Ўзбек милицияси: осойишталикни қўриқлаш ўрнига дилхушлик

Ўзбекистоннинг Чирчиқ шаҳрида милиция ходими ўз хизмат вазифасини ўтаётган пайтда ёш қизни отиб ўлдирган.

Аниқланишича, милиция ходими қиз билан учрашиб юрган.

Лекин қотилликнинг асосий сабаби ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Чунки милиция ходими фожиа юз берган ердан қочиб кетгани хабар қилинади.

Орадан бир неча кун ўтгач, унинг ўлиги топилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан ИА REGNUM ахборот агентлигига билдиришларича, милиция ходими ўзини отиб ўлдирган.

Ўқ милиция ходимига хизмат юзасидан берилган тўппончадан узилгани аниқланган.

Марҳум қиз ҳам худди шу тўппонча билан отиб ўлдирилган.

Самарқандда эса, милиция ходими ўзи хизмат қилаётган ер – банк биносига ярим тунда ёқтирган қизини таклиф этган.

Лекин у мизғиган пайт қиз тўппончасини олиб, қочиб қолган.

Уйқудан уйғонган милиция ходими тўппончаси йўқолганини кўриб, яхши кўрган қизига устма-уст бир неча марта қўнғироқ қилган.

У жавоб бермагач, бўлиб ӯтган воқеа тўғрисида ўз ҳамкасбларига хабар берган.

Тўппонча ўғирлаб қочган қизни топиб, қўлга олиш учун милиция қидирув эълон қилган.

Бу орада у қиз воқеа юз берган ердан юзлаб километр нарига етган бўлган.

Уни Тошкент шаҳрида қӯлга олишган.

Таҳлилчилар айтишларича, хизмат вазифасини бажараётган пайтда кўнгилхушликлар, хизмат доирасидан бошқа ишлар билан шуғулланиш Ўзбекистондаги милиция ходимлари орасида тез-тез учрайдиган ҳолга айланган.

Милиция ходимлари ўзларига берилган катта ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда, уларнинг иш ҳақи учун солиқ тўлайдиган аҳолига хизмат қилмасдан, кўнгилларига келган ишни қилишлари айтилади.