Пўлат Охунов: "Буюк давлат" шиорларидан воз кечиш керак

Ўзбек сиёсий фаоли Пўлат Охунов bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Пўлат Охунов (Ахунов Пўлатжон Олимжон ўғли) — 1962 йилнинг 12 мартида Андижон вилоятининг Шаҳрихон шаҳрида туғилган.

1969-79 йилларда ўрта мактабда, 1979-84 йилларда Андижон Давлат Педагогика институтининг кимё ва биология йўналишида таҳсил олган.

1984-1985 йилларда ҳарбий хизматда бўлган. Сўнгра мактабда ўқитувчи, мактаб директорининг тарбиявий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. Мактаб ёшлар (комсомол) ташкилотини бошқарган.

1989-1991 йилларда СССР Халқ депутати, 1991 йилнинг сентябрида СССР Олий Советига депутат бўлиб сайланди, СССР Олий Советининг "1991 йил 18 августдаги давлат тўнтариш воқеаларини текшириш комиссияси аъзоси".

Шунингдек, СССР илк демократик парламенти таркибида таниқли диссидент, Тинчлик учун Нобел мукофотининг лауреати Андрей Сахаров ва кейинчалик Россия Президенти бўлган Борис Ельцинлар раҳбарлик қилган депутатлик гуруҳи сафида сиёсий фаолиятини бошлаган Пўлат Охунов Ўзбекистонда хам илк ҳаракат — "Бирлик" асосчиларидан биридир.

1992 йили мухолиф–депутат ва "Бирлик"даги сиёсий фаолияти учун Ўзбекистонда бир неча бор ҳибсга олинган ва қатор маҳкама қарорлари билан жами 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Қатор колонияларда жазо муддатини ўтаган Пўлат Охунов 1994 йили халқаро жамоатчилик ва ғарб давлатларининг босими остида қамоқдан озод қилинган.

СССР Олий Совети депутати ўлароқ, Иттифоқ даражасида миллий манфаатларни ҳимоя қилишга уринган.

1995 йилдан буён Швецияда Қироллиги берган бошпана асосида мазкур мамлакатда истиқомат қилади.

Пўлат Охунов 2002 йилда мухолфатчилар орасида илк бор ватанга қайтиш ташаббуси билан чиққан, ғарб ва Ўзбекистон ўртасида сиёсий ҳамкорлик туфайли юзага келган вазиятдан фойдаланиб, мухолифат фаолиятини жонлантириш, уни бирлаштириш борасида саъй-ҳаракатлар бошлаган.

У мухолифатнинг "Давра кенгаши"ни тузган.

Пўлат Охунов 2005 йилда Андижон воқеалари туфайли мамлакатда юзага келган ижтимоий-сиёсий таранг вазият унга нисбатан ҳам босимларнинг кучайтирганини айтади.

Хусусан, унинг фуқаролик паспортидан маҳрум қилиниши, ўзининг мажбурий равишда мамлакатдан чиқариб юборилиши шулар жумласидандир.

Пўлат Охунов жамоатчиликка баҳсли танқидий чиқишлари, Ўзбекистондаги вазиятга доир сиёсий таҳлиллари билан танилган.

2013 йилгача "Бирлик" партияси раиси ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Швецияда вақтинча истиқомат қилади, 5 нафар фарзанди бор.

Би-би-си меҳмони саволларингизга ҳам интернет ва ҳам радио орқали жавоб берди.

Суҳбатнинг радио версиясини жума кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.

Зоиржон Аҳмедов: Нима учун ҳалигача мамлакат ичидаги оддий одамларга Cизнинг борлигингиз ва фаолиятингиз сезилмайди?

Пўлат Охунов: Олдин менинг чиқишларим ва фаолиятимни телевизор орқали кўрсатиб, хабар бериб туришган пайтларда одамлар борлигимни ҳам, фаолиятимни ҳам сезишар эди.

Ҳозир эса мамлакатимизда асосий ахборот фақат бир шахсга бағишланади. Демак, масаланинг бошқа томони бор, яъни фаолиятни ёритиш томони. Бир томонлама ахборот натижасида мустақиллик учун курашганлар бугун халқ душманига, мустақилликка қарши бўлганлар эса, аксинча, қаҳрамонга айландилар.

Ўзбекистон ичида ҳар қандай маълумот олиш қийин. Хусусан, мухолифат сафларидаги одамлар ҳақида маълумот тарқатиш чекланган. Мен Ўзбекистонга таъсири бор турли хил дунё сиёсатчилари билан тез-тез учрашиб тураман, улар орқали ватанимизда ижобий ўзгаришларга таъсир қилишга интиламан.

Ҳозир коррупцияга қарши кураш фондини туздик ва иложи борича Ўзбекистонда порахўрлик ва коррупцияга қарши иш олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Бу ишимиздан кўп ватандошларимиз хабардор ва кўплар ўзларининг муаммолари ҳақида менга ва ҳамкасбларимга ёзишмоқда, биз эса уларга ёрдам бериш учун амалий иш олиб боряпмиз.

Бундай шароитда кўринмасам ҳам, вазиятга таъсир қилиш имкониятини топиш, халқимиз учун фойдали деб ўйлайман.

Билол: 1. Нима учун Бирликдан қочдингиз? (Мен кетдингиз демоқчимасман)

Пўлат Охунов: Хавф-хатардан қочадиган одатим йўқ. Худога шукур, жисмонан соғломман, баъзи одамлар, менга қарашса, бошларидан дўппилари тушиб кетади (бўйим 2 метрлигини ҳисобга олсак). Энди жиддий айтадиган бўлсак, Бирликка ташкилот учун энг оғир дамда келган эдим. 1989 йили ташкилот иккига бўлиниб парчаланиб кетган эди. Ўша вақтда мен СССР Халқ депутати сифатида Бирликка кирдим. Ташкилот қайта тикланишга кўмаклашиш мақсадида ўз депутатлик ваколатларим билан Бирлик аъзо ва раҳбарларини қўлимдан келганча ҳимоя қилдим, уларнинг фаолиятига ёрдам бериб келдим.

Кейинчалик сиёсий фаолиятим учун ҳукумат мени қамоққа ташлади, қамоқдан озод бўлганимдан кейин муҳожирлик бошланди. Бу давр ичида мамлакатдаги бошланган тазйиқ ва қувғинлар натижасида Бирлик яна йўқ бўлиб кетиш ҳолатига келган эди. Лекин биз яна ташкилотни тикладик ва уни партия шаклига ўзгартириб яна фаолиятни қайтадан йўлга қўйишга ҳаракат қилдик.

Кетишим сабаби охирги йилларда Бирлик номидан қилинаётган баёнотлар ва ҳаракатлар партияга зарар етказа бошлагани бўлди. Одамларни ва бутун халқни таҳқирлаш, ҳақорат қилиш ва тўғридан тўри сўкишлар партиямизга нисбатан муносабат ўзгаришига жиддий омил бўлди. Бу жараёнлар тўхтатилиши керак эди ва бу йўналишда ҳаракат қилдим. Лекин натижа чиқишига ишончим қолмаганда, партия ичида бемаъни тортишишларни кучайтирмаслик учун, раис ўринбосари вазифасидан истеъфога чиқдим ва Бирликда фаолиятимни тўхтатдим.

Бугунги кунда Бирлик номидан айтилаётган гаплар ва баёнотларга менинг ҳеч қандай алоқам йўқ.

2. Сизда қандай куч борки, Сиз билан оппонентларингиз (расмий ҳокимият) ҳисоблашишга мажбур қила оласиз?Ҳамда: Музаффар Қосимов, Сирдарё вилояти: Қачон охирги марта Ўзбекистонга бориб келгансиз?

Пўлат Охунов: 27 ёшимда СССР Халқ депутати бўлиб сайланган эдим. У пайтларда бундай муваффақият ёш йигитга бутун умр мансаб поғоналарида кўтарилиб, катта амалдорларнинг "лаззатли ҳаётига" йўл очиб берар эди. Бунинг учун "хўжайинларга хизмат қилиш" керак эди. Лекин мен бу йўлни танламадим. "Агар жим ўтирсам, халқнинг дардини ким айтади" деб, амалдорларни эмас, оддий одамларни уйлаб иш тутишга қарор қилдим ва бу танланган йўлим тўғри эканига ишонч менга ҳозиргача куч бермоқда. Оддий халқни, миллатини ўйлаган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди.

Яна бир муҳим омил бор: депутат бўлганимдан бери кўп машҳур ва тарихий шахслар билан ҳамкорлик қилдим, улар ичидан мисол сифатида Нобел мукофоти лауреати Андрей Сахаров ва кейинчалик Россия президенти бўлган Борис Ельцинни келтириш мумкин. Галина Старовойтова, Анатолий Собчак ва бошқалар каби таниқли демократ арбоблар билан хам бирга ишлашга муяссар бўлдим. Ҳукумат кейинчалик мени қамоққа ташлаганида, айнан халқаро доираларда танилган одам бўлганим ва Россия президенти Ельцин билан бирга Франция президенти Миттеран шахсан аралашувлари натижасида Ислом Каримов мени махсус фармони билан озодликка чиқаришга мажбур бўлишига олиб келган.

Ҳозирги кунда ҳам аввалги тажрибам ва парламентда ишлаганим менга Европа Иттифоқи расмий идоралари ва Европа давлатларининг расмий амалдорлари эшикларини очиб беради, чунки улар мени ўтмишимни Сахаров ва Ельцин билан бирга ишлаганимни, кейинчалик сиёсий маҳбус бўлганимни ва эътиқодимдан қайтмай, кина ва кудратга берилмасдан Ватанимда демократия учун курашаётганим сабабли ҳурмат қилишади. Бу эса, ўз навбатида, расмий ҳокимиятни ҳам мен билан ҳисоблашишга мажбур қилади.

Ўзбекистонга бориш масаласига келсак, мен ватанга қайтиш ташаббуси билан чиққан одамман ва буни амалда бажаришга хам ҳаракат қилдим ва қиляпман. 2008 йили мени ватанимдан мажбуран чиқариб юборишди ва фуқароликдан маҳрум этишганини эълон қилишди, лекин мен бу қарорни ноқонуний деб ҳисоблайман ва 2012 йили Ўзбекистонга боришга ҳаракат қилдим ва 72 соатга ватанга киритилдим.

Мамлакатга киритилишимдан аввал, мени Тошкент аэропортида чегарачилар камерасида тўрт соат, кейин транспорт милицияда ҳам камерада саккиз соат мобайнида ушлаб туришди. Лекин, алалоқибат, менга касал онамни кўришга рухсат беришди. Ҳукуматнинг бу қадамини мухолифатнинг ватанга қайтиши учун тўсиқларни олиб ташлаш йўлидаги ижобий қадам, деб баҳоладик ва бу ҳақда махсус баёнот ҳам бердик. Менинг ватанга киритилишим ҳақидаги ижобий хабарни Швеция парламенти раиси ва Швециянинг Ўзбекистондаги элчиси ҳам мамнуният билан қарши олишди ва бу йўналишда ҳаракатларимни қўллаб қувватлашларини билдирдилар. Лекин ҳукуматнинг мухолифатчиларни фуқароликдан маҳрум қилиш сиёсатини нотўғри деб ҳисоблашди. Чунки бу Ўзбекистонда ҳукумат ва мухолифат орасида муросага эришиш ва демократияни ривожланишига тўсиқ булади, деб ўйлашди. Шунинг учун мен мухолифатни ватанга қайтишини ва шахсан ўзимнинг ватанга қайтиш ҳаракатларимни давом эттираман. Бу ишим муҳожиратдаги барча ўзбекларни ватанга қайтиш имкониятига ижобий таъсир қилади, деб ишонаман.

Паланги, Тошкент-Ню-Йорк: Кутилаётган сайловларда ўша эски тос эски ҳаммом қабилида қўғирчоқ ўйини бўлади, деб тахмин қиляпман. Ҳақиқатан ҳам, вазият ўзгармаса, ғарб давлатлари Ўзбекистонгаям санкция киритишадими расман?

Пўлат Охунов: Ҳақсиз. Кутилаётган сайловлар Ғарбга "бизда ҳам демократия ва сайловлар бор", деган тасвирни кўрсатишга мўлжалланган қўғирчоқ ўйини бўлиши аниқ. Лекин ҳеч қандай санкциялар киритилмайди ва буни тўғри деб билан. Ишончим комилки, агар санкциялар киритилса, мавжуд режимнинг ўзгаришига умид қилиш қийин. Аксинча, бунинг ўрнига мамлакатимиз чегаралари ёпилади, одамлар четга чиқа олмайди, босим, сиқув ва тазйиқлар кучайишига олиб келиши мумкин. Охир оқибат бундан фақат оддий халқ зарар кўради, давлат амалдорлари эса ушбу санкцияларни сезишмайди ҳам. Санкцияларнинг бошқача таъсири ҳам бўлади: Ўзбекистоннинг тўлиқ Россия ва Хитой пинжига кириб кетиши ва уларнинг томорқасига айланиб қолиши эҳтимоли баланд.

Абдулатиф Адҳамов: Пўлат акага савол: Акахон, мухолифат нега парчаланиб кетган деб ўйлайсиз?

Пўлат Охунов: Мухолифатни бирлаштирган ғоя бу миллатчилик ва мустақиллик ғоялари эди. Бу мақсадларга эришилгандан кейин янги ғоя ва мақсадлар ҳосил бўлмади. Янги ғоя қидириш йўлида мухолифатнинг бир қисми демократик йўналишга ўтди, бошқалари эса сиёсий дин йўналишга ўтди, учинчилар эса тўлиқ ҳукумат тарафидан дастакланган ("Миллий қадриятларга қайтиш") миллатчиликнинг янги турига ўтишди. Бу омилларнинг ҳаммаси бир бўлиб мухолифатни парчалаб юборди.

Алоҳида айтиш керакки, мамлакатимиз бошқа миллат вакиллари мустақилликка эришилгандан сўнг мухолифатда ўз ўринларини топа олмасдан унинг сафларини тарк эта бошлашди, чунки юртимизга келган ўзбеклар байрамида ўзларини бегона ҳис қилишди ва миллий шаклга эга бўлган мухолифатга қўшилишни исташмади. Бу омил, албатта, мухолифатнинг кучсизланишга олиб келди.

Максим Назиров, Франция: Янги мухолиф куч ташкил қилиб, ҳозирги Каримов ҳукумати билан тўғридан-тўғри халқаро қонунларга асосланиб, баҳсга кирсак бўладими, йўқми?

Пўлат Охунов: Мухолифатимиз халқаро қонунларга асосан эмас, Ўзбекистон қонунларига, республикамиз Конституциясига таяниб Каримов ҳукумати билан мубоҳисга кириши керак, деб ўйлайман. Жамиятимизда сиёсий баҳслар ва музокаралар маданиятини шакллантиришимиз керак.

Қанат Одил: Пўлат Охунов, Сизнинг фикрингиз бўйича, фуқароларнинг шахсий ҳужжатларида, шу жумладан фуқаро паспортларида, "Миллат" деб аталган 5-моддани сақлаш зарурати борми? Мустақилликдан 23 йил ўтиб, "титул миллати" ("титульная нация"), "миллий озчиликлар" ("национальные меньшинства") деган тушунчалар мамлакатимизга қанчалик керак?

Пўлат Охунов: Фуқароларнинг шахсий ҳужжатларида, шу жумладан фуқаро паспортларида, "Миллат" деб аталган 5-моддани сақланиши бу Совет давридан қолган салбий меросдир ва бугунги шароитда жамиятимизни жипслаштиришга жиддий тўсқинлик яратмоқда. Ушбу омил халқимизда "титул миллати" ва "миллий озчиликлар" тушунчаларини сақлаб қолмоқда ва аҳолининг кўп миллионли қатламини сиёсий жараёнлардан ташқарига чиқармоқда. Шу сабабдан улар демократия учун курашиш ўрнига ижтимоий бефарқ бўлишмоқда, сиёсий сукут сақлашмоқда ё бўлмаса мамлакатни тарк этишни афзал билишмоқда. Қолаверса, бу Ислом динимиз асосларига зиддир ва кўп адолатсизликларга олиб келиш эҳтимоли бор. Тасаввур қилинг, сиз тожик, туркман, қирғиз ёки қозоқ миллатига мансуб шахссиз ва давлат идорасида бирон ишга давогарлик қилмоқдасиз. Ўзбекча гапиришни ҳаттоки айрим ўзбеклардан ҳам яхши биласиз. Қиёфангизга ва муомилангизга қараб кадрлар бўлимида сизни самимий кутиб олишади, лекин ҳужжатнигизни очишлари биланоқ ва у ерда ўзга миллатдан эканингизга кўзи тушибоқ ходимнинг ранги ўзгаради. Шундай вазиятлар бор деб айтишдан узоқман, лекин бунинг эҳтимолини инкор қилиб ҳам бўлмайди. Унутмаслигимиз керакки, юқорида кўрсатилган халқлар Ватанимизнинг ўзбеклар сингари туб аҳолиси ҳисобланади, уларнинг аждодлари ўзбекларнинг аждодлари билан асрлар бўйи ушбу заминда ёнма-ён ҳамсоя бўлиб яшашган, умумий маданиятимизни барпо этишган ва ота-боболари қабрлари шу ерда қолган. Бошқа миллат вакиллари ҳам, яъни руслар ва татарлар, корейслар ва украинлар, яҳудийлар ва арманилар мамлакатимизнинг тўла ҳуқуқли фуқароларидир. Конституциямизга мувофиқ, уларнинг ҳуқуқлари ҳамма билан тенг деб белгиланган. Демак, мамлакатимиз мустақиллиги шароитида 5-модданинг сақланишига ҳеч қандай асос қолмади, деб эътироф этишимиз зарур.

Меҳрибон Қадамова: Пўлат Охунга савол: Сиз дунёдаги бугунги геосиёсий вазиятга қандай баҳо берасиз? Ўзбекистонга бу сиёсатнинг таъсирини қандай тушунасиз? Келажакда Ўзбекистоннинг сиёсий ва ижтимоий тузуми қандай бўлиши керак?

Пўлат Охунов: Бутун дунё учун гапириш ҳожати йўқдир, лекин минтақамизнинг бугунги геосиёсий вазиятини Россиянинг агрессив сиёсати ва айнан шу сиёсат туфайли Украинада келиб чиққан инқироз, Қрим аннексияси белгиламоқда. Диний экстремизм омили ҳам сақланиб ҳамиша хавф солиб турибди. Ушбу жараёнлар устида минтақамиз бўлингани, унда жойлашган давлатлар раҳбарлари ўзаро келиша олмаслиги ниҳоятда катта хавф туғдираётганини кўриб турибмиз. Шунинг учун минтақавий ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик, интеграция ва, ниҳоят, бирлашишимиз ҳаётимизда энг долзарб масалага айланди. Бу масалада Ўзбекистоннинг масъулияти алоҳида ўринда турибди. Ушбу масъулиятни намоён қилиш учун давлатимиз қўшниларга нисбатан менсимаслик мавқесида туришдан, "Буюк давлат" шиорларидан воз кечиши керак, уларга ҳурмат, дўстлик ва ҳамкорлик қўлини узатиши керак.

Ўзбекистонни этнократик тузумдан холис бўлган умумдемократик принципларга асосланган давлат сифатида кўрмоқдаман. Ижтимоий тузумимизнинг асоси хусусий мулк ҳурмат қилиниши, фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларига ва мажбуриятларга риоя қилинишидир.

Шермуҳаммад Шамситдинов: Ўзбекистонни етакчи давлат қаторида кўриш учун биздаги қайси иллатни биринчи ўринда йўқ қилиш керак?

Пўлат Охунов: Қонунга ҳурматсизлик. Чунки ҳамма нарса шундан бошланади. Бу одамларимизни қон–қонига сингиб кетган. Агар қонунга муносабат ўзгармаса, жамиятда ижобий ўзгаришлар қилиб бўлмайди. Шу билан бирга коррупция ва порахўрликни ривожланишимиз учун энг катта тўсиқ, деб ҳисоблайман.

Фазлиддин, Андижон: Сиз ёшлигингиздаёқ юқори минбарларни кўриб, сиёсатда пишган инсонсиз. Яъни ҳозирги кунда сиздан бошқа мухолифатни бирлаштириши мумкин бўлган шахс мухолифатда йўқ. Нега уни (Би-би-си: мухолифатни) бирлаштиришга ҳаракат қилмаяпсиз?

Пўлат Охунов: Мавжуд мухолифатни бирлаштириш заруратини кўрмаябман. Халқимизнинг, аҳолимизнинг янги қатламларини сиёсий ва ижтимоий фаолликка жалб қилишимиз лозим. Ушбу қатламларнинг эътиборини ва билимларини умумжаҳон демократик анъаналарга қаратишимиз керак. Янги йўл топиб, янги ғоялар ҳосил қилиб, Ватанга қайтиш ва Ватанда ишлаш ҳамма ватанпарвар кучлар билан ҳамкорлик қилишга умидим бор.

Зубайр Фозил: Пўлатжонга бизнинг саволимиз оддий: Сиз муҳожирликдан мамнунмисиз? Агар мамнун бўлсангиз, қайси томонлари сизни мамнун қиляпти?

Пўлат Охунов: Мамнунман. Швеция жамиятида шаклланган муносабатлар худди бизни Ислом дини чақираётган тартибга мос келади деса бўлади. Мусулмончилик қадриятлари бу юртда ўзининг амалий ўрнини топган. Одамлар ўзаро ҳурмат ва эркинлик, шу билан бирга ўзаро талабчанлик шароитида яшамоқда. Постсовет мамлакатларда мавжуд бўлган оммавий коррупция ва порахўрлик, ўғрилик даражасини бу ерда тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Жамият ҳаёти Инсон ҳуқуқларга нисбатан ҳурмат ва ҳимоя шароитида ўтмоқда. Бунинг устига давлат моддий томондан ниҳоятда бой ва фуқароларни мустаҳкам ижтимоий ҳимоя билан таъминлайди. Сиёсатчилар, раҳбарлар, ҳаттоки Швеция қироли, халқдан узилиб қолгани йўқ. Мен ва оилам шу муҳитда ўзимизни бахтли ҳис қиламиз. Ватандан олисда бўлса ҳам, ҳаётим олдингидан ҳам гўзалроқ шаклда давом этяпти. Хусусан, бутун дунёни кезиб чиқиш биз учун муаммо эмас. Фарзандларим шу ерда ўқиб таълим олишди. Катта ўғлим банк соҳасида юқори лавозимли мутахассис, иккинчиси компьютер муҳандиси, учинчи ўғлимиз ҳуқуқшунос. Қолганлари мактабда ўқишади. Ватанимиз Ўзбекистонда ҳам шундай шароитларни яратиб, бу ерларда ўрганган нарсаларни татбиқ этиш бизнинг мамлакатимизни ривожланиш даражаси Швеция даражасида бўлишини орзу қиламан ва шу йўналишда иш олиб боряпман.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ