Бугун адабиёт савияни қаёққа бошламоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Кейинги кунларда «Фейсбук»да энг кӯп ӯқилаётган ва энг кӯп мулоҳаза билдирилаётган адабий мавзудаги мақола «Жиддий ва кӯча адабиёти ҳақида баъзи мулоҳазалар» бӯлмоқда. Ушбу мақола муаллифи, ёзувчи ва адабиётшунос Улуғбек Ҳамдамовнинг кӯпчилик ӯзаро айтиб юрадиган, лекин оммавий тарзда гапиришга журъат эта олмайдиган муҳим мавзунинг кӯтариб чиқилгани айтилмоқда.

«Жиддий адабиёт миллат маънавиятини бойитишга хизмат қилса, кўча адабиёти эса, аксинча, асрлар мобайнида томчи-томчи йиғилган ана ўша маънавий бойликни челаклаб тўкилишига сабаб бўлиши мумкин. Албатта, адабиёт ранг-баранг бўлмоғи керак. Чунки ўқувчилар адабий дидининг ўзи турфа рангда. Лекин хилма-хиллик дегани орада савиясиз асарларга ҳам рухсат бор, дегани эмас. Баъзан танқиддан тубан адабиёт ҳақида лом-мим демаган маъқул деб биламиз. Шу тутумимиз қанчалик ўзини оқлайди?», дея бошланган мақола.

Улуғбек Ҳамдам мақолани давом эттирар экан, шундай ёзади: «Анча йиллар муқаддам китоб дўконига кирсам, аёл муаллиф номидан бир неча шеърий тўплам нашр қилинганига кўзим тушиб, қизиқиб биттасини олдим-да варақладим. Шунда китоб адади эътиборимни тортди: нақ 100 000 нусха. "Ажабо! Қойил!" - хитоб қилиб юбордим ўзимга ўзим. Дўкондордан сўрадим: "чиндан шунча нусхами ё бу ерга битта-иккита ноль адашиб кириб қолганми?". "Йўқ, Марҳабо опанинг китоби яхши сотилади, ноллари жойида", деб жавоб берди сотувчи. Шеършунос бўлганим учун битта шеърий тўпламни харид қилдим ва уйга келиб ўқиб чиқдим. "Натижа?" дейсизми? "Шеърий тўплам" деганимиз қофиядан оз-моз хабардор, жиндаккина бадиий завқи бўлган ва табиийки, шу ишдан моддий манфаатдор ҳар қандай қаламкаш бир ўтиришда беш-олтитасини тўқиб ташлайдиган машқлар йиғиндиси бўлиб чиқди».

Оқибат нима бӯлади?

Гапнинг рости, мен таниш адабиётшунослар ва ӯз имзосини ҳурмат қилган, бадиият талабларига масъулият билан ёндошадиган шоирларнинг агар ҳақиқий шоир бӯламан, десангиз, фалончи шоирларнинг шеърларини сира ӯқиманг, дея уч-тӯрт номни тилга олганликларини эшитганман.

Улуғбек Ҳамдам ӯша танишларим тез-тез такрорлаб турадиган яна бир шоирнинг номини тилга олади: «Кейинги йилларда эса бошқа бир ном тилларга тушди. Ҳатто дўконларда унинг китобчалари учун (ана, "Шарқ зиёкори"га кириб кўринг!) алоҳида бурчаклар ташкил этилибди. Қолаверса, вилоятларимизда ўтказилаётган турли адабий учрашувларда ёшларимизнинг у ҳақида тез-тез сўраб туришлари менинг ҳам эътиборимни тортди. Хуллас, ҳам нашриётларимиз, ҳам китоб дўконларимиз, ҳам ёш ўқувчиларимиз бир бўлиб қизиқишимни орттирган "шоир"нинг исми Аҳад Қаюм экан. Дарҳол унинг бир неча тўплами билан танишдим ва дўкондор айтмоқчи, ноллари жойида бўлса ҳам натижа - ўша-ўша. Нега? Дастлабки мулоҳазаларимни бир мақолада баён этдим. Аммо таҳририятдагиларнинг рўйхушлик бермаганлиги боис мақола ўша мулоҳазаларсиз чиқиб кетди. Эҳтимол, улар ҳам ўша машқларга "танқиддан тубан" деб қарашган бўлса, ажабмас. Ахир, бир пайтлар менинг ўзим ҳам жуда бўш матнлар борасида худди шундай ўйлардим-да! Бугун эса хаёлимда ўзга савол айланмоқда: бу ёқда ўша машқларни адабиёт илми танқиддан тубан деб турсаю, у ёқда адабиётга қизиқиб келаётган ёшларимизнинг асосий қисми "шоир" деганда Марҳабо ва Аҳад Қаюмни, "шеър" деганда уларнинг ҳам шаклан, ҳам мазмунан хом ва саёз машқларини тан олишса, оқибат нима бўлади?»

'Жиддий адабиёт жиддий иқтисодий ҳимояга, тарғибу ташвиққа муҳтож'

Муаллиф бадиий асарларни нашр этишда цензурани асло қайтариш керак демоқчи эмаслигини таъкидлайди. Лекин, унинг фикрича, «Аммо ҳур фикрлиликнинг - плюрализмнинг ҳам ўз чегараси бор. Бадиий жиҳатдан жиддий қусурларга эга, инсонни ақлий ва ҳиссий камолотга чорлашга ночор "асарлар"га рухсат бермаслик билан ўтган замонлардаги ҳукмрон цензура ўртасида, ўйлашимча, ер билан осмонча фарқ бор.

Тўғри, биз ҳозир бозор иқтисодиёти шароитида яшаяпмиз. Унинг темирдек қаттиқ ўз қонун-қоидалари бор. Ўша қонун-қоидаларга кўра нашриётлар ҳам иқтисодий жиҳатдан фойда берадиган китобларни чоп этишга ҳаракат қилишади. Бу икки карра икки - тўрт, дегандек тушунарли манзара. Лекин маънавий фойда ҳақида ким ўйлайди? Маънавий зарар устида-чи?.. Бозорбоп китобларни тўп-тўп чиқариб, хазинасини бойитган нашриёт-лар ҳар йили миллат маънавиятига хизмат қиладиган лоақал беш-ўнта мумтоз ва замона-вий адабиётимиз намуналарини чоп этиб боришса, жиддий адабиётга, шу орқали миллат-га, унинг маънавиятига, келажагига хизмат қилган бўлмайдими? Ҳа, тан олиш керак, бугун жиддий адабиёт жиддий иқтисодий ҳимояга, тарғибу ташвиққа муҳтож».

Замонавий ӯзбек шеъриятини атрофлича ӯрганган, таҳлил этган адабиётшуноснинг аслида иккита муаллифни мисолга келтириб ёзган мақоласи у жиддий деб атаётган, ҳақиқий адабиёт равнақи учун хизмат қилишини кӯпчилик «Фейсбук» қатнашчилари изҳор қилишган.

Масалан, Гулбаҳор Саидғаниева мақола ҳақида «Жуда долзарб мавзу. Ёшларимизнинг дидини тўғри шакллантиришимиз керак. Адабиёт деганда ўшаларни тушуниб қолмаслигимиз керак. Мен жуда кўп танловларда ҳакамлар ҳайъатида бўламан, табиийки, кимларни кўп ўқийсиз, деб савол берганимда шу икки нозимни тилга олишади. Жуда ўқимишлиси Муҳаммад Юсуфдан бошқа ижодкорни ўқимаган бўлади. Булар ахир шоирман деб келаётган ёшлар... Сиз каби жонкуяр адабиётшуносларимиз бугун жудаям керак!», дея фикр билдиради.

Пули борлар китоб чиқаряпти

Сафар Каттабоев эса, бадиий савияси паст асарларнинг тӯхтовсиз нашр этилаётгани сабабини вақтида уларга нисбатан тӯғри муносабат билдирилмаётганида, деб билади. «Худога шукур, бизнинг ёшлигимизда бундай бўш асарлар чоп этилмасди, битта-яримта чиқиб кетса ҳам, дарҳол роса танқид қилинар эди. Бизга асарлар танлаб берилган, шунинг учун ҳам бадиий адабиёт ҳақида бизнинг тушунчамиз бошқа. Мақолада кўрсатилган камчиликларга сабаб қашшоқлик, пули борлар эса бемалол чиқаряпти. Эҳтимол, бу вақтинча жараёндир, ҳаммаси аста-секин изга тушар», дея фикр билдиради Сафар Каттабоев.

Нуржаҳон Авезованинг фикрича эса, энди бадиий савияси паст асарларни чиқаришнинг олдини олиш қийинлашиб кетган. «Бу тӯлқинни бартараф этиш мушкул. Чунки кӯп масалада иктисодий омил рол ӯйнаяпти ҳозир, нашриётга пулни ким тӯлайди - ӯқувчи, ӯша ӯқувчи кандай асар ӯқишни истайди? Ҳазми осон, енгил асарларни, ортиқча ӯйлантирмайдиган, савияси кӯтара олган асарни, демак ӯқувчи талабини хисобга олиш муҳим. Аммо савол туғилади - нега ӯқувчи савиясиз асарларни севаяпти экан-а?», дейди Нуржаҳон Авезова.

Шу ӯринда нашриётга пул тӯлаш деганда, китоб сотиб олмоқликни тушуниш зарур эканлигини эслатиш жоиз.

Ҳайқириқни ҳеч ким эшитмайдими?

Раҳим Жуманиёзовнинг ёзишича, у Улуғбек Ҳамдамнинг мақоласи билан танишар экан, Абдулла Ориповнинг тӯртлигини эслайди:

«Бозорга ўхшайди асли бу дунё

Бозорга ўхшайди асли ҳам маъни

Иккиси ичра ҳам кўрмадим, асло

Молим ёмон деган бирон кимсани.

Сарагини сарагига, пучагини пучагига ажрата олиш учун, аввало, бадиий дид ва санъатдан хабардорлик керак. Шеърият деб аталмиш санъат саноатга айланганидан кейин сизу бизнинг чақириғимиз, бақириғимиз, ҳатто ҳайқириғимиз натижа бермаслиги тайинлигидан таассуфдаман, дўстим. Сўзимизни ўзимизга қарши қилиб қўядиганлар бўлганидан кейин қадди букик, боши эгик бўлиб қоларкан киши».

Мутолаа маданияти йӯқолдими?

Мақолага фикр билдирганларнинг кӯпчилиги савияси паст китобларнинг кӯпайиб кетаётганлигини аввало ӯқувчилар савиясининг пасайганлиги билан боғлашади.

Дилноза Ҳидоятова оилаларида китоб кӯп ӯқилиши, асосан чет эл романлари ӯқилишини айтади. Унинг фикрича, «Наср ҳам, назм ҳам кенг фикрлашни талаб этади. Дурдона асарни ӯқиганда фақат завқ олибгина қолмай, балки янги билимларга ҳам эга бӯлади инсон. Марҳабонинг шеърий тӯпламини биринчи бор ӯқиганда ӯзига оддийлиги, оммабоплиги билан жалб қилади . Бизда хам шунақа бӯлди. биринчи китобни қизиқиб ӯқидик ва назаримда хар томонлама ӯрганиб чиқдик. Иккинчи китобини ӯқиганимда бир хиллик, бемақсадлик, янгиликнинг йӯқлиги бизни ҳайрон қолдирди. Менимча, бу китоб осон ӯзлаштирилиши, анализ-синтез килишнинг ҳожати йӯқлиги, тилининг ниҳоятда соддалиги билан халқни ӯзига жалб қилган. Мен адабиётшунос эмасман, лекин назаримда ӯқувчини ҳам тарбиялаш керак. Ӯқувчида китоб танлаш маданияти ва адабий дидни шакллантириш лозим. Ҳар қанақа газеталар кӯпайиб, уларда берилаётган савияси паст ҳикояларга кизиқувчилар кӯпайганда, халқимиз ӯқишга ӯрганди, деб хурсанд бӯлдик. Ваҳоланки, мутолаа этиш маданиятини йӯқотдик, чамамда».

Шоир ва адабиётшунос Раҳимжон Раҳмат шундай фикрларни қолдирган: «Мен Аҳад Қаюм ва Марҳабонинг китобларини китоб магазинининг ўзида қўлимга олиб, икки дақиқа ичида ўқиб, тушуниб, яна қайтариб жойига қўйганман. Энди уларнинг китобини бошқа қўлимга олмайман.

Билмадим, ҳозирги ёшларнинг диди қанақа экан. Биз мактаб ва коллеж ёшимизда Шарқ классик шоирларининг /Абдураҳмон Жомий, Саъдий, Рудакий, Хисрав Деҳлавий, Махтумқули/ ўзбекчага ўгирилган шеърларини ўқир эдик, Машраб ижоди ошиғи эдик».

Доно Бекчанованинг ёзишича, ҳозир ҳам мактаб ва коллеж ӯқувчилари орасида классик шоирлар шеърларини ӯқийдиганлар бор. Худди шу муаллиф «Балки Марҳабо опа ва Аҳад Қаюмга яхши бир устоз керакдир. Ахир Саид Аҳмаднинг илк ёзганлари Абдулла Қаҳҳор танқидига учраганку…Ана ундан кейин «қоғозга ёз ва оловга от» қабилида иш кӯрган маъқул…» деган фикрга боради.

Раҳматилла Турдалиев мақоладан жуда таъсирланганини айтар экан, «Биз каби ҳаваскорлар ӯқиши ва жиддий ӯйлаб кӯриши керак бу ҳақида. Шундай мақолалар кӯпайишини истар эдим ва бу биз учун фойдадан холи бӯлмайди, албатта», дейди.

Байрам Али Қӯлдошев деган ӯқувчи эса «Фейсбук»да «Йӯқ, рости Марҳабо опанинг шеърларига унча норозилигим йӯқ, бӯлади, ишқилиб, ӯзига хослиги борда. Бизнинг уйда онам ӯқиб туради… Лекин Аҳад Қаюм… Шу масалада бир гапни айтайми? Куни кеча чин маънода устоз шоирлардан бирининг шеърини ӯқиб берсам, суҳбатдошим «О-о-о, Аҳад Қаюмнинг шеъридан кам эмас экан…» деган баҳони берди. Мен аввал кулиб юбордим. Кейин роса йиғлагим келиб кетди…» дея фикр қолдирган.

Айни бир пайтда «Фейсбук» ӯқувчилари орасида Аҳад Қаюмни қаттиқ ҳимоя қилиб чиққанлар ҳам бор.

Раҳимжон Раҳмат «Нима нарса "ширпотреб" бўлса, сифатсиз бўлади», деган. Бир танишим Раҳимжоннинг бу сӯзларини бозори чаққон арзон Хитой молларига ӯхшатишини айтди.

Солиха Оллоёрова шундай мулоҳаза юритади: «Адабиётнинг қуроли - тил. Тил эса, миллат маънавиятининг акси. Улуғбек Ҳамдам "кўча шеърияти" туфайли ўзбек шеъриятининг савияси пасайиб кетаётганлигини мутахассис сифатида жуда ўринли таъкидлабдилар. Филолог бўлмасамда, "кўча ҳикояси" ҳакида фикр билдирмоқчиман. Баъзан рекламаларнинг оҳанрабоси тортиб "Ҳордиқ", "Даракчи" каби газеталарни сотиб оламан. Одатда газеталарнинг ҳар бирида мунтазам чоп этиладиган ҳикоялар ёки романлар саҳифаси бор. Мана шу ҳикояларни ўқиганимда, улардаги мазмуннинг саёзлиги, сўзларнинг тил қоидаларига умуман риоя этилмаган ҳолда қўлланилишини кўриб ҳам куюнаман, ҳам жаҳлим чиқади: халқимиз маънавияти шу кетишда қаёққа боради???

Бу саволни кейинги пайтларда мен тез-тез эшитадиган бӯлиб қолдим. Бир пайтлар ҳамма нарсани ӯз номи билан айтиш керак, деган гап тез-тез такрорланадиган бӯлиб қолди. Лекин кейинги пайтларда бошқа соҳаларда каби адабиётда ҳам ана шу ӯз номини тилга олишга журъат этадиганлар кичик даврадан ташқари чиқмайдиган бӯлиб қолишгани таъкидланмоқда. Улуғбек Ҳамдамнинг фақат бадиий адабиёт эмас, балки халқнинг маънавий-маънавий савияси, бадиий дидини ҳам ӯйлаб айтган гаплари чақмоқдек ӯтиб кетмаса эди, деган ташвишлар ҳам йӯқ эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ