Тошкентдан мактублар: 'Юртбошига шу керакми?'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Human Rights Watch
Image caption Мамадали Маҳмудов қарийб 17 йил умрини Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтказган

(Давоми)

Бу Президентни алдаш эмасми?

Бу ҳукуматни алдаш эмасми?

Шу юртбошига керакми?

Шу давлатга керакми?

Бу ҳол диний-сиёсий маҳкумларда тузумга нисбатан нафрат уйғотмайдими?

Оила азоларида-чи? Бу нафрат бора - бора алангага айланмайдими? Афғонистон, Покистон, Суриядаги бўхронларда бунинг акси кўринмаяптими? Ҳар қандай таъсирнинг акс-таъсири бор...

Халқ: "Зулмдан зулм туғилади" деб бежиз айтмайди. Хитойни ўзига бўйсундирган ва уни 71 бир йил ўлпон тўлашга мажбур этган Туркистон хоқони (6 аср) Арслонхоннинг мана бундай деган эди: "Ақл, иймон, инсоф, виждон йўқ жойда - адолат ўлади, зулм ҳукумрон бўлади". Шу фикрдан келиб чиқиб айтсам, қамоқхона маъмурлари қош қўямиз деб, кўз чиқаришаяпти. Адашган каслар қадимда ҳам, ҳозир ҳам, бутун дунёда ақл, илм, дона сўз, ўткир мисол, аниқ далил-асослар билан қайтарилади. Маънисиз вайсаш, ҳақорат, ур-йиқитлар билан эмас. Ҳукуматпараст қорилардан бири зонага келиб туради. Доим:

Дардсиз ваъз, Ҳиссиз ваъз, Бир хил ваъз...

"Жон куйдираётгандай бўлиб сўзлаётганда, бу одамнинг дардсиз юз - кўзларида нафс ўпқони яллиғланиб туради". Бу маҳкумлар сўзи. Буни қисматдошларимдан кўп эшитганман. "Суллоҳ" деган сўзни ҳам. Чинни айтганда, қорига тутқунлар инонмайдилар. У бирон бир маъракага 500 доллардан камига бормасмиш. Тузумга бу кимса фойда келтираяптими? Ёки?..

Диний-сиёсий маҳкумларга Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби олимлар таъсир ўтказишлари мумкин. Уни Набихонийдан ҳам, Саид Қутбдан ҳам ортиқ кўрувчилар бор... Энг ёмони зонада жиноятчилар билан диний-сиёсий маҳкумлар бир-бирларига қарши қўйилмоқда. Қулоқлар ҳам, ТБООШ (Тартиббузарликнинг олдини олиш шоҳобчаси) ҳам бу фитнага жалб этилаяпти. Бу тубан қайров орқасида қамоқхона маъмурлари туришганини ҳамма билади. СССР дан қолган мана бу шиорни ҳам улар қурол қилиб олишган: "Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун!". Тезкор, баъзан тартибот бўлими ходимларининг яширинча топшириқлари билан эчки (наза)лар ҳеч кимга сездиришмай, айблов (нарушение) олишга навбати келган 59 нинг матраси остига варақа, пичоқ, қайчи... ишқилиб, тақиқланган бир нарса қўйиб кетишади. Ёки "қулоқ"лардан бири атайлаб унга туҳмат қилади: "Сен мени нега туртдинг?" "Сен мени нега копир дединг?"

Бундай онда манглайи шўр диний маҳкум арзини кимга айтади?. Ҳамма унга қарши:

Штаб. ДПНКа... Яна ҳарбийлар. Яна завхоз, Бригадир, Дневальниклар... Яна ТБООШлар. Казалар.

Ҳатто тиббиёт бўлими ҳам...

У туҳматдан иборат сохта ҳужжат билан изоляторга ташланади. Камерага бот-бот хлорланган сув сепиб турилади... Яна унинг "айби" билан бутун сектор, баъзан бутун зонага босим ўтказилади:

Эртадан-кечгача югуртирилади... Ана шундай паллаларда ашаддий жиноятчилар "иш"га туширилади. Улар диний-сиёсий маҳкумларга қутуриб бўкиришади:

- Сенлар учун бизларга ҳам тинчлик йўқ! - дейишади ва оёқ-қўлларига эрк беришади. Бунинг "тузини" мен ҳам талай марта татиб кўрганман. Ҳаммага аён: Бу тўпори, ахмоқона сценарийлар муаллифи битта: ШТАБ... Унинг аянчли томони шундаки, бутун кир диний-сиёсий маҳкумларга ағдарилади ва улар тўп-тўпи билан (қасддан) ШИЗОга ёпилади. Бу ҳол: Зобит номини булғамайдими? Давлат шаънига доғ туширмайдими? Қарши ҳаракатларга доя бўлмайдими? Бу тузатиб бўлмас хатоларга олиб келиши ҳам мумкин...

Стукачлар, Лахмачлар, Казалар,

Қулоқлар деб аталувчи сотқинлар эса ит уруғидан ҳам кўп. Улар ШТАБ томонидан махсус ўргатилади... Сотқинлик уларнинг қон-қонларига сингип кетган. Бундан етти пушти ҳам мосуво бўлиши маҳол. Зикр этганим-бу тоифалар учун муқаддас нарса қолмаган. Яна зонада оёқлар изғиб юришади. Пул билан ҳар ишни битирса бўлади: Наша, Қора дори, Героин. Шприцлар кириб келади. Таъқиқ нарсалар ҳам... жумладан-

Ҳақназарнинг ёздиқлари ҳам...

Диний-сиёсий маҳкумлар қатори мен ҳам "оёқлар" орқали очиқдаги бир дўстимга хатлар чиқарардим. У бу мактубларни керакли манзилларга етказарди ва айрим сайтларда бостирарди. Туркия ва Францияда нашр этилган китоблариму газеталар шулар кўмагида зонага кириб келган.

- Демак, айб зонадагиларда-да, - деди Шукрулло оға менга кўз ости билан бир қараб қўйиб, қонунсизлик, хуқуқсизлик, зўравонликлар шулар туфайли юзага келмаяптими? Буни юқоридагилар билади, деб ўйлайсанми? Ҳамма нарсани назорат қилиш қийин. Президентга келсак, у давлат, ҳалқ, дунё, иш ташвиш, муаммолардан бош кўтаролмайди. Яна турли соҳа-тармоқлар... Яна тинчлик проблемалари... бир одамга бу озми?

- Раскрутка масаласига нима дейсиз? - Бузғунчилар йўқ дейсанми? - Бор, лекин юрт қамоқларида 99 фоиз диний-сиёсий маҳкум раскрутка қилинаяпти. Замон-замонда бир-иккиси демаса, амнистияга ҳам тушмаяпти. Мутлақо сохта, жўн, бир хил турдаги чиркин айблов билан.

- Мунчаликмасдур? - Бу одатий ҳолга айланган. Буни дунё билади. Буни ҳеч ким инкор қилолмайди... Ҳужжатлар сўзлайди... Ойдан ҳақ ҳужжатлар...

Йигирма йилдан ортиқ ўтирганлар, олти-етти марта раскрутка бўлганлар сон мингта. Буларни озодликка чиқиш муддатлари аллақачон тугаган. Бунга Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Юсуф Рўзимуродов, Муҳаммад Бекжонлар ёрқин мисол. Бундайлар беҳисоб, Бу қонунни синдириш эмасми? Бу қонунга оёқ босиш эмасми? Нима, Самандар "Қафас"дан чиқса, юртни бузиб юбордими?

Мурод,

Юсуф, Муҳаммадлар-чи? Яна уларнинг минглаб қисматдошлари-чи? Ҳеч замон! Билъакс, юртни тузатишади.

Қотиллар, ўғрилар, фирибгарлар, йўлтўсарлар, порахўрлар, ўз қизларини зўрлаганлар, ўз сингилларини бузганлар, одамерлар, қулоқлар... амнистияга тушаётганларида, озодликка чиқаётганларида, нега Самандарларга йўл берк? Нега улар бу имтиёзлардан маҳрум? Ваҳоланки, Самандарлар булғанчларга нисбатан кўп марта тоза, илмли, иймонли. Давлатга ҳам, элга ҳам фойдали. Қонун - ҳаммага тенг. Шунга амал қилинаяптими? Менимча, диний-сиёсий маҳкумларни "элакдан ўтказиш" учун давлат миқёсида одил, холис комиссия тузилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда, фикримча, 90 фоиз тутқиннинг давлатга хавфсизлиги, жамиятга фойдали экани аён бўлади. Улар уйларига қўйиб юборилади. Бу билан давлатнинг эл орасида ҳурмат, обрўси ошади. Бу билан давлат моддий наф кўради. Бунинг маънавий фойдаси ҳам ҳам чексиз.

- Фикрингга қўшиламан. - Бироқ, мен бунинг ушалишига инонмайман. Қарши кучлар улкан... - Вақт керак. - Унгача... Э - ҳе!.. ўнглаб бўлмас ҳолга келмайдими? - Сабр керак, - Сабр ҳам синаяпти... - Худо хоҳласа, яхши бўлади. - Шунга ўзингиз ишонасизми? - Инсон ишонч билан яшайди. - Ўзини овутиш яхши, оқсоқол, алдаш ёмон. Баъзан киши саробга ҳам ишониб қолади. - Умидсиз яшаш - ўлим, ноумид бўлма. - Мен сизга фақат маҳкумлар ҳақида сўзладим. Маҳкумалар ҳаёти ҳам қайғули. - Қаердан биласан?

- Мен элга Тўмарис оти билан танилган Мўътабар хонимнинг "Қийноқлар ороли асираси" асаридан шу фикрга келдим. - Ким у? - Марғилонлик хотин. Инсон хуқуқлари ҳимоячиси. "Ўтюраклар" ташкилоти асосчиси ҳам бошлиғи. Камоқда ит азобини бошидан кечирган, юз марта ўлиб, юз марта тирилган аёл. Бироқ унинг иродаси синмаган. Чет элда Мўътабар хонимни "миллат қаҳрамони" сифатида эътироф этишади. Ҳозир у Францияда, Парижда яшаяпти ва ўзи танлаган йўлдан дадил бораяпти. Кўрқмас, қайтмас, толмас, ўзгармас, тўғри фаолияти учун хоним халқаро мукофотга сазовор бўлган. - Нимага қамалган?

- Саволингизга Мўътабар Тожибой қизининг ўз сўзи билан жавоб бераман: "Ўзбекистон ҳукуматининг фуқаролик жамиятини ташкиллаштириш давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаганим ва мана шу дастурни амалга ошириш мақсадида қилган амалий ишларим учун сохта айбловлар билан адолатсиз судлов сабабли 8 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилиндим". - Шундай бўлиши ҳам мумкинми? - Юз фоиз, Мўътабар хоним таланган, алданган, зўрланган, ноҳақдан қамалган, ваҳшийларча ўлдирилган бегуноҳ кишиларнинг ҳуқуқларини қонун йўли билан ҳимоя қилган. Қутуриб кетган амалдорларнинг порахўрлиги, зўравонлиги, қотиллиги, қонунбузарлигини мунтазам равишда фош этиб борган. Оқибат: ҳаром пулларини дунёга сиғдиролмаётган қаллоблар уни йўқ этиш учун бирлашганлар. Автоҳалокатга йўлиқтирганлар, суиқасд уюштирганлар. - Тошкентга ўғирлаб кетиб, номусига тажовуз қилганлар.

Автоҳалокатда хонимнинг қовурғалари синган, бел, елка, оёқ-қўллари-ю бош қисми жуда қаттиқ чайқалган. Суиқасддан уни: Худо асраган, Йўлдошлари асраган, Эл-улус асраган. Мўътабар хонимни йўлдан олиб ташлолмаган разиллар уни турли туҳмат, ёлғонлар билан юқорига ёмон кўрсатишга киришганлар. Ниҳоят, олчоқлар қора, тубан, жирканч ниятларига етганлар: Қаматганлар. Қамоққа кириши билан Мўътабар Тожибой қизи руҳий касаллар палатасига ётқизилган. Атайлаб, Қасддан. Мажбуран.

Бу жиноят бошида кўзларини ёғ, мияларини моғор босган улкан-улкан амалдорлар туради. Улар уни маҳв этиш учун қамоқ бошқонларига махфий кўрсатмалар беришади. Бу жиноятга сенатор (исми асарда ёзилган) ҳам аралашган. Аммо Мўътабар хоним ўзини заҳарли уколлардан сақлаган. Шундан сўнг бўғзиларигача коррупция ботқоғига ботган каслар унинг хаётига нуқта қўйишни шипшишади... Яратганнинг ўзи Мўътабар хонимни инсонийлик туйғуларини йўқотмаган шифокорлар, милиционерлар воситаларида омон сақлайди. Ўзбек: "Қирқ йил қирғин келса, ажали етмаган ўлмайди" дейди. Бу узун-узун замонлар силсилаларида ўз исботини топган гап. Бироқ муттасил қийноқлар билан муттасил изолятор азобларини тортган аёл соғлиғидан айрилади. Лекин унинг иродаси Букилмайди. Синмайди

Бутун куч-қуввати, ақл - идроки билан қонун ниқобига ўралган йиртқич, булғанч, газандалар қинғир, қабиҳ ишларини аёвсиз равишда интернет сайтларида фош этган этаяпти. - Шундай ёвуз кимсалар ҳам бор-а? Ақлга сиғмайди. - Лекин, бу, Шукрулло оға, тоғ бошини қоплаб турган булутдек ҳақиқат. - Қанчалик паскаш-а булар! Қанчалик жирканч-а булар. - Шундай, оқсоқол, "Қийноқлар ороли асираси"да бу ўз ифодасини топган. - Шунақа де. - У "Кафансиз кўмилганлар"дан ҳам

Аянчли,

Даҳшатли,

Фожеали.

Унда қамоқхона "ичи" бор ваҳшати билан ипидан-игнасигача акс этган. Маҳкумларнинг ҳуқуқсизликлари, оч, зорликлари, қонга қотилган қийноқларда эзилаётганликлари, штаб найрангларида бир-бирларини кемираётганликлари, аёллар-аёллар билан эр-хотин бўлиб яшаётганликлари, жунбуший ҳирсларини шайтоний "усул"лар билан қондираётганлари баён этилган. Ишонч билан, Эҳтирос билан, Ёлғондан холи.

Солженициннинг китобларида тиконли симлар орти, тутқунларнинг қиёфалари ҳатти-ҳаракатлари узундан-узоқ тасвирланган. Энг майда тафсилотларигача. Булар одамни зериктиради. Уларда юрак, тўғрироғи юрак қўри сезилар-сезилмас милтирайди. "Раковый корпус" ҳам шунақа. Маромига ҳам етмаган. Солженицинда шовинизм руҳи, ўрисни бошқа миллатлардан юқори қўйиш, ҳатто камситиш кайфияти устун. Бу одамга оғир ботади. Бу одамда нохушлик уйғотади. Бу одамда малоллик туғдиради. Нафрат ҳам...

Маркеснинг романларидан кўнгил қувват олади. Хэмингуэйдан ботирлик туйғуларини туяди. Тагордаги элга, юртга, ёрга, садоқат ҳислари инсонни ёруғ кенгликларга етаклайди. Уларнинг асарлари севиб ўқилади.

- Янглишмасам, сен бу суҳбатимиз асосида бир нима ёзмоқчисан? - Ҳа. - Ҳақиқатни ёз. Хақиқат - тараққиёт калити. Дунё - хақиқат билан тирик. Хақиқат бўғовланмаган юртда эл:

Эркин яшайди,

Бой яшайди

Гўзал яшайди,

Ақл, онг, тафаккур камол топади.

Давлат қудратга киради...

Бу мавзуда батафсилроқ