Ўзбекистон: совуқда қолган сайловчилар

Image caption Тошкентда биринчи қор қувончи узоққа чўзилмаган

Минтақага қиш бу йил бироз эрта келиши аввалига одамларни қувонтирган бўлса, кейин уйни қандай иситиш ташвишини уйғотган.Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори чиққан бўлса ҳам, пойтахтликлар иситиш тизими ҳамма мавзеларда ишга тушмаганидан нолишмоқда.

Марказий иситиш тизими етиб бормаган вилоятларда эса яна газсизлик муаммоси бошланган ва одамлар совуқ қаршисида ўз ҳолларича қолиб кетган.

Тошкентда биринчи қор ёғиши ижтимоий тармоқдагиларнинг бир муддат қувончига сабаб бўлди.

Интернетда озроқ лекин хазонлар ва машиналарни оқартирган қор расмлари тарқалди.

Кечани биринчи қор қувончи билан кутиб олган пойтахтликлар эртаси куни ижтимоий тармоқларда отопление, яъни марказий иситиш тизимининг ҳали ҳам қўшилмагани ва уйларнинг совуқ эканлигидан нолий бошлашди.

“Юнусободда отопления йўқ. Бунинг устига тунлари чироқни ҳам ўчириб қўйишмоқда. Бу кетишда яқин орада газни ҳам ўчириб қўйишади ва биз болаларни иситиш учун уйларда гулхан ёқиб ўтирамиз. Иссиқ ёки совуқнинг менга фарқи йўқ. Лекин шусиз ҳам қийналаётган қариялар бор”, - деб ёзади Искандар Аҳмедов Фэйсбукда.

Аҳмедовнинг фикрини бошқа мавзеда истиқомат қилувчилар ҳам тасдиқлашган. Айримлар уйларида иссиқ сув ҳам ўчирилганини айтишган.

Баъзи иштирокчилар уларнинг уйларида иситиш тизими ишга тушганини ёзишган.

Қарор бажарилмаяпти

Тошкент шаҳар ҳокими 24 октябр куни чиқарган қарорида 25 октябрдан бошлаб ижтимоий соҳа объектларига ва 27 октябрдан бошлаб турар жой биноларига иссиқлик бериш ҳақида қарор чиқарган.

Бироқ қарорнинг бажарилиши режадагидек кетмаётганини ижтимоий тармоқдаги ёзувлардан билиб олиш мумкин.

Твиттер фойдаланувчилари ҳам қишнинг эрта келиши ва газ муаммосига эътибор қаратишган.

Андижонлик фойдаланувчи кунлар совуши муносабати билан газчилар ярим тунда газ босимини оширганини ёзган.

Бироқ босим ошишдан олдин газ бир ўчиб олган ва бундан бехабар қолган оилаларда ёнғин келиб чиқишига бир баҳя қолган.

Бироқ газ босими ҳамма жойда ҳам бир хил кўтарилмаган.

Айрим иштирокчилар газ билан бирга чироқнинг ҳам ҳар куни ўчирилаётганидан шикоят қилишган.

Депутатлар ҳам ожиз

Қаршилик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Гулшан Қораева ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада газ сентябр ойида ўчганини ва кунлар совуб кетса ҳам газдан дарак йўқлигини айтади.

“Об-ҳаво совуқ, минусга тушган. Бизда сентябрдан буён газимиз йўқ. Ҳозир светимиз бор. Ҳаволар жуда ҳам совиб кетиб кучи етмай қолса, ўтин ёқамиз”, - дейди Гулшан Қораева.

Твиттер фойдаланувчилари бу йил Ўзбекистонда парламент сайловлари ўтиши муносабати билан газ ва светдан муаммо келиб чиқмаслигини ёзишган.

Бироқ кунлар совиши билан бундай муаммолар ҳар йилгидек бўй кўрсатмоқда.

Қаршидан Гулшан Қораева шаҳарда умуман сайловолди руҳи сезилмаслигини айтади.

Одамлар ўз ташвишлари билан юрибди. Одамлар депутатларнинг газ муаммосини ҳал қилиб беришига ишонишмай қўйишган.

“Бошқа муаммони ҳал қилиб бериши мумкин, лекин газни ҳал қилиб беролмайди, деб ўйлайман. Агар ечганида ҳокимиятнинг ўзи ҳам депутатларсиз ечиб берарди”, - дейди Гулшан Қораева.

Газга бой Ўзбекистонда қиш келиши билан фуқаролар бошпанасини иситиш муаммоси билан яккама-якка қолади.

Маҳаллий ҳокимиятлар аҳолини қишга кўмир ва ўтин йиғиш орқали тайёр туриш кераклигини тайинлайди.

Мутахассислар газ экспортини йилдан-йилга кўпайтираётган Ўзбекистон, хусусан, Хитойга экспортнинг бир қисмини ички истеъмол ҳисобидан қоплаётганини айтишади.

Бу мавзуда батафсилроқ