Маҳмуд Йўлдошев: 'Раҳбарларнинг сўкиниши-аҳлоқсизлик белгиси'

Image caption Маҳмуд Йўлдошев Ўзбекистон телевидениесида "Пардали гап" ток-шоусини олиб борган

Би-би-сининг бу галги меҳмони - руҳшунослик фанлари номзоди ва журналист Маҳмуд Йўлдошев.

Маҳмуд Йўлдошев 1945 (ҳужжатларда 1946 й 15 апрел) йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Аъламли қишлоғида туғилган.

Ғаллаорол марказидаги 25-мактабда бошланғич таълимни олгач, шу мактабнинг кечки 11 синфи ва ўқитувчилар тайёрлаш курсини ҳам битирган.

1966 йилдан 1971 йилгача Москва давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти бўлимида таҳсил олган.

Шундан кейин Самарқанд халқ таълими тизими ҳамда Самарқанд вилоят комсомолида ишлаган.

1974-1994 йилларда ҳарбий хизматда бўлган.

Кейин Тошкентда "Халқ сўзи" газетасида мухбир, Ўз Давлат ахборот агентлиги УзА да бўлим бошлиғи ва Республика "Тасвирий ойина" ижодий уюшмасида меҳнат қилиш билан бирга, республика телевидениесида "Пардали гап" кўрсатувини ҳам олиб борган.

"Ҳақни излаб", "Тўрт қаторда Турон бор", "Қум қаср", "Йиллар маржони" каби шеърий китоблари, "Хотирада сақлаш усуллари", "Раҳбарлик психологиясида ахлоқ", "Тасвирий тарғибот усуллари", психология йўналишидаги китоблари, "Оилада руҳий муҳит ва унинг тарбияга таъсири", "Тарбия тасвирлари", "Жажжи даҳолар тарбияси" каби педагогикага оид, болалар тарбиясига бағишланган ва бошқа жаъми 18 дан ортиқ китоблари нашр қилинган.

"Лаззатларнинг энг ширини" ва "Нодир дурдоналар" китоблари нашр этилиш арафасида.

Би-би-си: Маҳмуд ака, суҳбатимизни "руҳшунос" истилоҳидан бошласак. Айрим ўқувчиларимиз "психолог"нинг "руҳшунос" деб таржима қилинишига эътироз билдиришган. Уларга кўра, бу жуда ҳам иддаоли бир ибора. Сизнинг ўзингиз қандай фикрдасиз?

Маҳмуд Йўлдошев: Умуман олганда, "психолог"ни "руҳшунос" деб таржима қилса бўлади. Аммо русчадаги, Европа тилларидаги тушунча сиғмаган томонлари бор. Шунинг учун "психолог" сифатида қолдираверса ҳам бўлади. Мен иккаласини ҳам ишлатаверган бўлардим. Чунки матн чиройли чиққан жойларда ўзимизда "руҳшунос" сифатида ишлатса бўлади. Аммо Европа фанлари тўғрисида гап кетганда ёки илмий нуқтаи назардан олганда буни "психолог" сифатида ишлатган маъқулроқ.

Би-би-си: Раҳбарлик психологияси ва аҳлоқи ҳақида китоб ёзган экансиз. Мустақиллик йилларида Ўзбекистондаги раҳбарларнинг кўп сўкиниши ва ҳатто қўл остидагиларни дўппослаши удумга айлангани айтилади. Ўтган йили Наманган вилоятида бир фермер ўзини дўппослаган ҳоким ўринбосарини маҳкамага ҳам берган. Сиз бу кўринишни қандай изоҳлайсиз?

Маҳмуд Йўлдошев: Умуман, буни изоҳлаш қийин. Психология нуқтаи назаридан буни албатта қоралаш керак. Буни мен биринчи ўринда инсон аҳлоқига тақаган бўлардим. Тарбияга тақаган бўлардим. Бу раҳбарлик даражасига кўтарилган инсоннинг маҳоратини, раҳбарлик даражасини кўрсатмайди. Бу ўзининг аҳлоқсизлигини кўрсатади. Раҳбарлик маҳоратида инсоннинг руҳиятига кириб бориш, шундай сўзларни қўллаш керакки, у сизнинг топшириғингизни жон-дили билан бажарсин. Бу раҳбарлик предмети. Лекин унинг уриши, сўкиши, ҳақорат қилиши-аҳлоқсизлик. Тарбиясизлик. Бу ерда психология жим тургани маъқул.

Би-би-си: Лекин ўша раҳбарларнинг "тарбиясизлиги" учун ким жавоб беради. Ўзбекистонда раҳбар кадрларни тайёрлайдиган Давлат бошқаруви Академияси мавжуд. Президент ҳузуридаги бу Академияда раҳбарларга зарур тарбия берилмайдими?

Маҳмуд Йўлдошев: Раҳбарлик психологияси ўтилади. Раҳбарлик психологияси деганда, биринчи навбатда инсоннинг психологиясига таъсир қилиш йўли билан раҳбарлик таъсирчанлигини ошириш кўзда тутилади. Лекин инсоннинг тарбия оладиган энг биринчи жойи, бу-оила. Кейинчалик биз мактабда, институтда, асосан, билим оламиз. Жамиятнинг таъсиридан фойдаланиб, биз ўзимиздаги тарбиявий нуқсонларни силлиқлаймиз, уларга ишлов берамиз. Бошқалар билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қиламиз. Лекин у ердан тарбия оламиз, дейиш жуда қийин. Трабияни сиз олиб бўлгансиз. Раҳбарлик Академиясида қандай қилиб раҳбарлик коэффициентини ошириш мумкинлиги ўргатилади. Сиз ўзингиз тарбия топмаган бўлсангиз, ўзингиз қўпол бўлсангиз, яхши муомалани билмасангиз, раҳбарлик маҳорати тўғрисида гапириб ўтириш фойдасиз.

Би-би-си: Тарбияси одамларнинг юқори мансабларга, раҳбарларик лавозимларига чиқиб қолаётгани сизнингча, нимадан далолат беради?

Маҳмуд Йўлдошев: Сир эмас, ўтиш даврида бизнинг совет давридан қолган раҳбарлар, таниш-билишчилик, оғайнигарчилик, уруғчилик ва бошқа балойи баттар касалликлар таъсирида раҳбарликка кўтарилиб қолади. Бу биринчидан. Иккинчиси-ҳар бир одам ўзича фирма очиши мумкин, иш жойи ташкил этиши мумкин, лекин уни бошқариш учун зарур раҳбарлик маҳоратига эга эмаслигини билмайди. Шунинг учун ҳозир бизнинг жамиятимиздаги энг керакли ўқув ташкилотларидан бири, бу психологик ёрдам берадиган ташкилотлар бўлиши керак. Амалий психологиядан бизда ўргатадиган ташкилотлар жуда кам. Чунки совет даврида амалий психология ўргатилмаган. Совет психологияси асосан назарий психология билан шуғулланарди. Амалий психолоия ғарбда кенг тараққий қилган эди. Бизда буни энди қабул қилишаяпти. Психологик маслаҳат берувчи фирмалар ташкил бўлаяпти. Мана буларга кўпроқ одамларни тавсия қилиш керак, бориб бир ўқиб келинг, дейиш керак.

Би-би-си: Узоқ вақт давлат матбуотида ишлагансиз. Матбуотнинг бугунги аҳволи ҳақида нима дея оласиз?

Маҳмуд Йўлдошев: Ўзбек матбуоти яхши кетаяпти, аммо кўп ўринларда, Президент ҳам айтганидек, "тишсизлик" қилаяпти. Масалаларнинг, дардларнинг, воқеаларнинг орқасида қувувчи журналистлар кўп. Биздаги мухбирларнинг кўпчилиги йўналиш танламасдан ҳамма йўналишга ўзини ураверади. Мухбирлар маълум соҳанинг мутахассиси, ҳатто баъзи томонларини мутахассисдан ҳам чуқурроқ биладиган бўлиши керак. Шундагина воқеани кенг, таъсирчан ёритади. Бизда воқеани юзаки ёритади, камчиликларни ёритиб беролмайди. Бу биринчидан. Иккинчидан, бизда ички цензура кучли. Ички цензура кучли бўлгани учун улар воқеанинг ортидан юришни қулай кўради. Воқеа эртага портлайди, мана бу ерда бир оғриқ чиқади, дея олдиндан кўтариб чиқолмаяпти.

Би-би-си: Аммо фақат журналистларнинг ўзини айблаш қанчалик инсофдан? Ғарбдаги матбуот ташкилотлари бунга Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг йўқлигини бирламчи сабаб қилиб келтиришади...

Маҳмуд Йўлдошев: биласизми, буни мен Ғарб-Шарқ демасдан, биринчи навбатда инсоннинг, ўша мухбирнинг сўз маҳорати, ақл-идрокининг қай даражада юқорилигидан, деб биламан. Балким очиқ гапирмаяпти, дейишингиз мумкин. Йўқ. Мен бунга бошқача жавоб бераман. Эски ривоятни билсангиз керак. Бир подшоҳ "тушимда тишларим тушиб кетди" дейди. Буни турлича изоҳлаб беришади. Бирови айтади "ҳамма қариндошларинг ўлиб кетади", бошқаси "сен узоқ яшайсан" ва ҳоказо. Демак, бу фалончанинг айби эмас. Муаммони кўтараётган журналистнинг маҳорати, ақл-идроки етса, ҳар қандай дардни айтса бўлади.

Би-би-си: Куни кеча Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун нишонланди. "Давлат тили ҳақида"ги қонун қабул қилинганидан чорак аср ўтиб ҳам, парламент депутатларидан бирининг айтишича, Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳалари рус тилида ёзилиб, кейин ўзбек тилига таржима қилинар экан. Сиз буни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

Маҳмуд Йўлдошев: Мен буни очиқ-ойдин қоралайман. Чунки ўзбек тилида ёзилиши керак. Керак бўлса, уни кейин рус тилига таржима қилиш керак. Ўзбек тилимизнинг имкони, қудрати етарли. Нима учун ҳалигача рус тилида ёзишимиз керак? Баъзида эшитаман, айрим ташкилотлардан рус тилида хат келади, деб. Ўша ерда ўтирган одамларнинг миллий ғурури борми? Имло муаммоси алоҳида. Нима учун имло муаммосини ҳалигача чўзиб келаяпмиз? Ўтказиш керак энди. Йигирма йил бўлди. Бу имлода ўқиган ёшлар институтларни битирди. Энди улар ишга бориб, кириллда ёзиб ўтирса бўлмас. Бу имлога тўлиқ ўтишнинг вақти келди.

Бу мавзуда батафсилроқ