Алла Сейдалиева: "Русийзабон қиз мақомни куйлагани кўпларни ҳайратга солди"

Ўзбекистонлик талаба Алла Сейдалиева Лондонда Марказий Осиё мусиқаси, хусусан мақом усуллари бўйича тадқиқот юритиб бакалавр ва магистр дипломларини қўлга киритган ва эндиликда мақомни чуқурроқ ўрганиш учун Британияда докторлик тадқиқотига тайёрланмоқда.

Алла Сейдалиева русийзабон ўзбекистонлик бўлишига қарамай, мақом унинг юрагига жуда яқин эканини айтади. Ибрат Сафо у билан суҳбатлашди.

Сейдалиева: Таълимнинг учинчи йилида мен ўз якуний концертимга осиё мусиқаси элементларини қўшдим. Унда Марказий Осиё мусиқий асбобларини қўлладим. Бакалавр дипломимни олганимдан сўнг, мен айни соҳада таълимни давом эттириш учун Замонавий мусиқий томоша институтига ўқишга кирдим. У ерда мен ўзбек мақоми техникасини тадқиқ қилишни бошладим. Диссертация ишим "Мусиқий ипак йўли" деб номланган. Тадқиқотимнинг бир қисми "Ўзбекистон мақоми ва мусиқий анъаналари" деб аталганди. Имтиҳон топширганимда мен тадқиқотимни тақдим қилишдан ташқари, 45 дақиқа қўшиқ куйладим. Ўз томошамда тингловчини Ипак йўли бўйлаб оҳанглар сафарига олиб чиқишга уриндим. Мен татар тилида бир қўшиқ ва ўзбек тилида иккита қўшиқни ижро этдим.

Би-би-си: Ўзбек тилида қандай қўшиқларни ижро этдингиз?

Image caption Муножат Йўлчиевага Аллага хусусий дарс берган

Сейдалиева: Мен "Жон укам" қўшиғини ижро этдим... (Куйлайди) Жон укам, андижонлик укам, омонёр... Ўз талқинимда ижро этдим. Унга синтезаторнинг электр элементларини ҳам қўшдик, туркларнинг уд ва созларини ҳам қўлладим.

Би-би-си: Ўзбекистондан йироқда бўла туриб, мақомни тадқиқ қилиш нақадар осон ё қийин бўлаяпти сизга?

Сейдалиева: Балки уйимни соғинганим учунми Осиё мусиқасини ўрганишга қизиқиб қолдим. Мен этник татарман, ўзим туғилган ва ўсиб улғайган Ўзбекистоннинг мусиқаси мени жуда ўзига торта бошлади. Июнь ойида мен Ўзбекистонга бориб, бир ой вақт давомида Тошкентдаги консерваторияга қатнадим. У ерда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муножат Йўлчиевадан интервьюлар олдим. Равшан Юсупович Юнусов менга тадқиқот ишларини олиб боришимда катта ёрдам берди. Муножат Йўлчиеванинг ўзи шахсан менга кичик дарс ҳам бердилар, айнан мақомни куйлаш бўйича. Ҳамма учун русийзабон қиз мақомни ўрганмоқчи бўлаётгани кутилмаган ҳодиса бўлди, кўпларни ҳайратга солди, лекин ҳамма менга жуда катта ёрдам беришга тайёр эдилар. Ўзи аслида мақом асрлар оша устоздан шогирдга ўргатиб келинган, шунинг учун устозингиз бўлиши муҳим. Лекин, 21 асрда уни ўрганишнинг қўшимча йўллари ҳам пайдо бўлган. Лондонда бўла туриб мен Муножат Йўлчиеванинг Ютюбга қўйилган чиқишларини жуда кўп томоша қилганман, Тошкентда дискларни сотиб олганман. Агар 10 балли тизимда ҳисоблайдиган бўлсангиз, мен ҳали тадқиқотимнинг биринчи ё иккинчи босқичидаман.

Your contact details
Disclaimer