325 қўшма корхона Ўзбекистон учун кўпми ё оз?

Ўзбекистонда 2014 йилнинг тўққиз ойи мобайнида хориж сармояси иштирокида 325 та корхона ташкил этилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси хабар тарқатган.

Госкомстатга кўра, энг кўп қўшма корхона Тошкент шаҳрида ташкил этилган.

Йил бошидан буён Ўзбекистон пойтахтида 222 та чет эл инвестицияси ётқизилган корхона иш бошлабди.

Тошкент вилоятида 31, Фарғона вилоятида 17, Самарқанд вилоятида 13, Жиззах вилоятида 12, Навоий вилоятида, Сурхондарёда 5 ва Сирдарё вилоятида ҳам бешта қўшма корхона январдан-сентябргача рўйхатдан ўтказилгани хабар қилинади.

Статистика қўмитасига ишониладиган бўлса, Ўзбекистонга сармоя ётқизишга энг ишқибозлар хитойликлар экан.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасида 85 қўшма корхона, Россия билан 53, Буюк Британия билан 28, Жанубий Корея билан 27, Туркия билан 22, Ҳиндистон билан 12 ҳамда Қозоғистон билан 11 ҳамкорликда бизнес бошлангани хабар қилинмоқда.

Ўзбекистон бизнес юритиш учун муҳити тоқатсиз мамлакат деб кўрилади.

Бир пайтлар Ўзбекистоннинг чет элликлар билан муваффақиятли бизнес ҳамкорлиги намуналари деб кўрилган номдор ширкатлар ҳам мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар.

Ўзбек расмийлари ўз статистик маълумотларида тўғридан-тўғри хориж сармоялари кўрсаткичларини эълон қилмай қўйганлар.

Мисол учун, статистика қўмитаси 325 қўшма корхонадаги хориж сармояси қанчани ташкил этганини очиқлашни истамаган.

Хўш, тўққиз ой мобайнида 325 та чет эл сармояси билан корхона ташкил этилгани Ўзбекистондек мамлакат учун кўпми ёки оз?

Би-би-си ушбу саволни Тошкентда бизнес юритган туркиялик ишбилармон Воҳид Гунешга берди.

Воҳид Гунеш: 325 ширкат бу кулгили рақам. Нормал давлатда бир йилда 3500 ва ҳатто 5000 та қўшма корхона очилади. Яна ушбу 325 ширкат сиртдан келган корхоналар эмас. Ўзбекистонда валюта конвертацияси муаммоси бўлгани учун, Ўзбекистонда яшайдиган давлат ва тузумга яқин кишилар чет элда ширкат очиб, у орқали Ўзбекистонда қўшма корхона очадилар. Буларнинг ҳаммаси ҳийла йўлида очиладиган корхоналардир. Конвертация бўлмаган, коррупция ривожланган жойга четдан фирма келиб иш қилмайди. 325 қўшма корхона тизимга яқин ва пулини яширишни истаган ва айрим нарсалардан қўрққадиган кишиларнинг ҳийла услуби билан четда фирма очиб, Ўзбекистонда филиал очиш ҳаракати натижасидир.

Би-би-си: Бироқ қўшма корхона соҳибларининг Хитой ва Туркия каби давлатлардан келгани айтилмоқда хабарларда?

Воҳид Гунеш: Туркиядан ва ҳаттоки Хитойдан бирор киши у ерга бориб корхона очади деб ўйламайман. Бир ўзбекистонлик фуқаро Хитойга бориб корхона очади ва у шу корхона орқали Ўзбекистонда иш қилади. Ўзбекистондан келиб Туркияда ширкат очиб олган бир гуруҳ одамларни танийман. Улар ушбу фирмалари орқали Ўзбекистонда корхона очадилар.

Би-би-си: Бироқ Туркия ёки Хитойдан тадбиркорларнинг Ўзбекистонда иш қилаётганини инкор қилолмайсиз-ку?

Воҳид Гунеш: Туркиядан ёки Хитойдан келиб 5-10 корхона очган одамлар бордир. Аммо 325 та эмас. Бу корхоналарнинг асосий қисми ҳийла йўли билан очилган ширкатлардир. Биз Ўзбекистондаги шароитни биламиз. Ўзбекистонда конвертация йўқ. Шундай экан Хитойдан келган одам қандай қилиб молини сотиб пулини олиб чиқиб кетади.

Би-би-си: Бироқ Ўзбекистонда иш қилаётган хорижлик ширкатлар бу муаммони қандай ҳал қилаяпти унда?

Воҳид Гунеш: Режимга яқин кишиларга нисбатан конвертация бор. Марказий банк тор доира учун ишлайди. Масалан, Марказий Банк 10 кишига конвертация учун рухсат беради. Қолганларга эса йўқ. Ўзбекистон милиция ва СНБ давлатидир. Ҳамма нарса Миллий хавфсизлик хизмати атрофида бўлади. Ётқизилган сармоялардан тортиб, очилган ширкатларгача ҳаммаси МХХ билан боғлиқ. Бошқаларга кун йўқ.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас