Ижтимоий минбар: Қўшхотинлилик ҳақида қўш фикр

Ўтган ҳафта Қозоғистонлик таниқли аҳолишунос олим, академик Макаш Татимов мамлакатда кўпхотинлиликни тақиқлаш эмас, балки рағбатлантириш керак, деб чиқди.

Қозоқ олимининг мазкур ташаббуси Би-би-си Ўзбек Хизматини ижтимоий тармоқлар орқали ўқувчиларнинг кўпхотинлик ҳақидаги фикрларини ўрганишга ундади.

Академик Макаш Татимов сўзларига кўра, Қозоғистонда эркак ва аёлларнинг репродуктив ёши ўртасидаги фарқ катталашиб бормоқда.

"Бугун Қозоғистонда 375 минг қари қиз ва 150 минг қари бўйдоқ бор. Уларни демографик майдонга қайтариш керак", - дейди қозоғистонлик олим.

Айни пайтда унинг айтишича, кўпхотинлилик тўғрисида махсус қонун қабул қилиш шарт эмас.

"Замонавий жамият кўпхотинлиликни қабул қилмайди. Бунинг учун миллий ва диний анъаналар кифоя", - дея аҳолишунос олимдан иқтибос келтиради КазТАГ агентлиги.

Аҳолишунос олим Қозоғистон ҳукуматини фуқаролик никоҳларини "тараққий этган" босқичга кўтаришга чақирган.

2004 йилда ўтказилган сўров натижаларига кўра, Қозоғистондаги эркакларнинг 40 фоизи кўпхотинлиликни қўллаб-қувватлайди.

Қўш ёки кўпхотинлик

Қўш ёки кўпхотинлилик Ўзбекистонда кенг тарқалган, аммо бу борада статистик маълумотлар йўқ.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 126 моддасида икки ва ундан ортиқ аёл билан яшаганлик учун энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача жарима ёки уч йиллик қамоқ жазоси назарда тутилган.

Бироқ кўпхотинлилик учун жазо берилган ҳолатлар унча кўп эмас.

2010 йил Сурхондарё вилоятида таълим бошқармаси мулозими, 2012 йилда эса Сирдарёда милиция бошлиғи иккихотинлилик учун жавобгарликка тортилгани хабар қилинган.

Айрим фаоллар Ўзбекистонда ҳам иккинчи никоҳларни расмийлаштириш ва шу йўл билан иккинчи хотин бўлиб яшаётган аёллар ҳамда уларнинг фарзандларини ижтимоий ҳимоялаш кераклигини айтишади.

Сиз Ўзбекистонда фуқаровий никоҳ ёки кўпхотинлиликни расмийлаштириш керак, деб ҳисоблайсизми?

Би-би-си Ўзбек Хизмати қўйган ушбу саволга ижтимоий тармоқларда ўнлаб фикрлар билдирилди.

Кўпхотинлилик ҳақида кўп фикр

Кўпхотинлилик атрофида билдирилган фикрларни бир-бирини мутлақо инкор этган икки қутбга бўлиш мумкин: кўпхотинликни қўллаб-қувватлагалар ва кўпхотинликка қарши чиққанлар.

Полигамияни дастаклаганларнинг аксари эркаклар бўлса, унга қарши чиққанларнинг аксарини аёллар ташкил этган.

Эътиборга молик жиҳат шундаки, аксарият ўз қарашларини Ўзбекистондаги дунёвий қонунлар эмас, балки Ислом аҳкомлари асосида билдиришга уринган.

Кўпхотинлилик тарафдори бўлганлар кўпхотинлик фаҳш ва зинони, демографик муаммоларни ҳал қилишига ишонч билдирганлар.

Унга қарши бўлганлар эса полигамия аёллар ҳуқуқларини поймол этишига эътибор қаратганлар.

"Энди эркакларга нисбатан аёлларнинг сони кўпайиб кетган бўлса, иккинчи аёлга рухсат берилмаса, қолган аёллар нима зино қилишлари керакми? - деб ёзади Бишкекдан Лутфуллоҳ Усмонов. - ...Албатта қодир бўлган, адолат қилган одам икки ёки тўрттагача уйлансин, ҳеч бўлмаса, боши бўш аёллар сони камаярди."

"Кўп хотинлиликни рағбатлантириш керак, - дея Лутфуллоҳ Усмонов фикрини давом эттиради Тошкентлик Мирза Али. - Етимлар камаяди, сал бўлса-да, ота меҳрини кўради, ахир, никоҳли оила бу - ибодатку."

"Қизик тўртта хотинга рухсат бор, тўртталасини ҳам севади, тўртталасини ҳам "жоним", деб чақиради. Мана адолатли севги ва оила! Одам сермуҳаббат бўлиши керак экан-да. Кўпхотинлиликда ҳеч қачон севги бўлиши мумкинмас, яъни ўзаро келишув асосида ва жинсий имкониятлар ҳисобга олинган ҳолда қурилган оила булади...," - дея кўпхотинлиликни қўллаб-қувватловчиларга эътироз билдиради "Villi Va".

"Адолатми ёки жамиятни бузадиган ҳолат?"

Тошкентлик Мумтозбегим Илҳомова ўзини қўш хотинлик "қурбони" эканини ёзади.

"Кўп хотинлиликнинг савобини баҳона қиласизлар сиз эркаклар. Худди шу баҳонанинг қурбони менманку. "Менга зул қилаяпсан, ҳаққинг йўқ қарши чиқишга," деди хўжайиним.. Мана оқибати олдин кун ора уйга келишни одат қилдилар, кейин ҳар-хил баҳоналар билан келмай қўйдилар. Кейин биратўла талоқларни қалаштириб ташладилар", - деб ёзади Мумтозбегим Илҳомова.

У турмуш ўртоғининг иккинчи хотинга уйланиши оқибатида 20 йиллик ҳаёти бузилганини айтади.

"20 йил яшадик. Қудалик бўлдик. Яқинда неваралик бўламиз. Икки йиллик хотин устун чиқди. Уйимдан ҳайдашди. Квартирага ўтказиб қўйдилар. Эр-хотин бирга ишладик, борига-йўғига чидадим. Кўчада қолдим... Ўғлим билан ёлғиз қолдим. Шундан кейин ҳам кўп хотинлиликни оқлайсизларми?" - деб ёзади Мумтозбегим.

"Музокарага ўрин йўқ. Шундагина жамиятда файз-барака, фаровонлик, барқарорлик бўлади," - дея фикр билдиради Рустам Байбутаев.

"Жамиятни бузадиган ҳолат ҳам кўпхотинлиликдир," - дея эътироз билдиради "Мистер Қалампир".

"Фикримча, биргина аёл билан яшаган маъқул! - деб ёзади Жаҳонгир Аҳмедов. - Ҳозирги замонда адолат қилиш қийин бўлиб қолмоқда. Нафсни бир чеккага қўйиб яхшилаб ўйлаб қаралса, биргина хотин ҳам саодатга эриштиради. Аллоҳ билгувчироқ..."

"Аллоҳ Таолонинг ҳукмларига, шариат қонунларига асосланиб яшаш керак," - дея фикр билдиради Рустам Байбутаев.

Ҳасан Ҳакимов эса полигамияни қонунийлаштириш зарурлигини ёзади: "Ҳаром ишлар билан яшагандан кўра, қонуний бўлгани маъқул эмасми, ахир?

"Ўзбекнинг пули кўпайдими..."

Ижтимоий тармоқларда қолдирилган фикрлар орасида, таъбир жоиз, ноанъанавий қарашлар ҳам бор.

"Биродарлар, ҳозирда кўпхотинлилик эркаклар бир ёқда қолиб, кўпэрлик аёллар кўпайиб кетаётгани, менимча, ҳеч кимга сир эмас...," - деб ёзади Тошкентдан Орифжон Маматқулов.

"Кўпхотинлик эҳтимол қариқизлар учун ечим бўлар, аммо қари бўйдоқларнинг шанси янада озаяди," - дея фикр билдиради журналист Камолиддин Йўлдош.

Андижондан Абдулраззоқ Қосимов кўпхотинлилик масаласига ўзига хос ечим таклиф қилган: "Аёллар эркакларни буюк ишларга илҳомлантиришади, бироқ ўша буюк ишларни рўёбга чиқишида доим халал беришади. Қисқаси уйланмаслик керак."

"Иккита хотин олганларни бичиб қўйиш керак," - дея ҳукм чиқаради Фарҳод Шайманов.

Зулфия Маҳмудова эса қадимий мақолни эсга олган: "Ўзбекнинг пули кўпайдими хотинни ҳам кўпайтиради".