"Ўзбек сайловларига чекланган миссия мос тушади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK

Ўзбекистонда 21 декабрда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари ва сайловолди жараённи кузатиш учун Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг кузатув миссияси Тошкентга етиб борган.

Бироқ, бу чекланган сондаги кузатувчилар гуруҳи бўлиб, улар атиги 20 киши бўлади. Ташкилот Ўзбекистонда сиёсий рақобатнинг чекланган бўлгани учун, шунга хос чекланган гуруҳни юборганини айтмоқда.

Би-би-си Ташкилотнинг демократик институтлар ва инсон ҳақлари институти матбуот воизи Рейчел Бендингдан чекланган гуруҳ йўлланишини асослаб беришни сўради.

Рейчел Бендинг: Биз Ўзбекистонга чекланган кузатувчилар миссиясини жўнатаяпмиз. 28 октябрдан 30 октябргача Ўзбекистондаги кузатув заруратини ўрганиб чиқдик ва ана шу тадқиқот асосида бу қарорга келинди. Бунга Ўзбекистондаги вазият асос бўлмоқда. Биз маҳаллий иштирокчилар билан мунозаралар асосида шу қарорга келдик ва Ўзбекистон парламент сайловларидаги рақобат "чекланган" табиатга эга бўлгани учун, ҳамда Ўзбекистонда сиёсий рақобат чекланган бўлгани учун кичик миссияни йўллашга қарор қилдик. Рақобат чекланган бўлгани учун ҳам кузатувчилар сайлов куни қандайдир муаммолар юзага келишини башорат қилишмаяпти. Мана шунинг асосида каттароқ миссия жўнатиб ўтирмаймиз деган хулосага келдик.

Би-би-си: Агар Ўзбекистонда ҳақиқий сиёсий рақобат бўлганда, сизнинг кузатувчилар миссиянингиз каттароқ бўлган бўлармиди?

Рейчел Бендинг: Бу бир қатор омилларга боғлиқ бўларди. Лекин, айнан бу сайловлар учун, чекланган миссия мос тушади деган хулосага келдик.

Би-би-си: Лекин, Ўзбекистон ҳукумати парламент сайловлари демократик тарзда ўтиши, ундан ташқари сайловолди кампаниялари демократик тамойилларга тўла бўйсунилган ҳолда ўтаётгани, сиёсий партиялар ўз дастурларини кенг кўламда тақдим қилаётгани, ҳатто вебсайтларда эълон қилаётганини айтаяпти. Яна нима керак?

Рейчел Бендинг: Мен Ўзбекистондаги тизим борасида шарҳ бера олмайман. Лекин, ҳали айтганимдек, биз Ўзбекистонда рақобат йўқ демаяпмиз, балки сиёсий рақобат чекланган деяпмиз, шунинг учун чекланган сондаги кузатувчиларни йўллаяпмиз. Ундан ташқари, бизнинг вакилларимиз Ўзбекистондаги иштирокчилар билан суҳбатлар ўтказганлар ва сайлов куни қандайдир муаммо бўлишини кутмаяптилар. Бизнинг эксперт гуруҳимиз Тошкентда иш олиб боради ва саккиз нафар узоқ муддатли сайлов кузатувчиларимиз мамлакат бўйлаб жойлаштирилиб, сайлов жараёнини кузатади.

Би-би-си: Танқидчилар фикрига қаралса, Ўзбекистонда сиёсий рақобат чекланган эмас, балки умуман йўқ. Бу сайловларда иштирок этаётган партияларнинг барчаси ҳукумат сиёсатини қўллаб қувватлайди ва мухолиф фикрга эга эмас. Бундай вазиятда кузатувчилар гуруҳини жўнатишдан нима фойда бор ўзи?

Рейчел Бендинг: Биз барча сайловларни кузатганимизда ана шу сайловлар Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг мажбуриятлари ва демократик сайлов борасидаги бошқа халқаро мезонларга нақадар бўйсунилган ҳолда амалга оширилаётганини билиш учун кузатамиз. Биз учун ҳар қандай сайловларни кузатиш ва муайян мамлакатдаги сайлов жараёнларини яхшилаш жуда муҳимдир.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002