Меҳнат муҳожирлиги имкониятми ё-да таҳдид?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK

Би-би-сининг Интернетдаги "Ижтимоий минбар" рукнида мухлислармизни баҳсга таклиф қилиб, "Ижтимоий феноменга айланиб улгурган меҳнат муҳожирлиги Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар учун имкониятлар манбаcими ё-да салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган таҳдидми?" - деган савол билан мурожаат қилган эдик.

Муҳожирлик ҳақида "минбармизда" қолдирилган фикрларни Shoh Turkistoniy номасидан бошласак.

Унинг ёзишича, "Халқнинг чет элларда ишлаши жамиятга таҳдид эмас. Лекин баъзиларнинг режаларига халақит қиляпти. Чунки чет элни кўрган халқнинг кўзи очиляпти, фикрлаши ўзгаряпти. Демак, ундай эмас, мана бундай қилсак, биз ҳам одамдек яшарканмиз, дейишни бошлашади. Шунинг учун бечора мардикорларни элакдан ўтказишяпти, уларга чет элда консулликлар эътибор бермаяпти, ўз ҳолига ташлаб қўйиляпти. Шундай бўлса ҳам, халқ нонини топиб еяпти. Бир йилда 6 миллиард доллар бу айтишга осон. Ахир давлат бюджетининг каттагина қисми-ку. Бир йилда пахтадан қанча фойда кўряпти давлат? Кўп бўлса 1.5 миллиард доллар. Мана шу пахтага берилаётган эътибор мардикорларга берилганда, яъни чет элларда ҳақ-ҳуқуқлари давлатимиз тарафидан ҳимояланганда, заррача қадримиз бўлганда эди, Ўзбекистонда анча ижобий ўзгаришлар бўлар эди. Чунки мардикорлар ишлаган пуллари тўғри оила аъзоларига боради, пахта-чи? Пахтанинг пули эса тўғридан-тўғри Швейцариядаги ҳисоб рақамларига", дея ёзган Shoh Turkistoniy. (Унинг фикрлари баъзи таҳрирлар билан берилди - Би-би-си таҳририяти)

Баҳсимизга бу ҳафта қўшилганлардан бири Британиянинг Экзетер Университетидан Марказий Осиё бўйича мутахассис ва муҳожирлик масалаларини тадқиқ қилган Эдвард Лемондир. Унинг фикрлари Shoh Turkistoniy нуқтаи-назарига деярли тўлиқ монанд десак бўлади.

"Муҳожирлик ўзбек иқтисоди учун имконият, лекин ҳукумат бу омилни таҳдид сифатида кўради. Ишсизлик даражасининг юқорилиги ва Ўзбекистоннинг ичида иш имкониятларининг чекланганлиги туфайли Россияда меҳнат муҳожири бўлиш, кўплаб ўзбеклар учун ўз оилаларини боқиш имконини беради. Бу муҳожирларнинг уйга юбораётган пуллари ўзбек иқтисодининг 20 фоизини ташкил этиши айтилади. Ушбу миқдор қўшни Тожикистон ва Қирғизистондагидан камроқ бўлса ҳам, ҳеч кимдан ва ҳеч нарсага қарам бўлмасликкка интилувчан ўзбек иқтисоди учун муҳим молия манбасидир. Лекин Каримов ҳукумати давлат назорати остида бўлган иқтисод ҳаммани ҳам иш билан таъминлаб бера олмаётганидан уялаётгандек. Шунинг учун давлат матбуоти кўпда муҳожирларни салбий кўриниш сифатида тақдим этади. Ўтган йили Президентнинг ўзи хорижга ишлаш учун кетаётганларни "дангасалар" дея атаб, улардан жирканишини айтганди.

Муҳожирлик шунингдек жорий ҳукуматга сиёсий таҳдиддир. Ўзбекистонга қараганда, Россияда нисбатан сўз эркинлиги кўпроқ ва хориждаги мухолифат ҳам у ердаги муҳожирлар орасида қўлловга эришиш имконларини қидиради. Бу уринишлар самараси сифатида ўзбек тилида чоп этилувчи рўзномалар ва ижтимоий ҳимоя тизимларини тилга олиш мумкин. Ушбу ғоялар остида бўлиб, ватанга қайтган муҳожирларга ўзбек ҳукумати шубҳа билан қарайди. Россиядаги муҳожирлик ва Исломий радикализация орасида ҳам боғлиқлик бор. Сурия ва Ироқдаги Исломий Давлат сафларида ҳозирда юзлардан ортиқ ўзбеклар борлиги айтилади. Уларнинг аксарияти Россияда бўлган вақтлари бу ғоялар таъсирига тушишган. Уруш тажрибасини кўрган бу жангариларнинг уйга қайтиш эҳтимоллари Тошкент учун анчайин катта хавотир манбасидир" дея ёздаи Эдвард Лемон.

Rashidov Ashrafнинг фикрича, "Қачон давлат раҳбари ўзгарса, ўшанда ҳаммаси изига тушиб кетади".

Umm Yasmen-Mustafa баҳсимизни безаш учун ишлатилган, яъни ўзбекистонлик муҳожирларнинг Россия шаҳарларидан бирида қор кураётганликлари туширилган сурат ҳақида қисқа фикр қолдирган. "Бу расмга қараб жуда йиғлагим келди", - дея изоҳ қолдирган у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer