Ўзбекистон: қотиллар милицияга пора берган

Image caption Порахўрликда айбланган 4 зобит маҳкум этилган

Тошкентда туркум қотилликларни содир этгани учун қамоқ жазосини ўтаётган жуфтлик аввалроқ қамоқдан чиқиш учун ўзбек милициясига пора бергани ўртага чиққан.

Франс-Пресс агентлигининг пайшанба куни Ўзбекистон давлат телевидениеси намойиш этган ҳужжатли филмдан иқтибос келтиришича, милиция қотилликлардан кўп ўтмай, Наргиза Ўрозовани ҳибсга олган.

Аммо дўкондор Жамолиддин Қосимов милицияга 1500 доллар пора бериб, ўзи билан бирга яшаб келган Ўрозовани ҳибсдан олиб чиқишга муваффақ бўлган ва шундан сўнг қотилликларни давом эттирганликлари ва 20 кишини ўлдирганликлари айтилади.

Ҳужжатли филмга кўра, биринчи ҳибсга олишга алоқадор бўлган 4 нафар милиция ходимлари 13 ва 14 йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

Яна 3 нафар милиция зобити қидирувга берилган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларида порахўрлик ва қонунсизликнинг кенг тарқалгани айтилади.

Ҳуқуқ фаоллари бунга қисман милиция фаолиятини тартибга солувчи махсус қонуннинг йўқлигини сабаб қилиб келтиришади.

'Ларзага солган'

Пойтахтни ларзага солган туркум қотилликлар Ўзбекистон тарихидаги энг йирик жиноий қидирув ва тергов амалиётларига сабаб бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг маълумотларига кўра,тергов жараёнида 60 мингдан ортиқ одам сўроқ қилинган.

Аҳоли орасида ваҳима уйғотган қотилликлар ортидан мустақил нашрлар ва ижтимоий тармоқларда ўзбек милицияси шаънига танқидий фикрлар айтилган.

Милиция жиноятни очишга ёрдам берганларга пул мукофоти ваъда қилган.

Қосимов ва Ўрозова қурбонларига ўзларини кўпинча тиббий муаассаса ёки коммунал хизмат ходимлари деб таништириб, хонадонларга қаршиликсиз киришга муваффақ бўлганлар.

Улар 2009 -2013 йиллар орасида Тошкент шаҳри ва вилояти, шунингдек, Бухоро, Самарқанд,Сирдарё ҳамда Фарғона вилоятларида жаъми 186 нафар кекса аёлларга қарши қотиллик, ўғирлик ва бошқа оғир жиноятларни содир этганликда айбланганлар.

Маҳкумларга шунингдек, аввал очилмай қолган 20 та қотиллик билан боғлиқ айблов ҳам қўйилган.

Маҳкамада бу қотилликларнинг 19 тасига уларнинг вояга етмаган қизи ҳам жалб этилгани айтилган.

Бу мавзуда батафсилроқ