Янги вебсайтлар Ўзбек ОАВларини сал жонлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистонда кучли назорат остида ишлайдиган оммавий ахборот воситаларида озгина кўзга ташланадиган ўзгаришлар рўй бергандай.

Бу каби ижобий ўзгаришлар янги вебсайтларнинг вужудга келиши билан изоҳланади. Улар интернет фойдаланувчилари орасида оммабоп бўлмоқда. Мазкур веб-сайтлар ўзининг услуби ва мазмуни жиҳатидан бошқалардан ажралиб туради.

Ғарб стандартлари бўйича, ушбу янги ўзбек сайтлари унчалик ошкора бўлмаслиги мумкин, лекин шундай бўлган тақдирда ҳам, улар давлат томонидан назорат қилинадиган ОАВлардан анча фарқ қилади.

Улар давлат телевидениеси ва газеталари бермайдиган хабарларни ёритиб бормоқда.

Жумладан, мазкур сайтлар собиқ СССР мамлакатларида рўй берган ижтимоий норозилик чиқишларини, вилоятлардаги электр ва энергия етишмовчиликларини, нарх-навонинг ошиши, ҳамда миграция муаммоларини кўтармоқда.

Уларнинг ёзиш услубида расмий ОАВдаги каби баландпарвоз иборалар мавжуд эмас. Улар ўқувчига тушунарли, аниқ ва қисқа хабарларни етказишга интилади. Уларнинг яна бир жиҳати шундан иборат-ки, мазкур сайтлар оммабоп ижтимоий тармоқлар билан интеграция қилинган. Бу эса смартфонлардан фойдаланадиган ёшлар учун жуда қулайдир.

Чекловлар

Баъзи масалаларда ОАВга қўйилган чекловларни айланиб ўтишга имкон топганига қарамай, ушбу сайтлар хукуматни ёки унинг сиёсатини очиқчасига танқид қилмайди. Улар одатда чет эл оммавий ахборот воситалари томонидан чоп этилган хабарларни таржима қилиш билан кифояланади.

Шундай булса-да, шунинг ўзи ҳам ўзбек тилида сўзлашувчи аҳоли учун муҳим рол уйнайди. Сабаби, бу йўл билан маҳаллий аҳоли расмий ОАВнинг эътиборидан четда қоладиган “нозик масаладаги” хабарларни ўқиш имконига эга бўлмоқда.

Сўнги йилларда очилган Анҳор.uz, uz24.uz, Кун.uz, Дарё.uz, Подробно.uz, Газета.uz ва 12news.uz сайтлари Ўзбекистон АОВ майдонида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Бироқ мазкур вебсайтларнинг асл эгаси ёки уларнинг орқасида ким турганлиги очиқланмайди.

Ўзбекистоннинг расмий ОАВ ўзининг баландпарвоз ибораларни ишлатиши ва ҳукуматпарастлиги учун танқид остига олинади. Қолаверса, расмий ОАВ аҳолига ҳақиқатдан ҳам муҳим бўлган янгиликларни ёритмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Масалан, расмий ОАВ Украина бўҳронини ёритмаган бўлса, аксинча мазкур сайтлар уни ёритиб борди. Унга алоқадор деярли барча хабарлар чет эл ОАВларидан олинган бўлса-да, бу хабарлар ўзбек тилида сўзлашувчи маҳаллий аҳоли учун Украина бўҳрони хақидаги ягона манба бўлди.

Уларнинг яна бир кўзга ташланадиган жойи шуки, улар узун ва зерикарли текстнинг ўрнига ёки “нозик масалаларда” хабар беришни ўзгача услубини қўллашади: масалан шакар ва бензин танқислиги ҳақидаги хабарларда, узун навбатлар суратини чоп этишди. Инфляция ҳақида сўз борганда, даста-даста сўмнинг расмини ёки машина олишга навбатдагиларнинг қоплаб пул кўтариб турганининг расмини илова қилишди. Уларнинг сарлавҳага ёндошиши ҳам давлат ОАВиникидан анча фарқ қилади, яъни сарлавҳалари қисқа ва аниқ.

Шундай бўлса-да, уларнинг ишлаш услуби одатда бошқа сайтларни мониторинг қилиш йўли билан олинган хабарни таржима қилишдан иборат.

Ушбу сайтларнинг кўпгина қисмида ўзларининг Фейcбук, Одноклассники.ру, ва Твиттер саҳифалари мавжуд бўлиб, маҳаллий стандартлар бўйича олиб қараганда, улар баҳслар учун анча катта платформа яратади.

Бу каби фаолликнинг оқибати нимага олиб келиши мумкин?

Ахборотга чанқоқ аҳоли шу вақтга қадар асосан кўча-кўйда эшитган гап-сўзлар билан кифояланардилар. Ёки имкони борлари мухолифат/чет эл ОАВларидан сўнги янгиликлардан хабар топарди. Энди эса, уларга маълум даражада “филтрланган хабарларни” ўқиш имкони берилди.

Буни қандай изоҳласа бўлади, балки бу келаётган парламент ва президент сайловлари олдидан қилинаётган “кўз бўямачилик”дан бошка нарса эмасдир? Ёки бўлмаса, бунинг оркасида мухолифат ё-да чет эл ОАВларини ўкигандан кўра, назорат остида бериладиган хабарларни етказиб туриш ётади?

Нима бўлган такдирда ҳам, баъзи кузатувчиларнинг фикрига кўра, ўз сайтларини ёпишга мажбур бўлган Зеркало ХХI, Новости Узбекистана Олам.uz, Мезон.uz ва Сегодня.uz сайтларнинг тақдири кутмоқда.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ