HRW: "АҚШ Ўзбекистонга қарши санкциялар киритишга тайёр бўлиши керак"

АҚШ маъмурияти 1 ва 2 декабрда бўлиб ўтадиган икки-тарафлама музокараларда Ўзбекистондаги абгор инсон ҳуқуқлари масаласини кўтариши керак ва, агар зудлик билан аниқ ўзришлар қилинмаса, унга қарши қаттиққўл чоралар кўриши керак.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти “АҚШ-Ўзбекистон йиллик икки-тарафлама маслаҳатлашуви” арафасида ана шундай чақириқ билан чиққан.

Ташкилотга кўра, АҚШнинг ўта қаттиққўл муносабатигина Ўзбекистонда давом этаётган репрессияларни тўхтатишга ёрдам бериши мумкин.

“Ўзбек расмийларига аниқ айтиш керакки, уларнинг ҳукумати давом эттираётган репрессиялар жазо чораларига етаклаши мумкин”, - деди ҲРВнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида ҳар йили бўлиб ўтадиган маслаҳатлашув икки ҳукумат ўртасидаги энг юқори даражали учрашувлардан биридир.

Тошкентда бўлиб ўтадиган бу саммитга АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича муовини Ниша Бисвал ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов раисдошлик қиладилар.

ҲРВ чиқарган баёнотда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати сўз эркинлигининг ҳар қандай кўриниши, сиёсий мухолифат, мустақил матбуот, мустақил касаба уюшмалари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари, ҳамда диний эркинликни бўғишда давом этмоқда.

Гуруҳ АҚШ ҳукуматини Ўзбекистондаги абгор инсон ҳақлари аҳволига жавобгар бўлган мулозимларга қарши виза чекловлари ва банк ҳисобларининг музлатилиши каби жиддий жазо чораларини қўллашга тайёр бўлишга чақиради.

АҚШ Давлат департаменти ҳар йили чоп қиладиган ҳисоботда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари кенг кўламда бузилиши тан олинади, бироқ, ҲРВга кўра, АҚШ маъмурияти конкрет чоралар кўришдан саҳна ортида мулоқорт олиб бориш тактикасини афзал кўриб келмоқда.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002