UMS мобил ширкати узун навбатлар билан ишини бошлади

1 декабрдан Россиянинг МТС ширкати билан қайта барпо этилган Universal Mobile Systems - UMS қўшма корхонаси Ўзбекистон ҳудудида мобил алоқа мижозларига тижорий хизмат кўрсатишни бошлаган.

Қўшма корхонанинг расмий веб-сайтида ширкат ҳақида маълумот, мобил алоқа ширкати таклиф этаётган хизматлар ва хизмат ҳақлари эълон қилинган.

Шунингдек, 5556677 ёки 7771771 га ўхшаган чиройли телефон рақамлари реклама ҳам қилинган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги ва вилоятлардаги UMS офислари олдида бугун эрталабдан кўп сонли одамлар йиғилгани, ур-йиқит навбатлар акс этган суратлар пайдо бўлган.

Мухбиримизга кўра, Тошкентдаги бош офисида тирбандлик кўплигидан тартибни сақлаш учун милиционерлар жалб қилингани айтилмоқда. Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, милиционерлар расмга олишга ҳаракат қилганларни ва навбатда турганларни сабабсиз ички ишлар идорасига олиб кетганлар.

Хабарларга кўра, янги алоқа хизматига дастлаб 2 миллионта рақам ажратилган. Ундан бир миллиони Тошкент шаҳрига, қолгани вилоятларга берилади.

Universal Mobile Systems ширкати мижозларига 998-97 префикси орқали боғланиш мумкин.

998-97 префикси 2012 йил ёзигача МТС-Ўзбекистон мобил алоқа операторига тегишли эди.

UMS қўшма корхонаси МТС-Ўзбекистонга тегишли бўлган антенналар ва бошқа алоқа жиҳозларидан фойдаланади.

Ўзбекистон тарихидаги илк ҳамда энг йирик мобил алоқа оператори “Ўздунробита”, кейинроқ МТС-Ўзбекистонга айланган ширкатнинг камида 9000000 мижози 2012 йил июлида бир кунда алоқадан маҳрум бўлди.

Ўзбекистон расмийлари мобил алоқа ширкатини Ўзбекистон қонунчилигини бузиб фаолият юритганликда айбладилар.

Россиянинг МТС ширкати эса Ўзбекистондаги айрим “қудратли шахсларнинг ўзларининг даромадли бизнесини тортиб олишга” уринишда айблади.

МТС ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида чиққан можарода Президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг исми тез-тез тилга олинган.

Бундан бир йил олдин, 2013 йилнинг декабрида МТС раҳбарияти Ўзбекистондаги мобил алоқа бозорига қайтишлари мумкинлиги ҳақида эълон қилдилар.

Музокаралар натижасида ўртадаги можарони тинч йўл билан ҳал этишга келишилди, 2014 йил ёзида Россиянинг МТС ширкати ва Ўзбекистон Алоқа қўмитаси иштирокида Universal mobile systems" қўшма корхонасини барпо этишга қарор қилинди.

Мобил ширкатдаги 50,01% ҳиссаларга МТС, 49,99% ҳиссаларга эса Ўзбекистон Алоқа қўмитаси эгалик қилади.

UMS шу йилнинг 1 ноябридан техник ишларини ва дилерлик идораларини очишни бошлаган эди.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ