‘Фуқаролар мурожаати’ ‘жисмоний ва юридик шахслар мурожаати’га алмаштирилди

Ўзбекистон матбуоти Президент Ислом Каримов имзолаганидан кейин кучга кирган “Жисмоний ва юридик шахслар мурожаати тўғрисида” деб номланган қонун матнини эълон қилган.

Шу билан кучга кирган қонун ўзбекистонликларга электрон шаклда ўз мурожаатларини давлат амалдорларига етказиш ҳуқуқини бериши хабар қилинмоқда.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, “қонун жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш”га қаратилган.

Бу ҳужжат “фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини, жисмоний шахслар қонуний манфаатларини муҳофаза қилишнинг қўшимча кафолатларини таъминлаш” мақсадини кўзлаган.

Қонун бундан олдин Ўзбекистонда амал қилган “Фуқаролар мурожаатлари” ҳақидаги қонун ўрнини эгаллаши хабар қилинмоқда.

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида қабул қилинган “Фуқаролар мурожаатлари” ҳақидаги қонун энг бесамар, давлат идора ва ташкилотлари томонидан ёппасига инкор қилиниб келинадиган қонунлардан бири сифатида кўрилади.

Оддий ўзбекистонликлар ўз кундалик ҳаётларидаги муаммолар, давлат мансабдорларининг ўзбошимча бошбошдоқликларидан шикоят қилиб қонун доирасида тегишли мутасадди ташкилотларга ёзган мурожаатлари адолатли кўриб чиқилмайди.

Кўпинча қайси ташкилот устидан шикоят қилинган бўлса, аризани кўриб чиқиш топшириғи айнан ўша ташкилотнинг ўзига юборилади.

Ўз арзу-додига жавоб олган фуқаро деярли барча расмий жавобларнинг матни бир-биридан нусха кўчириб ёзилган матн эканини кўради.

Шунинг учун ҳам ҳокимлик, маҳкама ва бошқа идора-ташкилотлар биноларининг атрофи панжаралар билан ўраб олингани “терроризмга қарши кураш” баҳонасида шикоятчилардан ихоталаниб олиш истаги сифатида талқин қилинади.

Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳокимият шаффофлигини таъминлаш мақсадида экспериментлар ўтказилди.

Бу экспериментлардан чиқарилган хулосаларга таяниб Ўзбекистон парламенти ва ҳукумати бу тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам ёйиши режалангани хабар қилинган эди.

Бироқ бир йиллик эксперимент ниҳоясига етганига ҳам бир йил бўлди, қандай хулосага келингани жамоатчиликка маълум эмас.

Интернетдан фойдаланиш имкониятига эга ўзбекистонликлар яна бир эксперимент сифатида жорий этилган gov.uz веб-сайти орқали тегишли муассасаларга қилинган ўз мурожаатлари қонун доирасида ва қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилгани, муаммолари ҳал бўлганидан қониққанларини айтадилар.

Кўплаб ўзбекистонликлар ўзлари дуч келган қонунсизлик ва адолатсизликдан мамлакат раҳбарининг хабари йўқ деб ишонадилар.

Ўз шикоятларини Президент Ислом Каримовнинг Тошкентдаги қароргоҳига етказишга ҳаракат қиладилар.

Бироқ охирги йилларда Оқсарой қабулига етиш ҳам мушкул иш бўлиб қолган.

"Арзим президентга етиб борса, аҳвол яхши томонга ўзгаради", дея умид қилган фарғоналик Раҳбархон ая Одилова Ўзбекистон конституцияси қабул қилинган кун арафасида Тошкентда пикет уюштириш билан ўз муаммосига Ўзбекистон раҳбарининг эътиборини қаратмоқчи.

Сиз қандай фикрдасиз, Ўзбекистонда янги қонун "ишлайдими"?

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ