Ҳюман Райтс Вотч фаолига Ўзбекистонга киришга рухсат берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи HRW
Image caption Ўзбекистонда қатор инсон ҳақлари фаоллари қамоқда сақланмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳақлари ташкилоти вакилининг мамлакатга сафар қилишига изн берган.

Ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича директори Хью Вилямсон Тошкентда Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, маҳаллий фаоллар ҳамда ғарблик дипломатлар билан учрашган.

Ўзбекистондаги инсон ҳақларининг аҳволини мунтазам равишда танқид қилиб келадиган Ҳюман Райтс Вотчнинг Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган.

Би-би-си куни кеча Тошкентдан қайтиб келган Вилямсон жаноблари билан боғланиб, сафар тафсилотлари ҳақида сўради.

Хью Вилямсон: Хюман Райтс Уотчга Ўзбекистонда фаолият юритиш рухсати берилмаган. Ҳукумат бизга одатий кузатувларимизни олиб бериш изнини бермаган. Бу, афсуски, ҳозиргача ўзгармасдан қолаяпти. Ҳукумат менга Тошкентга бориб, Ўзбекистонда сиёсий важларга асосланган ҳибсга олишлар ҳақидаги ташкилотимизнинг янги ҳисоботини тақдим этишга ижозат берди. Лекин, менга айни масалага тўғридан-тўғри алоқадор муассасалар вакиллари билан мулоқот қилиш изни берилмади. Мен фақат Ташқи ишлар вазирининг муовини билан учрашдим. Аммо, шунга қарамасдан, бу самарали сафар эди, деб айта оламан. Чунки, ташкилотимиз беркитилганидан буён, яъни охирги тўрт йил ичида биринчи марта, менга Тошкентда кичик, аммо ўта жасур инсон ҳақлари фаоллари билан учрашиш ва улар воситасида Ўзбекистондаги ҳақиқий инсон ҳақлари вазияти ҳақида тасаввур пайдо қилиш имкони берилганди. Мен шунингдек ҳисоботимизда номлари зикр этилган маҳкумларнинг яқинлари билан учрашдим. Бу учрашувлардан кейин Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазияти юзасидан билдирган умумий хавотирларимиз нақадар тўғри эканига ишончим комил бўлди.

Би-би-си: Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан бўлган учрашувингиз сизга вазиятни яқиндан ўрганиш имконини берган бўлса керак. Улар нима дейишади?

Хью Вилямсон: Албатта, албатта. Бу сафарим чоғида мен янги тадқоқот ўтказганим йўқ. Сафарим мақсади ҳам кузатув ўтказиш эмасди. Маҳаллий ҳуқуқбонлар ҳукуматга ўзлари олиб чиқаётган масалалар ҳақида маълумот беришди. Уларга кўра, ҳукумат фаолларга ҳаттоки кичик-кичик намойишлар ўтказишга ҳам тўсқинлик қилаётган экан. Улардан бирининг айтишича, у ҳар гал намойиш ўтказмоқчи бўлганида милиция уни уйидан чиқишга ҳам қўймапти. Ҳуқуқбонлар охирги пайтларда ўз диққат эътиборларини пахта йиғим теримига болаларнинг жалб этилишидан тортиб сиёсий муаммоларгача қаратишаётган экан. Ўзбекистонда қайддан ўтган ягона инсон ҳуқуқлари ташкилоти - "Эзгулик" вакилининг айтишича, ташкилотга ёрдам сўраб мурожаат қилаётган инсонлар адади ортиб бораётганини айтди. Хуллас, инсон ҳуқуқлари соҳасида муаммолар кўп бўлсада, ҳукумат фуқаровий жамият вакилларига бу масалаларни кўтариб чиқишга рухсат бермаётган экан.

Би-би-си: ЎЗбекистондаги режим кўп ҳолларда "ўта репрессив" дея таърифланади. Аммо, қандай қилиб ҳукумат, сиз таърифлаган, "кичик, аммо ўта жасур" гуруҳларнинг фаолият юритишларига йўл бераяпти?

Хью Вилямсон: Биз ҳуқуқбонларга ишлаш учун рухсат бераётган ҳукумат вакилларининг бошларидан қандай ўйлар кечаётганини билмаймиз. Мен айни саволни ҳуқуқбонларнинг ўзларига берганимда, улар Ўзбекистон ўша икки-уч кичик гуруҳга ҳам ишлаш рухсатини бермаса, халқаро ҳамжамият эътирози кучли бўлишини айтдилар. Аммо, уларга босимлар йўқ, уларнинг эркин фаолият юритишларига ҳукумат рухсат бераяпти, деб айтмаган бўлардим.