Ўзбек сиёсий маҳбуслари тақдиридан хавотирлар

Image caption Мамлакатда эркин сайловлар йўқ, намойишлар ўтказиш ҳуқуқи берилмайди ва матбуот эркин эмас.

Human Rights Watch ташкилотининг фаолияти Ўзбекистонда тақиқланган. Мамлакатдаги сиёсий маҳбуслар тақдиридан қайғурган халқаро ташкилотлар камдан-кам ҳолларда Ўзбекистонга киришга рухсат оладилар. Human Rights Watch инсон ҳақлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича гуруҳ раҳбари Хью Уилямсон шундай имконга эга бўлди.

"Менинг турмуш ўртоғим қамоққа олинганда, ёшим 38 да эди. Ҳозир 58га кирдим", дейди Холбика Жўраева. Йиғи аралаш у эри ҳеч қачон озодликка тирик чиқарилмаслигидан қўрқишини айтади.

Жўраеванинг эри Мурод Жўраев 1990 йилларнинг бошида Ўзбекистонда мухолифатчи депутат бўлган. У 1994 йилда бугунги кунда ҳам президент Ислом Каримов сиёсатига қарши фикрини билдиргани учун қамоққа ташланган.

Жўраев 2004 йил озодликка чиқиши керак эди, бироқ ҳукумат унинг жазо муддатини "турма ошхонасида сабзини нотўғри артгани учун" каби баҳоналар билан тўрт марта узайтирган.

Жўраева эрига қўшиб берилган кейинги муддат 2015 йилда тугашини ҳар сафаргидек қўрқув ва умидсизлик билан кутаётганини сўзлайди.

"Агар ҳукм яна узайтирилса, мен эримнинг ўлигини турмадан олиб чиқаман деб қўрқаман", дейди Холбика Жўраева 62 ёшли эри оғир касаллиги, турмада кўплаб марта қийноқларга тутилиши орқасидан соғлигини жиддий йўқотганини айтар экан.

"Мен уни кўргани борганимда ҳар сафар қўрқиб кетаман, у худди скелетдай бўлиб қолган", қўшимча қилади аёл.

Мен Жўраева билан халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳи билан биргаликда Тошкентга- кам содир бўладиган сафарлардан бирига борганда учрашдим.

Ўзбекистон инсон ҳақлари вазияти абгор аҳволда бўлган авторитар давлат, хусусан у ерда сайловлар эркин ва адолатли ўтказилмайди, норозилик намойиши қилиш ҳуқуқи йўқ, оммавий ахборот воситалари ҳукумат томонидан бошқарилади ва Интернет ҳам аксарият ҳолларда назорат остига олинган ва турмаларда доимий қийноқлар қўлланилиши ҳақида хабарлар мавжуд.

Human Rights Watch каби гуруҳларнинг мамлакатда ишлаши бир неча йилдан буён тақиқланган. Шунга қарамай, ҳукумат расмийлари билан Мурод Жўраевга ўхшаган сиёсий маҳбусларнинг тақдири бўйича ҳисоботни муҳокама қилиш ҳақидаги сўровимиз бу сафар рад қилинмади, менга виза беришди.

Бироқ бизнинг инсон ҳақларига доир муаммоларни тегишли ҳукумат расмийлари билан учрашиб муҳокама қилиш ва ҳисоботимизда кўрсатилган сиёсий махбусларни турмага бориб кўриш илтимосимиз қондирилмади.

Шу билан бирга, сафаримиз мамлакатдаги инсон ҳақлари вазияти ҳақида биринчи манбалар, Холбика Жўраева каби жасоратли ва қатъий инсонлардан маълумот олиш имконини яратди.

Баъзи сиёсий маҳбуслар: Юқоридан чапдан ўнгга: Аъзам Фармонов, Ғайбулло Жалилов ва Муҳаммад Бекжонов. Пастдан чапдан ўнгга: Исроилжон Холдоров, Мурод Жўраев ва Дилором Абдуқодирова. Human Rights Watch сурати.

Айни пайтда Ўзбекистонда ўнлаб ҳуқуқ фаоллари, журналистлар, мухолифчилар ва ҳукумат сиёсатидан ўзгача фикрлайдиган кўплаб инсонлар қамоқхоналарда ўтиришибди. Ҳисоботларга кўра, Ўзбек қамоқхоналарида минглаб сиёсий ва диний тутқунлар мавжуд.

Елена Урлаева Ўзбекистонда шундай инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқи учун ҳимояга чиққан кам сонли ҳуқуқ фаолларидан биридир. Ўрта ёшлардаги, сариқ сочли бу аёл мени Тошкент чеккасидаги саришта квартирасида самимий кутиб олди. "Ишдаги қийинчиликларга қарамасдан, мен бундай инсонларга ёрдам беришга аҳд қилганман", дейди у.

"Қийинчиликлар" жуда ҳам юмшоқ қилиб айтганда. Ҳукумат инсон ҳуқуқларини мустақил кузатилишига ҳеч қандай тоқат қилмайди ва кимки бунга журъат қилар экан, таъқиб этади. Жисмоний ва электрон кузатув одатий ҳолат ҳисобланади.

Урлаева бир неча марта ҳибсга олинган, руҳий касаллар шифохонасига мажбуран ётқизилган ва у ташкил қилган тинч намойишлар пайтида милиция ва ёлланган аёллар томонидан калтакланган. Баъзида милиция ва хавфсизлик ходимлари унинг намойиш ўтказишини олдиндан сезиб, бунга йўл қўймаслик учун уйидан чиқаришмайди.

Урлаева оз сонли фаоллардан таркиб топган Ҳуқуқни ҳимоя қилиш алянсида ишлайди. Алянс ҳукуматнинг пахта даласида катталар ва болаларнинг мажбурий меҳнатга олиб чиқилиши борасида кўп маълумотлар тўплаган.

Ўзбекистон иқтисодида асосий ўрин тутувчи пахтани йиғиб олишда ҳар йил куз ойларида миллионлаб инсонлар оғир шароитларда мажбурий меҳнатга жалб қилинадилар. Шу йил ҳам Урлаева етакчилигидаги фаоллар шифокорлар, мактаб ўқитувчилари ва ёш болалар ҳам пахтага мажбуран олиб чиқилгани тўғрисида маълумотларни йиққанлар. "Баъзида куч ишлатар тизимлардан қочиш учун лой далалардан ўрмалаб яширинишимизга тўғри келади", ҳикоя қилади Урлаева.

Яқинда Ўзбекистон ҳукумати кичик ёшдаги болаларни далага олиб чиқмаслик ҳақида қарор берди. Бу Урлаева каби фаолларнинг ҳаракатига эътибор ва АҚШ, Оврўпо Иттифоқи ва ўнлаб бошқа халқаро ташкилотларнинг босимлари натижаси бўлиши мумкин.

Оврўпо Иттифоқи, АҚШ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг инсон ҳақлари бўйича мониторинглари ва ҳаракатлари жуда муҳим, Ўзбекистон бу борада аввалгидек ёпиқ мамлакат бўлиб қолаётган экан, инсон ҳақларини яхшилаш борасида сезиларли натижага эришилмагунча босимлар ўтказиш, хусусан қонун бузилишига масъул амалдорларга виза чекловлари, банк ҳисобларидаги маблағларни музлатиш каби усулларни қўллаш зарур.