Фахриддин Тиллаев Қаршидаги қамоқхонада қийноққа солинмоқда

Image caption Фахриддин Тиллаев Мардикорлар касаба уюшмасини тузишни истаган эди.

Тошкентда амал қилувчи Инсон ҳуқуқлари алянси ҳабар қилишича, Қарши шаҳрига яқин 49чи қамоқхонада сақланаётган сиёсий маҳбус Фахриддин Тиллаевга қарши даҳшатли қийноқлар қўлланилаяпти. Жаноб Тиллаев ўз рафиқаси ва опаси билан учрашувда, унинг бошига, оёғи остига, оёқларига тўқмоқ билан урганлари, тирноқлари остига игна тиққанлари ва 15 кунга карцерга ташлашганини айтиб берган. Фахриддин Тиллаева шу йил февралида қамоқ жазосига ҳукм қилинганди, у Ўзбекистонда мустақил мардикорлар касаба уюшмасини ташкил қилиш йўлида ишлаган. Би-би-си тошкентлик фаол Елена Урлаева билан суҳбатлашди.

Елена Урлаева: Унинг опаси Дилором шу йилнинг октябр ойида Шайхалидаги қамоққа кўргани борган. 49-колонияда сақланаётган Фахриддинга қийноқлар қўлланилган. Опаси унда калтак излари қолдирган гематомалар борлигини, унинг соғлигининг аҳволи қандайлигини кўрган, кўринишидан жуда озиб кетган, кучсиз, оғриқлардан шикоят қилган, яъни соғлиги ўта абгор аҳволдалигига ўз кўзи билан гувоҳ бўлган.

Би-би-си: Сизнинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Алянси Фахриддин Тиллаевнинг аҳволи ҳақида тарқатилган хабарда Тиллаев зарур тиббий ёрдамга муҳтожлиги айтилган эди. Сизнинг хабарингиздан кейин Жазони ижро қилиш бош бошқармасидан қандайдир тушунтириш ёки жавоб бўлдими?

Елена Урлаева: Биласизми, кеча мен ГУИНга бордим. Фахриддин Тиллаевга тиббий ёрдам кўрсатиш кераклигини хабар қилиш учун. Лекин у ерда менинг аризамни қабул қилишни хоҳламадилар. Аксинча террорга қарши кураш бўлими ходимларини чақириб мени ҳибсга олишди. Лекин шуни айтмоқчиманки, терроризмга қарши кураш бўлимининг Баҳром исмли ходими мени Мирзоулуғбек тумани Ички Ишлар бўлимида сўроқ қилганда менга Тиллаевнинг аҳволи ҳақида раҳбарларини албатта хабардор қилишини айтди. Ва у 49нчи колониянинг шифокорлари тузган актни кўрди, колониянинг тўрт шифокори имзо чеккан актда Тиллаевни зудлик билан Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига ётқизилиши тавсия қилинган.

Би-би-си: Шундай акт борлигига қарамасдан колония раҳбарияти унга рухсат беришмаётгани қонунни бузиш ҳисобланадими?

Елена Урлаева: Албатта у қонунга зид. Қамоқхона раҳбарияти касал одамни ушлаб туриши ҳам қонуннинг бузилиши ҳисобланади. Худо кўрсатмасин, Фахриддиннинг аҳволи оғирлашиб қолиши мумкин. Бундай ҳолда қамоқхона раҳбарияти жавоб бериши керак бўлади. Ҳозирча билмайман қандай муносабат бўлади, икки кун олдин биз- фаол Шуҳрат Рустамов билан бирга Фахриддин Тиллаев масаласида текшириш ўтқазишни сўраб Бош Прокуратура, Президент Девони ва Ички Ишлар вазирлигига ариза ёздик, ҳозир шунинг жавобини кутаяпмиз.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ