"Россияда 3 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор"

Image caption Ўзбек расмийлари Россияда қанча ўзбекистонлик муҳожир борлиги ҳақида айтмайдилар.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденевнинг podrobno.uz интернет нашрига берган интервюсида айтишича, ўтган йилнинг ўзида Россияга 3 миллион атрофида Ўзбекистон фуқароси кириб келган.

Лекин Россиядан чиқиб кетган ўзбекистонликлар сони ҳам шунга яқинроқ бўлган, яъни 2.45 миллион.

Бугун Россия Федерал миграция хизмати томонидан эълон қилинган рақамларига кўра эса, Россия ҳудудида шу кеча кундузда 2 ярим миллиондан сал кўпроқ ўзбекистонлик муҳожир бор.

Ўзбекистон расмийлари Россияда қанча ўзбекистонлик борлиги ҳақида аниқ рақамларни ҳеч қачон бермаганлар.

Россия МДҲ давлатлари орасида иқтисоди ривожланган мамлакат сифатида ҳамдўстлик давлатларидан, жумладан, Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини ҳам ўзига жалб қилувчи йирик марказ эканини айтган Владимир Тюрденев.

Ўзбекистондан бораётган меҳнат муҳожирларининг сони йилдан йилга ошиб бораётганини қайд этган.

Ўтган йилда 540 минг киши меҳнат қилиш учун рухсатнома олган, 730 мингтаси патентлик бўлган.

Ўзбекистон фуқароларининг Россияда фаол меҳнат қилаётганини Марказий Банк маълумотлари ҳам кўрсатади, ўтган йилда Россиядан Ўзбекистонга 6,6 миллиард доллар пул жўнатилган.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси икки мамлакат ўртасида муҳожирлик оқимини тартибга солиш ўзаро муносабатларда асосий йўналишлардан эканини таъкидлайди. Бу мақсадда йирик шартномавий- ҳуқуқий асос яратилгани, давлатлар ўртасида муҳожирларнинг фаолияти ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг икки давлат ўртасидаги сафарларини изга солиш, ноқонуний муҳожирликка қарши кураш келишувлари борлигини мисол келтирган.

Унинг қайд этишича, бу масалаларга муносабат томонлар ўртасида юқори даражада ташкиллаштирилган ҳамда музокаралар очиқ ва ўзаро тушуниш руҳида ўтказилади.

Россия элчисининг айтишича, ўзбекистонлик муҳожирларнинг вақтинчалик меҳнат учун тартибли гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш ҳукуматлараро лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Бу Россия Федерациясининг 2025 йилгача муддатдаги муҳожирлик сиёсати концепсияси асосида амалга оширилади. Ҳамда асосий эътибор муҳожирларнинг мослашиши ва интеграцияси учун шароит яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоялашга қаратилади, дейди у.

Жаноб Тюрденев Россияга борувчи хорижий фуқаролар, хусусан, Марказий осиёликлар мамлакат муҳожирлик қонунларига ҳар доим ҳам амал қилмасликларини айтган. Бу икки кўринишда содир бўлади, бири белгиланган муддатгача турмаслик ва хорижий фуқароларга белгилаб қўйилган меҳнат фаолиятига амал қилмаслик. Шундан мамлакатдан чиқариб юбориш, депортация ва Россияга қайта киришни ман этиш ҳолатлари келиб чиқади.

"Россияга боришни хоҳлаган Ўзбекистон фуқароларига элчихона ҳамда муҳожирлик хизмати сайтларидаги ҳуқуқий эслатмалар ёрдам бериши мумкин. Ва албатта иш излаб борадиган меҳнат муҳожирлари социал-маданий мослашишлари учун рус тилини керакли даражада билишлари керак".

Мураккаб иқтисодий, маданий масалаларга қарамасдан, муҳожирлик халқларни бир-бирини тушунишга кўмаклашадиган омиллардан бири дейди элчи жаноблари.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ