга юз тутиши мумкин", деди Том Эндерс.

Олмонияда ўтган йили янги коалицион ҳукумат қудратга келганидан бери қурол-яроғлар экспортига нисбатан эҳтиёткорроқ сиёсатни юргиза бошлади.

Икки ой аввал Украина можароси ортидан Олмония расмийлари Россияга мўлжалланган ҳарбий машқ жиҳозлари экспортини тўхтатиб қўйдилар.

Ҳаммаси бўлиб 2014 йилнинг биринчи ярмида Олмония 2,2 миллиард евролик ҳарбий жиҳоз экспорт қилди. 2013 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсатгич 2,9 миллиард евро эди.

Олмония Иқтисод вазирлиги томонидан ошкор қилинган ҳужжатларда ҳудди шу муддат мобайнида ҳарбий жиҳозлар учун келиб тушган аризалардан икки баробарга кўпроғи рад этилгани айтилади.

Олмония расмийлари киритган қонунларга кўра, ҳарбий жиҳозлар етказиб берилаётган давлатларда улардан тазйиқлар йўлида фойдаланиш эҳтимоли, ҳамда инсон ҳуқуқларига не қадар риоя қилиниши борасидаги хавотирлар экспортни тўхтатишга асос бўлиши мумкин.

Мухолифат эса ҳукумат ҳуқуқлар поймол этилаётган давлатларга қурол-яроғ ва жиҳоз етказиб беришнинг олдини олиш йўлида етарли чоралар кўрилмаётганини айтиб келмоқда.

Your contact details
Disclaimer