Мирсобир Ҳамидқориев 8 йилга қамалди

Москвадан ўғирлаб кетилган ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистон Жиноят кодексининг Диний-экстремистик фаолият олиб бориш ва тақиқланган ташкилотлар тузиш моддалари бўйича айбдор деб топилиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Би-би-си Ҳамидқориевнинг ишини кузатиб келаётган Франциядаги "Ўтюраклар клуби"раҳбари, инсон ҳақлари фаоли Мўътабар Тожибоевадан маҳкама тафсилотлари ҳақида нималар маълумлиги, маҳкама Ўзбекистон қонунчилигига қанчалар амал қилиниб ўтказилганини сўради.

Мўътабар Тожибоеванинг Мирсобир Ҳамидқориев оила аъзоларига таяниб маълум қилишича, Тошкентда 18 ноябрда ўтган маҳкама қонун тамойилларига зид тарзда ўтказилган ва шошилинч ҳукм чиқарилган. Ҳамидқориевнинг яқинларига маҳкама ўтказилиши ҳақида хабар қилинмаган, улар тасодифан хабар топиб маҳкамага етиб боришган.

Маҳкама сўнггида судья Ҳамидқориевга охирги сўз айтишга етарли имкон бермаган ва ҳукмни эълон қилиб, ишни ёпилганини билдирган.

Мўътабар Тожибоевага кўра, Ўзбекистон ҳукумати Ҳамидқориевга ўхшаган зиёли ёшларни қўрқитиб қўйиш, фикрини эркин айтишга йўл қўймаслик учун шундай амалларни қўлламоқда. Ҳуқуқ фаоли Ҳамидқориевдан ташқари унинг яна бир неча танишлари ҳибсга олиниб, қийноқларга солинганини айтади.

"Ўтюраклар клуби" Ўзбекистондаги бундай ҳолатлар тўғрисида БМТнинг Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш қўмитасига мурожаат қилмоқчи эканликларини билдирди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз:+44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ