Нега давлат матбуоти газ ва чироқ муаммоларини кўтармайди?

Ўзбекистон интернет нашрлари газ ва электр энергия муаммосини кўтара бошлаган.

Сўз эркинлиги чекланган мамлакатда бундай чиқишлар ўқувчиларнинг ҳайратига сабаб бўлган.

Мустақил нашрларни бу каби муаммоларни кўтаришга нима ундамоқда?

Ўзбекистон ҳукумати газни нима учун ўз аҳолисидан қизғонади? Хитойга эса...мазза!

Ўзбекистоннинг Anhor.uz веб нашри маҳаллий матбуот учун мисли кўрилмаган ана шу мавзуни кўтарган.

Унда Ўзбекистон ва Туркманистон сабаб Хитой давлати газ бўйича муаммога дуч келмаётгани ҳақида ёзган.

Нашр 21 декабр ўтиши мўлжалланган парламент сайловларида янги халқ вакилларини Хитойга газ сотишни кўпайтириш ўрнига, аҳолига узлуксиз етказиб беришга даъват қилган.

Сайт бош муҳаррири Лола Исломованинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистонда яшаганликлари сабаб, газ ва электр энергия муаммосини ичдан яхши биладилар.

"Интернетда "Жамоат назорати" гуруҳи бор. Ушбу сайт коммунал соҳага доир муаммоларни доимий тарзда кўтариб туради. Бу борада биз ягона эмасмиз. Бундан ташқари ижтимоий тармоқларнинг ҳам роли бор. Уларда қаерда газ ва электр муаммоси борлиги мунтазам ёритилади", дейди Лола Исломова.

Нашрга кўра, сўнгги вақтлар мамлакатнинг турли бурчакларидан газ етишмовчилигига доир арзу ҳол битилган мактублар кўпайиб бормоқда.

Сайтда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида кузатилмаган очиқлик ўқувчиларнинг ҳайратини уйғотган.

Улардан бирининг изоҳида ходимларга қарата "офисларингиз Тошкентдами ўзи?", деб сўраган.

Бироқ "Анҳор,уз"нинг муҳаррири давлат матбуотида ушбу муаммолар кўтарилмаслиги сабаблари ҳақида фикр билдира олмаслигини айтди Би-би-сига.

Бу йилги қиш Ўзбекистондаги сиёсий ҳодиса-парламент сайловларига тўғри келгани кузатувчиларнинг эътиборини тортган. Одатда муҳим сиёсий воқеалар палласида аҳолининг турмуш тарзини вақтинчалик бўлса ҳам яхшиланишига ҳаракат қилинади. Бозорларда нархлар маъмурий йўллар билан туширилиб, газ ва чироқ муаммоси бирқадар ижобий ҳал қилинади.

Жиззах вилоятидан Саида Қурбоновага кўра, бу йил олдингиларидан фарқли равишда уларнинг яшаб турган жойида газ ва чироқ бор.

У бундай ўзгаришларнинг сабаби нимада экани билмаслигини, одамлар бунга балки сайловлар ва байрамлар арафаси бўлса керак, деб турганларини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Лекин жиззахлик бошқа кишининг Би-би-сига билдиришича, вилоятнинг ҳамма жойида аҳвол бирдек эмас. "Свет ва газ муаммоси ҳар доимгидек. Мактабларда иссиқлик йўқлиги сабаб, болалар совуқ қотиб қолишяпти. Давлат томонидан сотиладиган кўмирнинг қумдан фарқи қолмаган, уйни бир хил температурада ушлаб туролмаймиз",- дейди у.

Самарқанднинг Жомбой туманидан Холиқназар Ғаниев газ муаммоси ҳар йилгидек такрорланаётганини маълум қилади. Одамларни йўқ газга қарздор қилиб ташлаган. Халқ олдида, парламент олдида ҳисобот бериш деган нарсалар йўқ, қанча газ сотилаётгани ҳақида маълумотлар ҳеч қачон маҳаллий матбуотда айтилмайди. Ҳеч ким талаб қилишга ҳаққи йўқ, одамлар қўрқади, дейди жомбойлик фуқаро.

Ўзбекистон ҳукумати Хитойга газ сотиб мўмай даромад олаётгани тайин, аммо бу даромаддан фойдаланмайдиган аҳоли узоқ йиллардан буён қиш қаҳратонида азоб чекишга мажбур бўлмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002