Пахта: Пестициднинг гиёҳлиси ҳам бор...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Собиқ Шўролар Иттифоқи даврида заҳарли пестицидлар Ўзбекистон пахта далаларида кенг қўлланилган.

Ўзбек матбуоти ўша пайтларда ғўза баргини тўкишда ишлатилган пестицидларнинг атроф-муҳит ва одамларга ҳалокатли таъсири ҳақида кўп ёзган.

Ҳозирга келиб, Ўзбекистонда пестицидларни ишлатиш Совет давридагисидан сезиларли даражада камайгани айтилади.

Аммо уларнинг ҳамон қўлланилаётганига оид хабарлар ҳам йўқ эмас.

Бутун жаҳонда эса, ҳозир гиёҳли ёки табиий пестицидларга ўтаётганлар сони ортмоқда экан.

Чунки бу каби пестицидлар ҳам инсонлар саломатлиги ва ҳам атроф-муҳит учун зарарсиз ҳисобланади.

Дейлик, пахта етиштириш бўйича дунёнинг энг пешқадам давлатларидан бири бўлган Покистонда ҳозирга келиб фақат гиёҳли пестицид қўллаётган деҳқонларнинг сони 100.000 га етибди.

Деҳқонлар кимёвийсидан буткул воз кечиб, сабзавот бўладими, мевали дарахт ёки пахта, фақат гиёҳли пестицидларни қўллашга ўтишибди.

Молиявий томондан эса, уларга Жаҳон Теварак-Муҳитни Асраш Жамғармаси кўмак қилаётган экан.

Ушбу халқаро жамғарма, қарийб ўн йилдирки, покистонлик деҳқонларни кимёвий пестицидлардан воз кечишга ундаб келади.

Аммо, Покистондаги мухбиримиз Заҳириддин Бобурнинг хабар беришича, бу деҳқонлар тўқнаш келиб турган муаммолар ҳам озмунча эмас.

Чунки гиёҳли пестицидларни сотиб олай дейишса, Покистоннинг ўзида бирор бир дўкон ёки бозор йўқ, дейди мухбиримиз.

У бунга биргина Покистоннинг жанубий Панжоб вилоятидаги деҳқонларнинг тажрибаларини мисол қилиб келтиради:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Британияда жойлашган Уруш ва Тинчликни ёритиш институти 2012 йилда бутун Ўзбекистон бўйлаб 13 та пестицид чиқиндихона борлиги ҳақида ҳам хабар берганди.

Мутахассисларга кўра, 40 йил муқаддам барпо этилган қабристонлар ҳозирда атроф-муҳитга жиддий таҳдид солмоқда.

Уларнинг айтишларича, халқаро донорлар Ўзбек ҳукуматини ушбу экологик муаммога жиддийроқ ёндашишга ундашлари лозим.

"Ўзбек ҳукумати чиқиндихоналарда 14.000 тоннадан ортиқроқ пестицид сақланишини айтади. Аммо, HCH & Pesticides Association гуруҳи 40.000 тонна деган рақамларни келтиради", деганди Уруш ва Тинчликни ёритиш институти ўз хабарида.

Худди ўша йили Ўзбекистон БМТ Қишлоқ Хўжалик ва Озиқ-овқат дастури идораси ва Оврўпо Иттифоқи билан эски пестицид заҳираларини йўқ этиш йўлида ҳамкорлик қилишга рози бўлганди.

Бу каби битим қолган Марказий Осиё, Қофқоз ва Шарқий Оврўпо давлатлари билан ҳам имзоланганди.

Хабарларда бу икки халқаро ташкилот шу мақсадда келаси тўрт йилга мўлжаллаб, 7 миллион евро ажратмоқчи экани айтилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ