UzWebiston: Самарқандлик аёллар протестантликда айбланиб, жазоландилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Самарқанд шаҳар маҳкамаси олти нафар аёлни протестантликни тарғиб қилишда айблаб, жазога тортган.

Бу ҳақда "Самаркандский Вестник" газетаси хабар берган, деб ёзилади "daryo.uz" вебсайтида.

Маҳкамага тортилганлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг «Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш, тарқатиш», «Диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» ва «Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш» моддалари бӯйича айбланганлар.

Маҳкамада Самарқанд шаҳрида яшовчи 49 ёшли Фиала Ким, 56 ёшли Элла Цой, 26 ёшли Любовь Фомина, 42 ёшли Елена Павленко, 44 ёшли Фотима Ким, 33 ёшли Галина Сиротиналар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигини бузган ҳолда норасмий протестантлик фирқаси мафкурасини ўқитиш ва ўрганиш мақсадида 12 киши бўлиб тўпланишлари аниқлангани айтилган.

Маҳкама айбланувчилардан тӯрт нафарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 184²-моддасига кӯра мамлакатдаги энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида, икки нафарига нисбатан эса, мазкур кодекснинг тӯрт моддасига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақининг 155 баравари миқдорида жарима белгилаган.

Бундан олдинроқ Самарқандда "Иегова шоҳидлари" сектаси ғояларини қонунга зид равишда тарқатганлиги учун икки киши жаримага тортилганди.

Маҳкамада айтилишича, М. Шамсиева ва А. Плашеванинг диний ташкилот низомини тегишли тартибда рўйхатдан ўтказмасдан, ноқонуний диний фаолият олиб боришгани аниқланганди.

Бу аёллар уч нафар маҳаллий аҳолини ўз секталарига жалб қилишга, уларга махсус адабиётларни тақдим этишга ҳам улгуришгани таъкидланганди..

Бу аёлларнинг уйида тинтув ўтказилганида, «Янги аҳд», «Псалтирь» китоблари, шунингдек, флеш-хотирасида диний мазмундаги маълумотлар бўлган Samsung телефони топилгани иддао этилган.

"Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди қоидабузарликларнинг жамият учун хавфли эканлигини ҳисобга олиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддасига асосланиб, М. Шамсиева ва А. Плашевага энг кам иш ҳақининг 6 баравари миқдорида жарима жазосини қўллади", – дея хабар берган 12news.uz вебсайти.

Мазкур сайтнинг қайд этишича, маҳкамага тортилган аёлларнинг ҳар бири 576 минг 630 сўм миқдорида жарима тўлаши керак бўлади.

Шу ӯринда Ӯзбекистонда "Иегова шоҳидлари"нинг фаолият юритиши таъқиқлангани, оллинги йиллар мазкур мазҳаб фаоллари маҳкамага тортилиб, жазоланганини таъкидлаш жоиз.

Айни бир пайтда халқаро ташкилотлар гарчи Ӯзбекистонда виждон эркинлиги қонунда белгилаб қӯйилган бӯлса-да, лекин кӯп диний ташкилотлар тазйиққа олиниши, мазҳаблар миссионерликда айбланиб, ёпиб қӯйилишини айтиб келишади.

Кузатувчилар эса, Ӯзбекистонда фақат ноъананавий динларга эътиқод қилаётган кишилар эмас, балки ислом динидаги инсонлар ҳам турли баҳоналар билан жазога тортилаётгани, уларнинг кӯпчилиги узоқ йиллик муддатга қамоққа ташланаётганини айтиб келишади.

Айни бир пайтда Ӯзбекистон қамоқхоналарига ташланган мусулмонларнинг таҳқирланиши, қийноққа солиниши ва турмадан уларнинг ӯликлари чиқаётгани ҳақида маълумотлар ҳам тез-тез ӯртага чиқиб туради.

Your contact details
Disclaimer