Марҳум талабанинг оиласи президентга очиқ хат ёзди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2014 йилнинг 2 октябр куни Сирдарёда пахта теримида пайти калтаклаб ўлдирилган Гулистон Университети талабаси Шамсиддин Бобосаидовнинг оила аъзолари унинг қотиллари жазоланишига умид билан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов номига очиқ хат ёзишган.

Шамсиддин Бобосаидов ишининг тафсилотлари билан танишган тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг сўзларига кўра, Сирдарё вилояти Оқолтин тумани прокуратураси қотиллик бўйича жиноятни ёпди-ёпди қилишга уринаётгани сабабли марҳумнинг яқинлари мамлакат президентига мурожаат этишмоқда.

Бундан олдин Бобосаидовлар туман прокуратураси, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Ички Ишлар вазирлиги, Республика Бош Прокуратурасига ишни қайта кўриб чиқишни сўрашган.

Бироқ, дастлабки экспертиза хулосалари, гувоҳларнинг кўрсатмалари бўлганига қарамасдан, прокуратура ишни қотиллик бўйича қайта қўзғашни истамаяпти. Янгидан ўтказилган экспертиза эса "Шамсиддин Бобосаидов қайд қилиш чоғида тили тиқилиб вафот этган", дея хулоса берган.

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидан бўлган 19 ёшли Шамсиддин Бобосаидов пахтада бир неча киши томонидан қаттиқ калтакланиши натижасида ҳаётдан кўз юмган.

"Агар қотиллик пахта даласида содир бўлмаганида жиноятни қилганлар аллақачон жазосини олган бўларди. Лекин иш бевосита пахта сиёсатига боғлиқлиги сабабли уни ёпишга ҳаракат қилинмоқда",-дейди Абдураҳмон Ташанов.

Очиқ хатда айтилишича, қотилликка гувоҳ бўлган талабалардан ёлғон кўрсатмалар ёзиб олинган, қотиллик зўр бериб яширишга уриниляпти.

Мазкур қотиллик бўйича жиноят ишини Республика Бош Прокуратурасига топширишга кўрсатма беришингизни сўраймиз, дейилади президентга ёзилган хатда.

Ўзбекистон фуқаролари бундан илгари ҳам муаммоларини ечишда ёрдам беришни сўраб мамлакат президентига хат билан чиқишган.

"Бизнинг кузатишимизча, президентга мурожаат қилингандан сўнг нисбатан 10-20 фоиз ҳолларда, масалан, ҳар ўнтадан битта ё иккитаси раҳбарлар томонидан ўрганилиб, жойларга юборилган ҳоллар бўлган", деб айтади Абдураҳмон Ташанов.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002