Ёш Ислом Каримов: 'Вазият ўзгариши керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ёш Ислом Каримов Ўзбекистондаги вазиятнинг ўзгариши учун имконият бор ва аҳвол ўзгариши керак, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг тўсатдан эътибордан қолиши ҳамда Ўзбекистонда тутган нуфузини йўқотиши кўплаб саволлар туғдиради. Бу саволларнинг баъзиларига жавоб топиш учун Би-би-си мухбири Наталья Антелава Лондонда Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов билан учрашган. Бир пайтлар Ўзбекистоннинг "энг манфур аёли" деб аталган Гулнора Каримова ҳозирги кунда қаерда, қай аҳволда, унинг қулашига қайси омилу кучлар сабаб бўлган, Ўзбекистонда қудрат учун кураш қай йўсинда юз бермоқда, бу ва бошқа саволларни мухбиримиз ёш Ислом Каримовга берган. Бугун бу суҳбатнинг давоми.

Би-би-си: Бобонгиз Ўзбекистонда мухолифатни йўқотди, мамлакатда ўзгача фикрга ўрин йўқ. Мен сафар қилган биронта бошқа мамлакатда, Эрон дейсизми, Бирма - жаҳондаги энг ёпиқ мамлакатларда ҳам сиёсий эркинликларнинг бу қадар ёмон аҳволда бўлганига гувоҳ бўлмаганман...

Ислом Каримов: Мен ҳеч қачон сиёсатга аралашмаганман. Лекин нималар рўй бераётганлигини тушунаман. Балки, имкон бўлса бобомдан вазият нима учун бундай эканлиги ҳақида савол сўрашим, нима учун бундай қилаётгани сабабларини билишим мумкин бўлар. Лекин унинг номидан гапира олмайман. Айтишим мумкин бўлган нарса, албатта вазият ўзгариши учун имкон бор ва вазият ўзгариши керак. Чунки бир кун келиб чидаб бўлмас даражага етиши мумкин, ҳамма нарса пароканда бўлиб кетади. Мамлакатни сақлаб қолиш учун ўзгаришлар рўй бериши керак. Лекин бу ўзгаришни ким қилади? Мен билмайман. Чунки унинг атрофидаги шахслардан кимда-ким қудратга келмасин, аҳвол бундан-да ёмонроқ бўлади. Кўп нарсани бобомдан кўришади, лекин бўлиб ўтаётган баъзи нарсалар ҳақида унинг баъзида хабари ҳам бўлмайди.

Би-би-си: Бобонгизнинг матбуотдан, бошқа манбалардан маълумот олиш имкони йўқми?

Ислом Каримов: Бир куни у интернетга боғланмоқчиман, компютерим бўлишини ҳоҳлайман деганди. Мен унга компютердан фойдаланишни ўргатдим. келгуси куни интернетдан фойдаланишни, у ердан қандай қилиб маълумот олишни ўргатишни режалагандим. Лекин бувим мени бир четга чақириб, "Калланг ишлайдими, агар у Интернетни ўқий бошласа, ҳамма нарсани билиб олади-ку", - деди. Мен ҳайратга тушдим, нима учун улар унинг ҳамма нарсани билишини исташмайди деб. Ҳамма нарсани билса яхшироқ ва хавфсизроқ эмасми деб ўйладим. Келгуси куни бувим менга бирон нарса ўргатишимга изн бермади. Интернет кабели компютерга уланмаганини кўрдим, бувим: "Қўй, шундай қолсин, интернет ишламаяпти деб айтгин", - деди. Бувим уни интернетдан маҳрум қилган. Бобомнинг мобил телефони йўқ, радио эшитмайди, фақат телевизор кўради. Интернетдан фойдаланса, вазиятни ўзгартириш қулайроқ бўларди, мен унга электрон мактуб йўллашим мумкин эди.

Би-би-си: Бувингизнинг булардан манфаати нима?

Ислом Каримов: Унинг турли манфаатлари мавжуд. Бизга бу ҳақда хавфсизлик хизмати ходимлари айтган. Бир йилча аввал айтишганди, бувим улар билан келишувга эришган, бобом қачон ва қай тарзда ҳокимиятни қўлдан бой бермасин, бувим мамлакатда дахлсиз яшайверади, бор мол-мулкини сақлаб қолади ҳамда эркин сафар қила олади. Чунки одатда бу қадар узоқ муддат қудратда бўлган инсон қудратини қўлдан бой берса, бу унинг оиласининг, алоқаларининг, дўстларининг йўқ қилинишини англатади. Хуллас, у бутун оила аъзоларини ўзининг хавфсизлиги учун қурбон бермоқда. Агар Шекспир Ўзбекистонда яшаганда буларнинг барчаси унинг асарлари учун илҳом берарди, менимча.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова бир неча ойдан бери уй ҳибсида ушлаб турилганлиги айтилади.

Би-би-си: Лекин кўплар онангизнинг кирдикорларидан шикоят қилишади, биз суҳбатлашган баъзи ишбилармонлар уларнинг бизнесларни тортиб олишда у тутган ўрни ҳақида айтишган.

Ислом Каримов: Ҳамманинг ўз мақсади бор ва ҳамма ҳам ўзлари аслида ким эканликлари ҳақида ҳақиқатни айтмайдилар. Онам ўз шахсий ҳаётини бошқаларга кўз-кўз қилмайдиган инсон. Ҳукумат томонидан ажратилган машиналарда юрмайди, ресторанларга борса, одамларнинг кўзидан узоқроқ ерда ўтиришга ҳаракат қилади. Қандай қилиб бундай инсон бировнинг бизнеси устига бостириб бориб, олиб қўя олади деб айта оламиз. Аксинча, у бизнесларини йўқотган инсонларга ёрдам беришга ҳаракат қилиб келган. Онамни айблаб интервю берганларга қанча ҳақ тўланганини ҳам биламан. Уларга ким ҳақ тўлаганини ҳам биламан. Менинг онамнинг рэкетларга алоқаси йўқ. Унинг номидан, у билмаган ҳолда амал қилувчилар бўлган.

Би-би-си: Ҳозирда сизларнинг оилангиз ичидаги келишмовчиликлар бутун бошли мамлакатдаги миллионлаб инсонлар ҳаётига таъсир қилаётганини тушуниб етасизми?

Ислом Каримов: Ҳа, муаммо ҳам ана шунда. Менинг онам яратиб улгурган ва ҳозирда вайрон этилган нарсаларни ҳеч ким қайта қуришга ҳаракат қилмаяпти. Унинг жамғармаларидан камида мамлакатдаги ҳар 10 кишидан бири манфаат кўрганди. Бу каби йирик жамғарма йўқотилса ва ўрнига ҳеч нима яратилмаса, албатта кўплаб инсонлар ҳаётига таъсир қилади.

Би-би-си: Онангизнинг уй қамоғида бўлиши, қийноқлар ва аслида қамоқда бўлишдан кўра тузукроқдир ва унинг омадли эканини англатар?

Ислом Каримов: Албатта бу даҳшатли ва ҳеч қаерда рўй бермаслиги керак. Лекин бу нарсалар нафақат Ўзбекистонда рўй беради, албатта бу баҳона эмас. Менинг шахсан буларга ҳеч қандай алоқам йўқ. Хулоса қилиб бўлган нарсам шуки, онамнинг уй қамоғида бўлгани, қийноққа тутилганидан кўра яхшироқдир. Лекин бу билан ҳозирги аҳволни оқлаб бўлмайди-ку. Уй қамоғида бўлгани, қайноқ сувга пишганларидан кўра яхшироқ, дея олмаймиз-ку. Оёғини йўқотган одамни, ҳеч қурса қўлинг омон қолган, деб тинчлантира олмайсиз-ку. Ҳафталаб озиқ-овқат етказилмаса, электр ўчирилса, совуқ тушганда уй иситилмаса. Март ойида ундан сув ва иситиш учун қандай қилиб тўлайсиз, деб сўрашган, у ҳам саволга савол билан "Қандай қилиб тўлай?" деб жавоб берган. Ўшанда "Қишда омад сизга кулиб боқмас экан-да", - деб ҳазиллашишган. Аҳволи ёмонлашса, шифокорни қўйишмайди. Бундай аҳволни қийноққа тутилишдан кўра яхшироқ дея олмайсиз. Иккала ҳолат ҳам ёмон ва юз бериши керак эмас.

Би-би-си: Бу вазиятдан чиқишнинг қандай йўлини истаяпсиз?

Ислом Каримов: Мен хайрихоҳлик истаётганим йўқ. Асосий истагим онам ва синглимнинг озод бўлиши. Ёки ҳеч бўлмаса хориждаги ҳар қандай маҳкамага бориб, ўз шаънини ҳимоя қила олиш имконига эга бўлиши. Иккинчи истагим, оиламиз яна оддий йўлга тушишини истардим. Ўзбекистонда ўзгаришлар рўй беришини истардим. Минтақадаги етакчи давлатга айланишини хоҳлардим. Инсонлар Ўзбекистондан эканликларидан ғурурланишларини хоҳлардим. Менинг ўзим Ўзбекистонлик эканлигимдан жуда фахрланаман. Ўн саккизга кирганимда АҚШ паспортидан воз кечганман.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Би-би-си: Лекин синглингиз АҚШ фуқароси, бу жараёнда Америка томонининг бирон аралашуви бўлдими?

Ислом Каримов: Буниси жуда ғалати ҳолат. Чунки шу вақтгача нима учун Америка томони вазиятни яхшилаш ёки мактубларимизга жавоб бериш учун бирон қадам ташламаганини тушуна олмаймиз. Феврал, март ойларида онам ва синглимни бориб кўришган, лекин ўшандан бери ҳеч ким бормаган. Биз улардан озиқ-овқат, сув олиб бориб беришлармизни сўраб қилган мурожаатлармиз жавобсиз қолган. Худди ҳамма бу вазиятга кўз юмаётгандек. Менимча, улар мамлакат раҳбарияти билан муносабатларини ёмонлаштирмоқчи эмаслар. Ўзбек расмийлари синглим хоҳлаган ерига кетиши мумкин деганлар. Лекин 16 ёшли қиз қаерга боради?

Би-би-си: Яна катта Ислом Каримовга қайтсак. Бобонгиз ҳеч қачон ғазабланиб, Сизга ҳам дакки берганми?

Ислом Каримов: Йўқ, деярли ҳеч қачон. Фақатгина эслайман, бир куни мода бўлган йиртиқ жинси шим ва майка кийгандим. У мени кўриб, сен кимсан, эркакмисан ёки масхарабоз, деди. Одаммисан ўзи, деб роса койиди. Мен уст-бошим учун шундай ғазабланишини ҳеч тасаввур қилмагандим.

Би-би-си: Сиз бобонгизни ўзингизга қарши инсон сифатида кўра бошладингизми?

Ислом Каримов: Йўқ, бундай ҳолатни қабул қилгим келмайди, албатта. Айтганимдек, бизни заифлаштириш билан у ўзини ҳам заифлашганини тушунса. Аллақачон мамлакатда оиласини бошқара олмаган инсон қандай қилиб мамлакатни бошқара олади, деган гаплар юрибди.

Би-би-си: Сизнинг оилангиз мамлакатни тинч қўйиши вақти келди деб ўйлайсизми?

Ислом Каримов: Фикримча, муайян шахсларнинг кетишлари вақти келди. Лекин бутун бошли оила кетиши керак деб айта олмайсиз. Нима учун мен ўз ватанимда яшай олмаслигим керак? Мен ҳеч кимга ёмонлик қилганим йўқ-ку. Нима учун оиланинг ёш аъзоларига нисбатан ҳам ҳукм чиқарилиши керак. Биз оила сифатида баъзи нарсаларни ўзгартиришимиз вақти келди деб ўйлайман. Бу уй ҳибси вазияти давом этар экан, мамлакатда барқарорлик бўла олмайди. Чунки бу аҳвол давом этар экан, миш-мишлар ҳам урчийверади, қудрат учун кураш, саройдаги ўйинлар ҳақида гап сўзлар урчийверади. Шунинг учун вазиятга нуқта қўйиш керак.

***

Ёш Ислом Каримов ўз суҳбатида қилган даъволари юзасидан Президент Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримова Би-би-сига қуйидаги ёзма баёнотини юборди:

"Очиғини айтаман, ушбу вазиятда менинг номимга қаратилаётган ёлғон айбловларни доимий равишда рад қилиш учун катта энергия, асаб сарфлашимга тўғри келиб, охир-оқибат эса жуда оз, эҳтимолки, тескари натижага эришган бўлардим. Мана шунинг учун ҳам мен матбуотда мунтазам равишда изоҳ беришни маъқул кўрмайман. Бу шунчаки фантастика жанридаги ёлғонгина эмас, балки муайян вазият ва мавжуд инсонларга усталик билан боғланган, шафқатсиз ва пухта ўйланган бўҳтон ва ушбу бўҳтон канчалик хатарли эканини мен яхши англайман. Шу боис ҳам, вазият шуни тақозо этганда, мен ўзимни қонун доирасида муҳофаза қилиш имкониятини ўз адвокатларимга тақдим этаман. Ҳар қандай туҳмат бизнинг қалбимизни ғазаблантиради. Дунёга келган куниданоқ сенинг ўзинг энагалик қилган, меҳр ва муҳаббат билан биринчи қадамларини ташлашга ўргатган одамингнинг туҳмати эса янада кўпроқ оғир ботади. Мен жажжи жиянимни илк бор ўз қўлимга олган дақиқаларни эслайман. Бу улкан илиқлик ва муҳаббатни мен ҳамон ўз юрагимда сақлайман ва Яратганга дуоларимда унга ақл-идрок бериб, уни тўғри йўлга бошлашини сўрайман".

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ