Тошкентда азим чинорлар яна кесиб ташланаяпти

Image caption Тошкентдаги минг йиллик чинорларга қирон келтирилган эди.

Бу сафар чинорлар қирғини Нукус кўчасида юз бермоқда.

Қатор интернет сайтларида, ҳусусан фейсбукдаги потретибель уз саҳифасида Тошкентнинг катта кўчаларидан бири, Нукус кўчасида баҳайбат чинорлар кесиб ташланаётганидан кўплар норозилик билдиришмоқда. Кўплар ғазабнок шарҳлар қолдиришаяпти, баъзилар эса бу каби ҳолат Тошкентда узоқ вақтдан бери давом этаётгани ва елка қисиб кетишдан бошқа илож йўқлигини айтишаяпти. Нукус кўчаси ҳам Президент трассасининг бир қисми ҳисобланади. Мен Тошкентда айни вазиятни кузатаётган фаол Алексей Волосевичдан тафсилотини сўрадим.

Дарахтлар Нукус кўчаси бўйлаб, Винзавод ҳудудидан Афросиёб кўчаси, яъни собиқ Космонавтлар проспектигача кесиб ташланаяпти. Ярим километрлик ҳудудда дарахтлар кесилаяпти. Бу чинор дарахтлари, уларнинг баъзилари 80-100 ёшларда, кўпчилиги эса 40-60 ёшларда. Чинорлар кесилаётган ҳудуд президент трассаси деб аталувчи йўл атрофида жойлашган. Бутун тошкентликлар биладики, бу йўлдан президент ўз уйидан ишга қатнайди. Бу ҳудуд Шимолий Вокзалга яқин жойлашган. У ерда кўп қаватли турар жойлар ҳам, маъмурий бинолар ҳам бор. Йўл бўйлаб охирги йилларда тикланган жуда чиройли, сарой стилида қурилган маъмурий бинолар бор. Уларнинг олдида катта устунлари бор, император стилида қурилган. Тошкентда буларни "Каримов империяси" деб аташади. Балки дарахтларни кесиш сабабларидан бири мана шу саройлар олдини очиш бўлгандир, яъни улар йўлдан кўриниб туриши учун. Чунки бу баҳайбат, катта баргли чинорлар саройлар кўринишини тўсиб қўйганди. 2009 йилда Амир Темур ҳиёбонида ҳам Форумлар саройи кўриниб туриши учун чинорларни кесиб ташлашганди.

Бу норасмий сабаблар бўлса керак. Лекин, расман қандайдир изоҳ берилаяптими?

Расман нима дейилаётганини билмайман, чунки афтидан ҳеч қандай изоҳ берилмаяпти. Одатда бу жуда тез ва махфий ҳолда амалга оширилади, одамлар буни англаб етгунча, дарахтлар йўқ бўлиб қолади ва ҳеч ким уларнинг бўлганини эсламай ҳам қўяди. Бир марта расмий изоҳ берилган Давлат табиатни муҳофаза қилиш идораси томонидан. Унда айтилишича, чинорларга қандайдир қўнғизлар тушгани айтилганди, лекин бу ёлғон бўлиб чиқди. Амир Темур ҳиёбонидаги чинорлар соппа-соғ эди. Улар давлат томонидан ҳимоя қилиниб келинган, шунинг учун ёшлари 100дан ошганди, қалинлиги эса 2 метрдан катта эди.

Чинорларни кесиш бўйича давом этаётган сиёсат кимга керак ўзи?

Ҳаммага маълумки, бизнинг президентимиз уларни ёқтирмайди. Ҳали 2000-йилларда у чинорлар аллерген моддаларни ўзидан ҳавога таратади, деб айтган. Яна бир нарсани эшитганман, бу ҳақиқатми ё йўқ, билмайман, лекин унинг рафиқасининг чинорларга аллергияси бор экан. Қизиғи шуки, бу қўшни Тожикистонда ҳам юз бераяпти. Ўзим гувоҳи бўлдим, чинорларни кесиб, арчалар ўтқазишаяпти.

Икки ой аввал Президент Ислом Каримов Хадра ҳиёбонига борганида кўп қаватли турар жойларни танқид қилган ва уларнинг юқори қаватларида яшовчи одамлар жазирама иссиқда дарахтлар соясидан баҳра ола олмасликларини куюниб гапирган. Бу гапидан у дарахтларни яхши кўради деб ҳулоса чиқарса бўлади, шундай эмасми?

Мен тушунишимча, у тўққиз қаватли бинолар ҳақида гапирган. Тўққиз қаватли бинога, албатта, соя тушмайди. У нимани маслаҳат беради унда, ҳамма турар жойлар тўрт қаватдан ошмасинми? Агар юқори қаватда яшашса, бунинг учун парда ё кондиционер деган жиҳозлар бор. Агар шаҳарда фақат бир, икки ё тўрт қаватли бинолар қурилса, Тошкент мисли кўрилмаган ҳажмга каттариб кетади.

Яна чинорлар кесилаётгани оддий одамлар орасида қандайдир баҳсу-мунозарага сабаб бўлаяптими?

Интернет форумларда одамлар жуда фаол буни муҳокама қилишаяпти, ва кўплар сўкиниб, жаҳли чиқиб шарҳ қолдираяпти. Лекин ҳеч ким Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ё ҳокимият деган сўзларни тилга олмайди, чунки ҳамма уйлайдики, бу буйруқлар бир одамдан келиб чиқаяпти, у ҳам бўлса, президентнинг ўзи. Унинг ўрнида агар бошқа дарахтни ҳуш кўрмайдиган бўлса, ўша дарахтлар кесилган бўларди. Биз яшаётган тизимда оддий халқ ўз ҳукмронлигига ҳеч қандай қонуний чегаралар бўлмаган ҳукмдорнинг инжиқликларидан ҳимоя қилинмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ