Кенжа Каримов: Мен ҳам нишонга айланганман

Поп юлдузи, ишбилармон, саҳоватпеша ва жаҳондаги энг шафқатсиз диктаторлардан бирининг қизи.

Гулнора Каримова ўтган йили тушган видео шундай суратларни тақдим этади.

Амалдаги Ўзбекистон эса бу суратлардан йироқ.

Ташқи дунёдан узилган ва ҳуқуқ фаоллари уни кўпроқ Шимолий Кореяга қиёслайдиган мамлакат. Охирги йиллар давомида Ўзбекистон 2005 йилги қирғин, пахта далаларидаги болалар меҳнати ва қамоқлардаги мутассил қийноқлар туфайли жаҳон матбуоти саҳифаларига тушган. Буларнинг ҳаммаси устидан раҳбар - Шўролар давридан бери қудратдаги Ислом Каримов. Жаноб Каримов ғарб матбуотига интервюлар бермайди ва Би-Би-Сини Ўзбекистонда тақиқлаган. Лекин унинг адаши, яъни набираси Ислом Каримов биз билан Лондонда суҳбатлашишга рози бўлди. Унга кўра, унинг боши ғавғода қолган.

Ислом Каримов: Менинг ўзим ҳам душман ва нишонга айланганман. Мен бутун бошли режимга қарши курашмоқдаман.

Кенжа Ислом Каримовнинг айтишича, у онаси Гулнора Каримова учун курашмоқда. Бир вақтлар машҳурлик нурларига кўмилган дадасининг арзандаси, бу тўнғич қизнинг ўз отаси билан муносабатлари эндиликда ёмонлашиб кетган. Ва ҳозирда айтилишича, у уй қамоғида. Яқин-яқинларгача Гугуша тахаллуси остида қўшиқлар куйлаган Гулнора Каримова, шунингдек мамлакат бўйлаб бизнесларни назорат қилган, унинг ғарбдаги йирик коррупция ишига алоқадорлиги айтилган ва у "пинҳоний қароқчи" лақабини орттирганди. Лекин ўтган йили унинг мусаффо осмонида қора булутлар пайдо бўлди.

Ислом Каримов: Унинг қулашининг асосий сабаби шуки, у қудратга эришмоқчи ёки шахсий манфаатларга эга бўлган бир гуруҳ шахсларга таҳдид сифатида кўрила бошлаганидир.

Биз Гулнора билан ўтган йил мобайнида Твиттер орқали хабарлашиб турдик. Унга кўра хавфсизлик хизмати, онаси ва синглиси унинг кетидан тушишган. Гулнора яқинларини ҳатто жодугарликда айблади. Набира Ислом Каримов унинг оиласи тушган аҳвол ўта ғалати эканлигини тушуниб етадими?

Ислом Каримов: Албатта вазият ғалати эканлигини тушунаман ва бу ҳодиса аҳволни янада мушкуллаштиради. Бунақаси аввал ҳеч қачон рўй бермаган. Одамлар ҳайратда. Қандай қилиб она ўз қизига, ё-да сингил опасига бу ишларни қилади, деб. Шекспир Ўзбекистонда яшаганда, буларнинг ҳаммаси, менимча, унга илҳом бағишлаган бўларди.

Бир вақтлар "ўзбек маликаси", дея ном чиқарган Гулнора Каримованинг охирги суратлари уни абгор ҳолда кўрсатади. Уй ҳибсида бўлган вақти олинган суратлар ва аудиотасмалар Ўзбекистондан яширинча олиб чиқилиб, бизга етказилган. Тасмада Гулнора Каримова ўзи ва у билан бирга ушлаб турилган 16 ёшли қизига озиқ-овқат ва тиббий ёрдам етказилмаётганидан шикоят қилади.

Гулнора Каримова: Бизни уйда ушлаб туришибди, итнинг аҳволидан ҳам баттар вазиятдамиз.

Бу қудрат мероси учун кетаётган кураш. Набира бобосининг қудратни қўлдан беряптими-йўқлиги ҳақида фикр юритади.

Ислом Каримов: Қудрат унинг қўлидан кетяптими-йўқлиги ҳақида бирон нарса айтишим қийин. Менимча, у нималар рўй бераётганлиги ҳақида аниқ маълумот олмаяпти. Бир куни у: "Мен интернетга уланмоқчиман, менга компютер керак, ўрганишим керак", - деб қолди. Мен унга ўргата бошладим. Ўша куни бувим мени бир четга чақириб: "Калланг ишлайдими, ҳамма нарсани ўқиб, билиб қолса нима қиламиз?" - деди. Кейинги куни келсам, интернет кабели компютердан узиб қўйилганлигини кўрдим. Бувим эса: "Қўй, шундай қолсин, интернет ишламаяпти дегин", - деб уқтирди.

Мамлакатдаги энг қудратли шахс Интернетга уланолмайди, шундайми? - деб сўрайман мен.

Ислом Каримов: Ҳа, хотини туфайли...

Набира Ислом Каримов хавфсизлик хизмати уни ва онасини ўлдиришга ҳаракат қилганликларини айтади.

Ислом Каримов: Мени ва онамни 2 йил аввал заҳарлашга уринганлар. Оғир металлар билан. Менинг танамдан олти тур металл қолдиғини топишди. Онамнинг танасида эса анчайин кўпроқ эди..

Гулноранинг тарафидан келтирилган ҳужжатлар заҳарланиш далилларини кўрсатади ва улар махсус даволанишдан ўтганлар. Бу ҳикоядаги бошқа даъволар сингари, бу даъвони ҳам мустақил равишда тасдиқлашнинг имкони йўқ. Лекин Ўзбек Миллий Хавфсизлик хизмати қўлида минглаб инсонлар азият чекканлари ҳақида саноқсиз далиллар бор. Ўтган ой Ҳюман Райтс Уотч ўзбек қамоқхонларидаги даҳшатли қийноқлар ҳақида янги ҳисобот чиқарди. Балки Гулнора Каримова ўзбек қамоғида эмас, уй ҳибсида бўлгани унинг омади чопганини англатар?

Ислом Каримов: Баъзилар уй ҳибсининг руҳий ва жисмоний томонларини у қадар ҳам англаб етмайдилар. Албатта ўзбек қамоқхоналаридаги аҳвол даҳшатли ва жаҳоннинг ҳеч қаерида бундай ҳол рўй бериши керак эмас.

Лекин бу аҳволнинг йиллар мобайнида давом этишига йўл қўйиб берган бобосига қаратиб набиранинг айтар хитоби мана бундай:

Ислом Каримов: Сиз бу дастурни кўрган вақтингиз атрофингиздаги ҳийлалар миқёсини тушуниб етасиз, деб ўйлайман. Сиз биласизки, биз ҳеч қачон сизга қарши иш тутмаймиз. Улар айтаётган ишларни ҳеч қачон қилмаслигимизни ҳам тушунарсиз. Умидим шуки, сиз аҳволни тузатасиз, бундай қилишга қурбингиз етади.

Би-би-си Жаҳон Хизматининг 11 ноябр куни берилган эшиттиришидаги кенжа Ислом Каримов ўз суҳбатида қилган даъволари юзасидан Президент Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримова Би-би-сига қуйидаги ёзма баёнотини юборди:

"Очиғини айтаман, ушбу вазиятда менинг номимга қаратилаётган ёлғон айбловларни доимий равишда рад қилиш учун катта энергия, асаб сарфлашимга тўғри келиб, охир-оқибат эса жуда оз, эҳтимолки, тескари натижага эришган бўлардим. Мана шунинг учун ҳам мен матбуотда мунтазам равишда изоҳ беришни маъқул кўрмайман. Бу шунчаки фантастика жанридаги ёлғонгина эмас, балки муайян вазият ва мавжуд инсонларга усталик билан боғланган, шафқатсиз ва пухта ўйланган бўҳтон ва ушбу бўҳтон канчалик хатарли эканини мен яхши англайман. Шу боис ҳам, вазият шуни тақозо этганда, мен ўзимни қонун доирасида муҳофаза қилиш имкониятини ўз адвокатларимга тақдим этаман. Ҳар қандай туҳмат бизнинг қалбимизни ғазаблантиради. Дунёга келган куниданоқ сенинг ўзинг энагалик қилган, меҳр ва муҳаббат билан биринчи қадамларини ташлашга ўргатган одамингнинг туҳмати эса янада кўпроқ оғир ботади. Мен жажжи жиянимни илк бор ўз қўлимга олган дақиқаларни эслайман. Бу улкан илиқлик ва муҳаббатни мен ҳамон ўз юрагимда сақлайман ва Яратганга дуоларимда унга ақл-идрок бериб, уни тўғри йўлга бошлашини сўрайман".

(Таҳририятдан: Кенжа Ислом Каримовнинг Би-би-си билан тўлиқроқ суҳбати келгуси кунларда эътиборингизга ҳавола этилади)

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Your contact details
Disclaimer