Тошкент ҳокимияти кўкаламзорлар кўпайди дейди, аммо чинорлар борасида жим

Image caption Амир Темур ҳиёбонидаги азим чинорлар 2009 йилда кесиб ташланганди

Тошкент шаҳар ҳокимиятида бўлиб ўтган матбуот анжуманида пойтахтни ободонлантириш бўйича бош бошқарманинг иши ҳақида маълумот берилган.

Анжуманда таъкидланишича, Тошкент кўчалари, истироҳат боғлари ва ҳиёбонларида жорий йил баҳорида 89000 кўчат ва уч миллиондан ортиқ гул экилган, ҳамда 1990 йил билан солиштирганда, кўкаламзорлар ҳажми 2,5 баробар кенгайган.

Бироқ, Тошкент бўйлаб кесилаётган азим чинорлар тилга олинмаган.

Тошкентликлар ижтимоий мулоқот сайтларида шаҳарнинг кўзга кўринган кўчаларида яна чинорлар кесилаётганини қоралашган.

Қатор интернет сайтларида, ҳусусан фейсбукдаги потретибель.уз саҳифасида Тошкентнинг катта кўчаларидан бири, Нукус кўчасида баҳайбат чинорлар кесиб ташланаётганидан кўплар норозилик билдиришганди.

Кўплар ғазабнок шарҳлар қолдиришган, баъзилар эса бу каби ҳолат Тошкентда узоқ вақтдан бери давом этаётгани ва елка қисиб кетишдан бошқа илож йўқлигини айтишаяпти. Нукус кўчаси ҳам Президент трассасининг бир қисми ҳисобланади.

Тошкентлик фаол Алексей Волосевичга кўра, Тошкент шаҳри маъмурияти азим чинорларни кесишдан аввал шаҳарликларни на огоҳлантиради, на улар билан маслаҳатлашади.

Дарахтлар кесилиши ким томонидан амалга оширилаётгани одатда очиқланмайди.

2009 йилда Амир Темур ҳиёбонидаги 100 йиллик чинорлар кесилишида кўплар Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасини айблашган, бироқ Би-би-си билан суҳбатлашган ходим мазкур қарорни Тошкент шаҳар ҳокимияти қабул қилгани ва қўмита билан умуман маслаҳатлашмаганини билдирди.

Матбуот анжуманида айтилишича, 2013-2014 йилларда 431,7 минг квадрат метрдан ортиқ йўллар таъмирланган. Аммо, интернетдаги форумларда тошкентликлар йўлларнинг абгор аҳволи ва улардаги чуқурлардан норози бўлиб келадилар.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002