Нега ҳукумат "дангасалар" фаолиятини тартибга солмоқчи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбек меҳнат муҳожирларининг Россияда ишга жойлашиши икки давлат ўртасида ташкиллаштирилган ҳолатда амалга оширилиши мумкин.

Бу тўғрида битим имзолашга 2015 йилдан киришилиши маълум қилинди.

Тошкентда бўлиб ўтган иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро коммиссия йиғилишида Ўзбекистон томони Россия матбуотида ўзбек муҳожирлари мавзусини бўрттирилишидан хавотир билдирди.

Россиянинг РИА Новости агентлиги тарқатган хабарга кўра, келаси йилдан бошлаб, Ўзбекистон ва Россия муҳожирларнинг ишга жойлашиш тартибини давлат органлари томонидан ташкиллаштирилган ҳолда амалга ошириш бўйича битим ишлаб чиқишга киришади.

Шу пайтгача норасмий манбааларда сони 5 миллиондан ортиши айтиладиган ўзбекистонлик муҳожирларнинг ишга жойлашиши ва уларнинг ҳуқуқи борасида расмий Тошкент томонидан бирор ҳужжат ишлаб чиқилмаган ва амалий ёрдам кўрсатилмаган.

Россиянинг Санк Петербург шаҳрида қурилишда ишлаётган Авазбек ишлаш рухсатномасини олишга 500 доллар пулини сарфлагани ва бу ҳужжатга бир ойлик пули кетганини айтади.

"Пулни ўртада ишни битириб берадиганлар олди. Кассага ўзим борадиган бўлсам, қатновим кўп бўлиб кетади. Миграция бошқармасига бориб навбатда туриб топшириш керак. Икки минг рубль қиммат бўлса ҳам воситачиларга бердим", - дейди Авазбек.

Олий маълумотли Авазбек икки давлат ўртасида имзоланадиган битим меҳнат муҳожирларининг ишга жойлашишида енгилликлар пайдо қилишига умид қилади.

Бироқ худди шу каби битимнинг Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида имзоланиши Кореяга кетувчилар ўртасида пўрохўрликнинг авж олишига олиб келгани уни ўйлантиради.

"Ўзбекистондан бу ёққа келиш қийин бўлиб қолади. Ҳамма ўз билганича келиб кетмайди. Чеклов бўлади. Тил билагн ва қўлида ҳунари бор келади. Ҳозир тил билмаган ва ҳунари йўқлар ҳам келиб ишлаяпти. Ўшанақалар йўқ бўлади," - дейди Авазбек.

"Нонимиз ўзи яримта эди"

Ҳукуматлар ўртасида муҳожирлар тўғрисида келишувнинг имзоланиши ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқда фойдаланувчилар норозилигини уйғотди.

Фикр билдирувчилар ҳукумат ушбу келишув ортидан муҳожирларнинг ишлаб топган пулига кўз олайтираётгани ҳақида ёзишади.

"Нонимиз ўзи яримта эди, энди унинг ҳам ярмини давлат олиб қўймоқчи", - деб ёзади Элмурод Йўлдошев.

Ўзбекистонлик журналист Фарҳод Ҳазратқулов меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқини ҳимоя қилишга доир келишув давлатлар ўртасида аллақачон қилиниши керак бўлган иш эканини айтади.

Унинг фикрича, бироз кеч бўлса-да, бундай келишувни ишлаб чиқишга қарор қилингани олқишга сазовор.

Бироқ битим меҳнат муҳожирларига ноқулайликлар ҳам келтириб чиқариши мумкин, дейди у.

"Бу жараён ишга тушса, Россияга кетишда бюроктратик механизмлар пайдо бўлади. Ўзбекистондан рухсат олиш керак, Россия уларга ишлаш учун рухсат бериши керак. Муҳожирлар ўзлари истаган шаҳарга эмас, балки Россия истаётган узоқ шарқ минтақаларига жўнатади. Энди ўзбек муҳожирлари Москва ёки Санк Петербург каби гигант шаҳарларга эмас олис қишлоқлар ва Сибир ўлкаларига боришга мажбур бўлади," - дейди Фарҳод Ҳазратқулов.

Россиядан ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев икки давлат ўртасида тузилажак битим меҳнат муҳожирларининг муаммосини ҳал қилиб беришига ишонмаслигини айтади.

"Ўзбекистонда шароит ярата олмаган ҳукумат, бошқа давлатга келиб тартибга соладими?! Уларнинг жиловини қўлга олишни мақсад қилгани аниқ. Халқнинг ўша Ўзбекистонда ҳуқуқи йўқ-ку, қанақа қилиб Россияда ўзбек халқининг муаммоларини ҳал қилади?! Ўзбек халқи муаммосини Ўзбекистон ичида ҳал қилиш керак," - дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ ҳимоячиси икки давлат ўртасида меҳнат муҳожирлари мавзуси кун тартибига қўйилганига Россияга ғарб давлатлари томонидан бўлаётган босим билан боғлайди.

Агар Россия Федерацияси мулозимлари меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқини ҳимоя қилишни истаса, икки давлат ўртасида битим имзолашга ҳожат йўқ. Ички қонунларни тартибга солиш етарли, дейди у.

"Бу нарса учун икки давлат ўртасида битим тузиш шарт эмас. У давлатдан келадиган меҳнат муҳожирларининг Россиянинг ичида аниқ-тиниқ қонун доирасида фаолияти, ҳуқуқлари ва унинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаши керак", - хулоса қилади Баҳром Ҳамроев.

Таъсир доираси

Икки давлат ўртасидаги коммисия йиғилишида сўзлаган Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимов Россия матбуотининг мигрантлар мавзусини бўрттириб кўрсатилиши хавотир уйғотишини билдирди.

Рустам Азимов керакли жойга керакли миқдорда меҳнат муҳожири чақиришни таклиф қилди.

Ўзбекистон ҳукумати шу вақтгача меҳнат муҳожирлари борасида ижобий фикрларни айтмаган.

Ўтган йили давлат раҳбарининг ўзи уларни "дангасалар"га тенглаштириб, кўча тозалаб юришларини "жирканчли" ҳолат эканини таъкидлаганди.

Шундан сўнг Россиядан меҳнат муҳожирларини ортга қайтариш ҳаракатлари бошланиб кетди.

Ҳозирги кунда ҳам айрим муҳожирлар Россияга чиқиш учун гербли муҳр ва бошқа ҳужжатли ишларда сунъий тўсиқларга дуч келишаётганини айтишади.

Журналист Фарҳод Ҳазратқуловга кўра, ҳукуматнинг Россиядаги меҳнат муҳожирлари сонини қисқартиришга қилаётган ҳаракати Россия бошчилигидаги Оврўосиё Иттифоқи таъсирига тушиб қолмаслик билан изоҳоланади.

"Иттифоқ тўлақонли ишлаб кетса... Ўзбекистон унга қарам бўлмаслик учун олдиндан чораларни кўриб қўймоқда. Россияда фаолият юритаётган муҳожирлар рақамини бироз бўлсада пасайтириш учун маъмурий тўсиқларни юзага келтириб уларни қайтариш тараддудига тушди, деб ўйлайман," - дейди Фарҳод Ҳазратқулов.