"Ўзбекистонлик талабалар мажбурий меҳнатга қарши норозилик билдиришди"

Бу Ўзбекистон шароитида жуда кам учрайдиган ҳолат, деб ёзади Британиянинг Гардиан нашри Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Жоанна Лиллиснинг EurasiaNet.org сайтида чиққан мақоласига иқтибосан.

Қарийб бир миллион давлат хизматчилари ҳар йили мамлакат иқтисодида муҳим ўрин тутадиган пахтани йиғиб олишга жалб қилинади.

Ўзбекистонда пахта йиғим-теримига аҳолини мажбурий олиб чиқишга қарши ҳуқуқ фаоллари бонг уриб келишади.

Айни пайтда мамлкатнинг Миллий Университети талабалари ноодатий ишга аҳд қилиб, мажбурий меҳнатни тўхтатишга қарши мамлакат раҳбариятига қарши очиқ хат билан чиқишган.

Журналистика факултетининг учинчи босқич толиблари ректор ва декан томонидан далага чиқишга буюрилганларини маълум қилганлар.

Очиқ хат Бош вазир Мирзиёев, Прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Маориф вазирлиги ва университетнинг ректори Мирзо Муҳаммедов номига битилган.

"Албатта Ўзбекистон қонунчилигида талабаларни пахта-йиғим теримига қатнашишга масъул эканликлари айтилганми? Албатта йўқ!- деб ёзишади талабалар. Хатда талабалар тушунарли сабабларга кўра исми-шарифларини кўрсатишмаган.

Пахта теримига чиқишни хоҳламаган талабалар 300 минг сўм ёки 125 АҚШ доллари ҳисобида пул тўлаб ишчи ёллашга тўғри келганларини айтишади.

Ўзбекистон дунёда пахта етиштирадиган етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади, бироқ ҳукумат томонидан белгиланган мажбуриятни қўшимча меҳнатсиз бажариш фермерлар учун мушкул вазифа. Бир миллионга яқин киши, жумладан, ўқитувчи ва талабалар, шифокорлар ўтган йил "оқ олтин"ни териб олишга ёппасига жалб қилинган, деб ёзади Гардиан. Давлат ғазнасига қарийб 1 млрд АҚШ доллари ҳисобида даромад келтирадиган ҳосилнинг ҳосилнинг асосий қисми Бангладеш ва Хитойга экспорт қилинади.

2012 йил халқаро босимлар остида расмий Тошкент болалар меҳнатидан фойдаланишдан воз кечишга мажбур бўлган. Бироқ ҳуқуқ фаоллари болалар меҳнатидан барибир фойдаланилгани, коллеж талабалари пахтага мунтазам олиб чиқилганини хабар беришади.

Бу йилги ҳосилни йиғиб олиш ҳақидаги ҳисоботлар кўрсатишича, мажбурий меҳнатдан кенг фойдаланилган. Халқаро Меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланмаслик бўйича силжиш борлигини айтган бўлсада, фаоллар талабалар ва давлат хизматчилари пахта оммавий жалб қилинганини билдиришган. Шу билан бирга Халқаро Меҳнат ташкилотининг иштирокидаги ҳукумат мониторинги орқали 18 ёшгача бўлган болалар пахта тераётгани бўйича 49 ҳолат аниқланган ва фермер ҳамда коллеж раҳбарлари жами 12 млн сўм жаримага тортилган, дейди халқаро ташкилот вакили.

Ўзбекистонда жорий йилда 3,4 млн тонна пахта йиғиб олинган.