Ислом Каримов: 'Афғон уруши - минтақага энг катта хатар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон президенти бу ҳақда қўшни Афғонистон деярли ҳар куни исёнчиларнинг ҳужумларига саҳна бўлаётган бир манзарада жанубий Термиз шаҳрига қилган ташрифи чоғида баён қилган. Шаҳарнинг ўзини эса, Амир Темур ордени билан тақдирлаган.

Ислом Каримов жума кунги сафари чоғида энг аввало Афғонистонда 35 йилдан буён давом этаётган урушлар - Марказий Осиёга энг катта хавф-хатар эканини айтган.

Жаноб Каримов Термизда қилган нутқида ҳам яна бир бор афғон можаросини ҳарбий йўл билан ечиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, бу халқни зўравонлик билан бўйсундириб бўлмаслигига тарихнинг ўзи гувоҳдир.

"Таассуфки, бугунги кунда фақат ҳарбий кучга таяниб сиёсат олиб бораётганлар бу ҳақиқатни тушунмаяпти", - деб айтган жаноб Каримов.

Ўзбекистон президентининг таъкидлашича, афғон халқининг ўзига қўйиб берса, бу уруш ҳеч қачон бунча узоқ давом этмасди.

"Шундай экан, нима учун шунча вақтдан буён бу ерда уруш бормоқда? Бунга энг асосий сабаб - Афғонистонда урушни давом этдириш кимгадир керак. Бу урушни давом эттиришга уринаётганлар, биринчи навбатда, афғон халқининг манфаатини эмас, балки ўз манфаатини кўзлайди", - деб айтган жаноб Каримов.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, яқинда янги раҳбарият иш бошлаганига қарамай, Афғонистондаги вазият эртага қайси томонга ўзгаради, деган савол ҳамон очиқлигича, мавҳумлигича қолмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Жумҳурраис Ислом Каримовнинг айтишича, афғон можаросига якуний ечим топмай туриб, халқаро иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши минтақада тинчлик ва осойишталик ўрнатишга олиб келиши гумон.

Худди шу нуқтада вазиятнинг мураккаблигини эътироф этаркан, Ўзбекистон жумҳурраиси Афғонистон масаласида бетарафлик мавқеига содиқ қолишларини яна бир бор такрорлаган.

Ислом Каримовга кўра, ҳозир ҳам "ён қўшнилари бўлган Афғонистон давлатининг ички ишларига аралашмаслик, афғон халқи ишонч билдириб сайлаган ҳукумат билан ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва тинч-тотув бўлиб яшашни ўзларига маъқул кўришади".

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, бу - президент Ислом Каримовнинг Афғонистон ва афғон можароси юзасидан илк бор ўз хавотирларини изҳор этиши эмас.

Жаноб Каримов сўнгги йилларда каттаю кичик минбарлардан бу хусусда ошкора баёнотлар билан чиқмоқда.

Яқинда Туркманистон ва Қозоғистонга қилган сафари чоғида эса, ҳатто, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучларининг бу йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, Афғонистондаги вазият бугунги Ироқдагиси каби тус олиб кетишини ҳам башорат қилганди.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистонга бевосита чегарадош Термиз шаҳрига жума кунги ташрифи ва у ерда қилган бу каби нутқи Афғонистонда зўравонликлар кун сайин кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Президент Каримов эса, ўз нутқида, тинчлик, осойишталик ҳақида гапирганда, Ўзбекистондаги барча энг аввало ўз ишончини "жанубий чегараларида Ватаннинг содиқ посбони бўлиб турган Термиз аҳли, Сурхон воҳасининг мардларига қаратиши"ни айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NA

Янги миллий бирдамлик ҳукумати қудратга келган ўтган икки ой ичида Толибон исёнчилари бутун Афғонистон бўйлаб деярли ҳар куни камида битта ҳужум уюштиришнинг уддасидан чиқишмоқда.

Хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги манзарасида Афғонистон Толибон ҳаракати янги миллий бирдамлик ҳукуматини тан олмаслиги ва унга қарши ҳужумларини давом эттиришга ваъда берган.

Барча манфаатдор томонларнинг ўтган 13 йил ичида афғон можаросига бирор бир йўлда ечим топиш уринишлари, ҳозирча, бирор бир самара бермаган.

Янги афғон ҳукумати томонидан бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан ҳам, Афғонистонда камида икки йилгача минглаб хорижий қўшинларнинг қолишига қонунан изн берувчи муҳим хавфсизлик шартномасини имзоланишига ҳам толибларнинг муносабати кескин бўлган.

Ҳаракат бунга жавобан бутун Афғонистон бўйлаб ўз ҳужумларини кучайтиришини ошкора баён қилган.

Худди шу манзарада ҳар йил ноябр ойига келиб, келаси баҳор мавсумигача ҳужумлари тинажак Толибоннинг қиш арафасидаги бунчалик фаоллиги аллақачон таҳлилчиларнинг хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.

Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати эса, ҳозирча, афғон тупроғида жанг олиб бораётган барча қуролли гуруҳларга нисбатан бирламчи сиёсатлари сулҳу мадора бўлиши мавқеида қолаётир.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ