Ўзбекистон телеканали 'Исломий давлат' 'ёлловчиси'ни кўрсатди

Адлия тизимининг адолатли эканига ишонч бор ҳар қандай мамлакатда фақат маҳкама кимнингдир айбдорлиги исботлангани ҳақида қарор чиқарганидан кейингина уни жиноятчи деб оммага эълон қилиш мумкин.

Ўзбекистоннинг оммавий ахборот воситаларига бағишланган қонунчилигида ҳам айбсизлик презумпциясини ҳурмат қилиш лозимлиги таъкидланган, аммо давлатнинг мафкуравий тарғибот воситасига айланган матбуоти онгли равишда қонунни оёқости қилади - ҳали суд ҳукми ўқилмаган инсонни "террорчи" ёки "жиноятчига айлантириб улгуради.

Ўзбекистон қонунчилигига зид буюртма телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар, буюртма мақолалар бундан олдин ҳам кўп бора эълон қилинган.

"Ўзбекистон" телеканалининг ҳам ҳали маҳкама бир инсоннинг айби исботлангани ҳақида қарор чиқармасдан туриб, Нодир Жавлиевнинг гўёки "интервьюси"ни намойиш этиши Ўзбекистон конституцияси, қатор қонунларини бузиш ҳисобланади.

Ўзбек маҳкамаларининг гумондаги шахснинг қийноқлар остида ўзига қўйилган айблов бандларини бўйнига олишга мажбур бўлгани каби кўрсатмаларини буткул инкор қилиши, адвокат далолатномаларини инкор қилиши - алоҳида муҳокама мавзуси.

"Ўзбекистон" телеканалига таяниб бошқа оммавий ахборот воситалари 27 ёшли Нодир Жавлиевнинг асли Шаҳрисабз шаҳридан экани, Россиянинг Бошқирдистонига пул ишлаб топиш учун боргани, ундан кейин эса "Туркистон Исломий ҳаракати"нинг аъзосига айлангани, сўнгра эса "Ироқ ва Шом Исломий давлати"нинг Ироқ ва Суриядаги жанговор амалиётларида қатнашгани, Қирғизистондан Ўзбекистонга яширинча йўллар билан ўтиб, "Исломий Давлат" сафларига жангари ёллаш мақсадида бўлгани ҳақидаги "иқрорлари"ни кўпайтириб тарқатганлар.

Бу қонунга риоя қилишдан кўра, ўзларининг "терроризмга қарши кураши самараси"ни кўпчиликка етказиб қўйишни афзал кўрадиган Ўзбек махсус хизматларининг амали деб кўрилади.

Тошкентда хато араб имлосида осиб кетилган "Исломий Давлат" қора байроғи ҳам реал таҳдиддан кўра терроризм важи билан жамиятдаги назоратни яна кучайтириш истаги сифатида ҳам талқин қилинган.

Нодир Жавлиев устидан маҳкаманинг Қашқадарё вилоят маҳкамасида кечаётгани хабар қилинган.

Маҳкама ҳукмининг эълон қилиниши қачон кутилаётгани айтилаётгани йўқ.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ