Алишер Усмонов Нобел мукофотини эгасига қайтаради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов америкалик биолог олим Жеймс Уотсоннинг Christie's кимошди савдосига қўйилган Нобел мукофотини 4,8 миллион долларга сотиб олган.

Британиянинг "Independent" газетининг ёзишича, Усмонов жаноблари бу каби медални ўзига хос йирик баҳода сотиб олиб рекорд ўрнатган.

Жаноб Усмонов мукофотни яна эгасига қайтармоқчи.

"Мен атоқли олим ўзининг хизматлари учун олган мукофотини сотишига йўл қўймаслик лозим, деб ҳисоблайман. Уотсоннинг илмий иши менинг отам вафот этган саратон касаллигига қарши тадқиқотларда муҳим ўрин тутади. Мен учун бу маблағ илмий изланишларга қаратилиши муҳим ва мукофот унга лойиқ бўлган инсоннинг ўзида қолиши керак", деган у.

Америкалик олим Нобел мукофотининг сотилишидан тушган пулни илмий изланишларга ва ўзининг ирқчилик масаласида гапирган гапи учун путур етган обрўсини тиклашга қаратишини айтганди.

Ҳозиргача ҳали бирор олим ўзига берилган Нобел мукофотини тириклигида савдога қўймаган.

Уотсон Морис Уилкинс ва Фрэнсис Криклар билан бирга 1962 йил ДНК таркибини аниқлагани учун Нобел мукофотига лойиқ кўрилган.

Тирик организм бунёд бўлиши ва унинг умумий ҳамда ўзига хос хусусиятларининг асоси бўлган ДНК таркиби Морис Уилкинс, Раймонд Гослинг ва Розалинд Франклин тадқиқ қилган маълумотлар асосида Уотсон ва Крик томонидан кашф қилинган.

Уотсоннинг ҳамкасби 2004 йилда вафот этган Фрэнсис Крикнинг Нобел медали ўтган йил кимошдида 2,2 миллион долларга сотилган.

Баҳсли танқидлар

Жаноб Уотсон 2007 йил берган интервюларидан бирида турли ирқларнинг ақлий ва жисмонан ривожланиши фарқ қилиши ҳақида айтганлари кескин танқидларга сабаб бўлади.

Ўша пайтда олим қора танли кишилар жисмонан ва жинсий жиҳатдан бақувват бўлишларини мисол келтиради.

Унинг ирқчилик сифатида қабул қилинган бу гаплари ҳам илмий доираларда ҳам матбуотда ғазабнок танқидларни уйғотади.

Яқинда Financial Times рўзномасига берган интервюсида эса олим ақлий қобилият даражасини ирқий келиб чиқишга боғлагани учун ўзини "инсонийликдан йироқ" ҳис қилганини айтади.

Уотсон ўзининг медали сотилишидан тушган пулларнинг бир қисмини хайрия қилишини, жумладан Чикаго, Кембриж ва Индиана университетларида ДНК тадқиқотлари учун беришини билдирган.

Нобел мукофотини сотиб олган асли ўзбек россиялик миллиардер Алишер Усмонов илгари ҳам кўплаб хомийлик тадбирларига бош қўшган.

Алишер Усмонов матбуот хизмати маълумотларига қараганда, миллиардернинг ширкатлари Россия ва қисман Ўзбекистондаги спорт, илм-фан, тиббиёт, маданият ишларига 700 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

Жаноб Усмонов Форбс журналининг йиллик рўйхати бўйича Россиянинг энг бадавлат одамидир.

Ижтимоий тармоқларда Алишер Усмоновнинг Нобел мукофотини сотиб олгани ва уни эгасига қайтариш фикри ижтимоий тармоқларда баҳсларни пайдо қилди.

Бир қанча фойдаланувчилар Усмонов Нобел мукофотини сотиб олгунча, ўша пулларни Россияда юрган муҳожирларга сарфласа яхши эмасми, деган фикрни билдиришган.

Бошқа бирлари шундай саҳоватли инсоннинг ўзбек эканлигидан фахрланганлар.

Шунингдек, Усмонов Ўзбекистондаги муҳожирлар муаммосига аралашиб, бошини оғритишни истамайди деб ҳисобловчилар ҳам бор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002