Ўзбекистонда АҚШ доллари қиймати кўтарилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, қора бозорда америка доллари қиймати кескин кўтарилган.

Тошкентдан журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, бугун 1 АҚШ долларининг "қора бозор"даги харид нархи 3310 сўм, сотилиши эса, 3350 сўмга чиққан.

Фақат Ўзбекистонда мавжуд "қора бозор"да валюта нархи ўзгаришининг ўзига хос сабаблари бўлиши айтилади.

"Бу гал саррофлар иккита сабабни келтиришмоқда", дейди журналист Абдураҳмон Ташанов.

"Биринчиси, Россияда рублнинг инфляцияга учраши билан боғлиқ. Яъни, жуда кўп миқдордаги рубллар Ўзбекистонда ҳам бор ва рублнинг инфляцияси валюта бозорига таъсир кўрсатмай қолмайди. Иккинчи сабаб... Йил охирида нақд эмиссиясини бажариш учун банклар, ҳар хил молиявий институтлар аҳоли қўлидаги пулни йиғиб олишга ҳаракат қилади. Валютафурушларга кўра, доллар нархининг кўтарилиши сабабларидан бири ҳам шу бўлиши мумкин. Лекин, аксинча бўлиши керак, чунки сўм камайса, долларнинг қадри пасайиши керак. Шунинг учун, менинг назаримда, иккинчи сабаб у қадар тўғри эмас. Менимча, ўша биринчиси тўғрироқ, яъни, бу ўша Россияда рублнинг инфляцияга учраши билан боғлиқ".

Журналистнинг айтишича, Ўзбекистонда нафақат Америка доллари, балки бошқа хорижий валюталар нархи ҳам кўтарилган.

"Долларнинг курсига қараб, евро нархи ҳам худди шундай миқдорда ошган. Ҳатто Россия рублининг қиймати ҳам, инфляция бўлаётганига қарамай, Ўзбекистонда кўтарилиб қолган. Қозоқ тангасининг ҳам қора бозордаги нархи қимирлаб қолган. Умуман, валюта бозоридаги бу ўйин ортидаги сабабларни шу пайтгача бирон бир мутахассис ёки сарроф аниқ тушунтириб бера олгани йўқ", дейди Абдураҳмон Ташанов.

Аммо, сўнгги валюта қиймати кўтарилиши ҳолати кўп давом этмаслиги декабрга бориб нархлар яна пасайиши ҳам башорат қилинади.

"Энди валютафурушлар декабрдан яна доллар қиймати туша бошлашини айтишмоқда. Яъни, харид нархи 3 минг сўм атрофида бўлади, дейишяпти", дейди журналист.

Ўзбекистон валюта нархлари турлича ва миллий сўм конвертацияси ўта чекланиб қолаётган мамлакатлардан биридир. Бунинг устига, ўзбек сўмига ишонч камлиги ва жамғариш қобилиятининг йўқотиб бораётгани боис одамлар ўз маблағларини долларда сақлашга кўникишган.

Айни пайтда Ўзбекистонда ҳамон уч хил валюта курси сақланиб қолмоқда. Булар - Марказий Банк белгилаган расмий курс, "қора бозор" ва биржа нархлари.

Шунингдек, Ўзбекистонда хориж валютасини пул айрбошлаш шаҳобчалари ва ё банклардан сотиб олиш амалда имконсиздир.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ